Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида
  • 02 Декабрь 2016

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида

Жорий йилнинг 1 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини кузатиш мақсадида мамлакатимизга ташриф буюрган Халқаро тадқиқотлар мактаби Россия ва Марказий Осиёни ўрганиш маркази (Ҳиндистон) профессори Санжай Кумар Пандей билан учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасида барча соҳада ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқалари ўрнатилгани қайд этилди. Бу ҳамкорлик халқларимизнинг асрлар давомида шаклланган дўстлик ришталари билан узвий ривожланиб бормоқда. Стратегик шериклик муносабатларининг ўрнатилиши эса сиёсий, иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги алоқаларни изчил фаоллаштириш имконини бераяпти.  

Учрашувда Ўзбекистон ва Ҳиндистонда сиёсий, жумладан, сайлов тизимини ривожлантириш борасида олиб борилган ишлар хусусида ахборот ва фикр алмашилди, уларнинг ўзига хос жиҳатлари ҳамда асосий йўналишлари тўғрисида сўз юритилди. Меҳмонга парламент юқори палатаси фаолияти, Олий Мажлиснинг давлат ҳокимияти тизимидаги роли ва ўрнини оширишга қаратилган ислоҳотлар ҳақида маълумот берилди.

— Ўзбекистонга яна бир бор келганимдан мамнунман, — деди Санжай Кумар Пандей учрашув сўнгида журналистларга берган интервьюсида. — Мамлакатингизда 2007 ва 2014 йилларда бўлиб ўтган сайловларни кузатишда қатнашганман. Кейинги ўн йил давомида юртингизда кечаётган сиёсий жараёнларни ўрганиб келаман. Ўзбекистон мен учун қадрли маконга айланган.

Мустақиллик йилларида Ўзбекистон Биринчи Президент Ислом Каримов раҳнамолигида улкан марраларни қўлга киритди. Жуда кўп шаҳарларингизда бўлганман, улар нечоғли ўзгарганидан хабардорман. Йўллар янгиланмоқда, мактаблар қурилмоқда, таълим тизими тубдан ислоҳ қилинди. Энг муҳими, Ўзбекистонда тинчлик ва барқарорлик таъминланмоқда. Юртингиз муҳим воқеа арафасида турибди. Сайловлар Ўзбекистон тўлақонли сиёсий етукликка эришганини намойиш этиши учун яхши имкониятдир. Шунинг учун ҳам жорий йилги сайлов алоҳида қизиқишга сабаб бўлмоқда. Ўзбекистон ўз сайлов амалиётига эга. Мисол учун, овоз бериш куни сайлов участкаларида она ва бола хоналарининг ташкил қилиниши ноёб ташаббус бўлиб, Ҳиндистон учун жуда фойдали, деб ўйлайман. Сайловни кузатиш жараёнида Ўзбекистондаги сиёсий партиялар фаолияти ва уларнинг мамлакат ҳаётидаги ролини ўрганмоқчиман. Миллий парламентни ривожлантириш тажрибаси ҳам қизиқарли. Сафаримдан сўнг ҳинд матбуотида қатор материалларни эълон қилишни режалаштираяпман.

* * *

Шу куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини кузатиш учун мамлакатимизга ташриф буюрган Буюк Британия парламенти Лордлар палатасининг консерваторлар партияси аъзоси, лорд Муҳаммад Илтаф Шайх билан учрашув бўлиб ўтди. 

Учрашувда парламентлараро алоқаларни янада ривожлантириш бўйича фикр алмашилди. 2010 йилда Олий Мажлиснинг Буюк Британия парламенти билан ҳамкорлик бўйича гуруҳи тузилган. “Британия — Ўзбекистон” партиясиз парламент гуруҳи билан англашув меморандуми имзоланган. Шу асосда ташрифлар уюштирилди, парламентларнинг қонун ижодкорлиги ва назорат-таҳлил фаолиятини ривожлантириш бўйича қўшма тадбирлар ўтказилаяпти.

Меҳмон Олий Мажлис Сенати фаолияти, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови кампаниясининг бориши билан таништирилди. 

— Ўзбекистон бой тарихи ва замонавий тараққиёти билан дунё аҳлининг эътирофига сазовор бўлмоқда, — деди мулоқот пайтида Муҳаммад Илтаф Шайх. — Мамлакатда халқингиз манфаатлари йўлида кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда. Оммавий ахборот воситалари орқали Ўзбекистондаги сайлов кампаниясини кузатиб бордим. Юртингизда сиёсий партиялардан кўрсатилган номзодлар учун тенг  имкониятлар яратилган, уларнинг сайловолди дастурларини сайловчилар эътиборига етказиш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Ишончим комилки, Президент сайлови юқори ташкилий даражада ўтказилади. 

Қобил ХИДИРОВ.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn