Депутатлар мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаётига оид долзарб масалаларни муҳокама этдилар
  • 24 Ноябрь 2016

Депутатлар мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаётига оид долзарб масалаларни муҳокама этдилар

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракциялари ҳамда Ўзбекистон экологик ҳаракати депутатлар гуруҳининг йиғилишлари бўлиб ўтди. Уларда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2016 йил тўққиз ойидаги ижроси кўриб чиқилди.
Муҳокамалар жараёнида фракциялар ҳамда депутатлар гуруҳи Вазирлар Маҳкамаси томонидан тақдим этилган ҳисобот юзасидан ўз нуқтаи назарларини келишиб олдилар.

Депутатлар мамлакатимизда жорий йилнинг январида Ҳукумат мажлисида белгилаб берилган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишлари ва вазифаларининг тизимли амалга оширилиши ҳисобот даврида ҳам иқтисодиётнинг макроиқтисодий барқарорлигини таъминлаш ҳамда юқори ўсиш суръатларини сақлаш имконини берганини қайд этдилар.
Хусусан, шу йилнинг 9 ойи якунларига кўра, мамлакат ялпи ички маҳсулоти 7,8 фоиз ўсди. Шунингдек, саноат ишлаб чиқариш ҳажми 7,2 фоиз, қурилиш ишлари ҳажми 15 фоиз ҳамда хизматлар кўрсатиш ҳажмининг 12,4 фоиз ўсишига эришилди. Давлат бюджети ялпи ички маҳсулотга нисбатан 0,1 фоиз профицит билан ижро этилди.
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг Қонунчилик палатасидаги фракцияси йиғилишида амалга оширилаётган бозор ислоҳотларининг устувор йўналишлари бўлган кичик бизнеснинг ривожланишини қўллаб-қувватлаш, тадбиркорлик фаолияти эркинлигини таъминлаш, давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини қисқартириш муҳимлиги таъкидланди.
Фракция аъзолари Ҳукумат томонидан экспортни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилган ишларга алоҳида аҳамият қаратиб, ҳисобот даврида яна 835 та корхона, биринчи навбатда, кичик бизнес субъектлари экспорт фаолиятига жалб этилганини ва қўшимча 246 турдаги маҳсулот экспорти йўлга қўйилганини алоҳида эътироф этдилар.
Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси аъзолари маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар натижасида жорий йилнинг 9 ойида тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастурига киритилган корхоналар томонидан 50 дан ортиқ янги саноат маҳсулотлари тайёрлаш ўзлаштирилгани, дастур доирасида жами 4,1 трлн. сўмлик товарлар ишлаб чиқарилиб, импорт ўрнини босиш самарадорлиги 1,3 млрд. АҚШ долларини ташкил қилганини алоҳида таъкидлаб, ҳисобот ялпи йиғилиш муҳокамасига киритилишини маъқуллашди.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси аъзолари ўз дастурий мақсадлари ҳамда Сайловолди платформасида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, ҳисобот даврида мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий сиёсат изчиллиги таъминланганлигини, бу, ўз навбатида, аҳоли фаровонлиги ва турмуш даражасини оширишга хизмат қилаётганлигини алоҳида қайд этишди.
Жумладан, “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастурига асосан, оналик ҳамда болаликни муҳофаза қилиш, соғлом ва ҳар томонлама баркамол авлодни тарбиялаш тизимини янада мустаҳкамлаш бўйича республикамизда бюджет ва бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар бевосита партия электорати манфаатларига мос келиши таъкидлаб ўтилди.
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракцияси аъзолари Давлат бюджетининг шу йил 9 ойидаги ижросини дастлабки тарзда муҳокама қилиш чоғида асосий эътиборни таълим-тарбия, соғлиқни сақлаш соҳаларидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштиришга йўналтирилган Давлат бюджети маблағларининг мақсадли сарфланишига қаратдилар. Унда таълим муассасаларини сақлаш ҳамда уларни ривожлантиришга ажратилган маблағлар сарфланиши ҳолатини муҳокама қилиш асносида барча таълим муассасасининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, уларни замонавий ахборот технологиялари, электрон ўқув-таълим дастурлари ва мультимедиа маҳсулотлари билан таъминлаш бўйича кўрилаётган чоралар таҳлил қилинди.
Ўзбекистон экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар жорий йил 9 ойи давомида Давлат бюджетидан атроф-муҳитни муҳофаза қилиш учун, хусусан, атмосфера ҳавоси ҳамда сув ва ер ресурслари, ўсимлик ҳамда ҳайвонот дунёси муҳофазаси, оқова сув тозалаш иншоотларини қуриш ҳамда қайта таъмирлаш, ўрмончилик ва кўкаламзорлаштириш, биохилмахилликни ҳамда муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни сақлаш ва янгиларини барпо этиш ҳамда экологик йўналишдаги бошқа тадбирларга ажратилган маблағлар кўламини атрофлича муҳокама қилишди.
Йиғилишларда, шунингдек, Қонунчилик палатаси муҳокамасига иккинчи ўқишга киритилаётган “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги ҳамда “Маъмурий қамоқни ўташ тартиби тўғрисида”ги қонун лойиҳалари ҳам муҳокама этилди.
Тадбирлар якунида сиёсий партиялар фракциялари ҳамда Ўзбекистон экологик ҳаракати депутатлар гуруҳининг кўриб чиқилган масалалар юзасидан нуқтаи назари шакллантирилиб, Қонунчилик палатаси муҳокамасига киритиш ҳақидаги қарорлари қабул қилинди.


Зиёда АШУРОВА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn