Судлар фаолияти ва замонавий АКТ
  • 25 Ноябрь 2016

Судлар фаолияти ва замонавий АКТ

Ўзбекистон Республикаси Олий судида “Судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ва суд қарорлари ижроси самарадорлигини янада ошириш” мавзуида давра суҳбати ўтказилди. 

Унда Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Олий хўжалик суди, Бош прокуратура, Суд ижро департаменти, Адвокатлар палатаси, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, юридик таълим муассасалари, шунингдек, “Ўзбекистонда қонун устуворлиги йўлида ҳамкорлик” қўшма лойиҳаси доирасидаги халқаро ҳамкорлар — БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий ваколатхонаси ва АҚШ халқаро тараққиёт агентлиги вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Таъкидланганидек, юртимиз суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар пировард натижада инсон манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, жамиятда қонунийлик ҳамда қонун устуворлигини кафолатлаш ва бу борада суд ҳокимиятининг нуфузини янада юксалтиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда. Хусусан, истиқлол йилларида қабул қилинган қонун ҳужжатларида фуқаролар ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларига риоя этилишини таъминлаш, суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган илғор илмий-техника воситалари ҳамда ахборот-коммуникация технологияларини, ишни ташкил этишнинг замонавий шакл ва усулларини жорий этиш ҳамда суд қарорлари ижросига оид қонун ҳужжатларини такомиллаштириш вазифалари белгиланган бўлиб, бу борада салмоқли натижалар қўлга киритилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва БМТ Тараққиёт дастурининг “Ўзбекистонда қонун устуворлиги йўлида ҳамкорлик” қўшма лойиҳаси доирасида Малайзия, Жанубий Корея, АҚШ, Эстония каби давлатлар тажрибаси чуқур ўрганилиб, фуқаролик ишлари бўйича судлар фаолиятига “E-SUD” миллий электрон судлов ахборот тизими жорий этилди ва айни чоғда ундан самарали фойдаланилмоқда. Буни Тошкент шаҳри ҳамда Тошкент вилоятидаги фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судларига бугунги кунга қадар 187 мингдан ортиқ аризалар электрон шаклда келиб тушгани мисолида ҳам кўриш мумкин. 

Иштирокчилар томонидан “E-SUD” миллий электрон судлов ахборот тизими жорий этилиши натижасида судларда ишни юритиш самарадорлиги сезиларли даражада ошгани, фуқаролар, тадбиркорлик субъектлари ва бошқа мурожаат қилувчиларга судга бевосита ташриф буюрмасдан, яъни уйидан ёки иш жойидан даъво аризалари, аризалар, илтимосномалар ҳамда уларга илова қилинадиган ҳужжатларни судларга тўғридан-тўғри интернет тармоғи орқали электрон шаклда жўнатиш, суд жараёнларининг бориши ҳақида хабардор бўлиб туриш ва ҳатто, чиқарилган суд ҳужжатларини электрон шаклда қабул қилиш имконияти яратилгани, судларда ишни кўриш муддатлари қисқаргани, ортиқча қоғоз сарфига чек қўйилиб, суд ҳужжатларини тузиш ҳамда расмийлаштириш, суд статистикасига оид турли ҳисоботларни тайёрлаш жараёнлари автоматлаштирилгани алоҳида эътироф этилди.

Давра суҳбатида судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация техноло-гияларини жорий этиш самарадорлигини янада ошириш масаласи муҳокама қилинди. Шу мақсадда қўшма лойиҳа доирасида суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларининг ижро этилиши ҳамда улар устидан суд назорати олиб борилиши ҳолати экспертлар жалб қилинган ҳолда ўрганиб чиқилди ҳамда натижаси бўйича тегишли таҳлилий маълумотнома тайёрланиб, бир қатор таклифлар ишлаб чиқилди.

Муҳокама давомида судлар фаолиятига янги турдаги интерфаол суд хизматларини жорий қилиш орқали жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини ўз вақтида ҳал этиш, ортиқча сансалорликларга чек қўйиш, фаолиятнинг очиқлиги ҳамда шаффофлигини таъминлаш, суд қарорларининг ижроси самарадорлигини янада кучайтириш, электрон тартибдаги суд ишини ва ижро ишини юритишнинг замонавий механизмларини яратиш юзасидан зарур тавсиялар берилди. Шунингдек, бу борадаги ўзаро ҳамкорликни янада кучайтириш, амалиётда юзага келаётган муаммолар, йўл қўйилаётган хато ҳамда камчиликларни бартараф этишга қаратилган аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди.

 

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ, 

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn