Олий Мажлис Қонунчилик палатасида учрашув
  • 02 Декабрь 2016

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида учрашув

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнини кузатиш учун мамлакатимизга ташриф буюрган Кувайт Ахборот вазирлиги давлат котибининг юридик масалалар бўйича ёрдамчиси Хейла Хамад ал-Мекеими билан учрашув бўлиб ўтди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси раиси И. Абдуллаев ҳамда Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси аъзоси А. Бурҳонов меҳмонга юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, демократик янгиланишлар ҳақида сўзлаб берди.

Суҳбат давомида мамлакатимизнинг икки палатали парламенти фаолияти тўғрисида маълумот берилди. Парламентимиз қуйи палатасининг қонун ижодкорлиги ва назорат-таҳлил фаолияти, шунингдек, халқаро алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган парламентлараро ҳамкорлик ривожи ҳақида тўхталиб ўтилди.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ва сайлов қонунчилигига сайлов жараёнини янада демократлаштириш ва -эркинлаштириш бўйича ўзгартиш ва қўшимчалар киритилгани, парламент ва сиёсий партиялар ўрнининг қонуний жиҳатдан -мустаҳкамлангани алоҳида таъкидланди.

Шу билан бирга, Ўзбекистонда оммавий ахборот воситаларининг жадал ривожланаётгани, фуқароларнинг ахборот ва сўз эркинлигига оид конституциявий ҳуқуқлари тўлиқ рўёбга чиқарилаётгани ҳақида атрофлича фикр алмашилди. ОАВ фаолиятининг мустаҳкам ҳуқуқий асоси яратилгани унинг тараққиётида муҳим омил бўлаётгани ҳам қайд этилди.

Мулоқот давомида меҳмон мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлашини, икки томонлама муносабатлар янада мустаҳкамланишидан манфаатдор эканини билдирди.

— Ўзбекистонда бир неча кундан сўнг бўлиб ўтадиган Президент сайловида кузатувчи сифатида иштирок этаётганимдан жуда мамнунман, — дейди Хейла Хамад ал-Мекеими. — Юртингизни Марказий Осиёдаги энг ривожланган, қадимий обидалари, осориатиқалари, тарихий шаҳарлари билан дунёга машҳур мамлакат сифатида яхши биламан. Айниқса, Самар-қанд, Бухоро каби тарихий шаҳарларингиз мени ҳар доим ҳайратлантирган. Ўзбекистондаги сайловга тайёргарлик жараёни, умуман, мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида долзарб аҳамиятга эга бўлган ушбу сиёсий тадбирни муҳим воқеа, деб ҳисоблайман. Мазкур жараёнга қизғин тайёргарлик кўрилган. Бунга куни кеча пойтахтингизда ўтказилган брифингларда қатнашиб, амин бўлдим. Тадбирлар давомида сайловда иштирок этаётган партиялар вакиллари ўз дастурлари юзасидан чиқишлар қилди. Бу бизнинг улар ҳақида янада кўпроқ маълумотга эга бўлишимизга имкон берди. Бундан аввалроқ ҳам партиялар ўртасида ўзаро баҳс-мунозаралар бўлиб ўтган экан. Албатта, бу Ўзбекистонда партиялараро соғлом рақобат муҳити мавжудлигини кўрсатади. Қолаверса, Ўзбекистонда Президент сайлови жараёнида жаҳоннинг 46 мамлакати ва қатор халқаро ташкилотлардан кузатувчилар қатнашаётгани ҳам эътиборга молик. Бу юртингиз нуфузи йилдан-йилга ошиб, тараққий этаётганидан, ахборот тизими изчил ривожланаётганидан ҳамда иқтисодий жиҳатдан юксалаётганидан, шу билан бирга, Президент сайловининг очиқ, ошкора ва демократик тамойилларга мувофиқ ўтишидан далолат беради.

Зиёда АШУРОВА.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn