Фракция йиғилишида 
  • 18 Ноябрь 2016

Фракция йиғилишида 

миллий ахборот маконини ривожлантириш масалалари муҳокама этилди  

Жорий йил 17 ноябрь куни Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси йиғилиши бўлиб ўтди. Уни фракция раҳбари Сарвар Отамуратов олиб борди.

Тадбирда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг Сайловолди дастурида миллий ахборот маконини янада ривожлантириш, миллий ахборот тизимлари ва ахборот ресурсларини яратишга кўмаклашиш борасида белгиланган устувор вазифалар ижросини таъминлашда партия ҳамда унинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси фаолиятини кучайтириш билан боғлиқ масалалар муҳокама этилди.

Маълумки, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси сўз ва ахборот эркинлигини таъминлаш, ахборот соҳасини ислоҳ қилиш, миллий ахборот маконини ривожлантириш ҳамда уни янада такомиллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратади.

Йиғилишда аҳоли, айниқса, қишлоқ жойлардаги фуқароларнинг юқори даражада ахборотга эга бўлишини таъминлаш, ягона миллий ахборот маконини шакллантириш орқали замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш масаласи партия Сайловолди дастурида муҳим ўрин тутиши таъкидланди.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси миллий ахборот хавфсизлигини таъминлаш вазифаларини ҳал этиш доирасида телерадиоэшиттиришлар тизимини модернизациялаш, миллий телерадио дастурларини бутун телекоммуникация маконида ва энг аввало, мамлакатимизнинг олис манзилларида ишончли тарзда қабул қиладиган ҳудудларни кенгайтиришни муҳим, деб ҳисоблайди.

Идоралараро ва идора мажмуаларининг ахборот тизимларини бирлаштирувчи миллий ахборот тизимлари ҳамда миллий ахборот ресурсларини, айниқса, интернетнинг миллий -сегментларини ривожлантириш партиянинг ахборот таъминоти соҳасида белгиланган муҳим вазифаларидан биридир.

Улар ижроси доирасида 2016 йилнинг учинчи чорагида Олий Мажлис Қонунчилик палатасида “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси ташаббуси билан Ўзбекистон ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг “Ўзбекистон Республикаси Миллий ахборот-коммуникация тизимини ривожлантириш комплекс дастурининг ижроси тўғрисида”ги ахбороти эшитуви ташкил этилди.

Ушбу эшитувнинг ўтказилиши 2013 — 2020 йилларда Ўзбекистон Республикасида Миллий ахборот-коммуникация тизимини ривожлантириш комплекс дастурининг ҳаётга татбиқ қилинишини таҳлил этиш, унга киритилган лойиҳалар ижроси самарадорлигини юксалтириш, “Парламент назорати тўғрисида”ги Қонун нормаларига мувофиқ амалга оширилаётган парламент назоратини кучайтириш ва самарадорлигини ошириш имконини берди.

Йиғилишда “Миллий тикланиш” демократик партияси Сайловолди платформаси ижросини таъминлаш борасида ахборот соҳасидаги миллий қонунчиликнинг бугунги ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилиниб, уни янада такомиллаштиришга доир қатор фикрлар айтиб ўтилди. Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги, “Ноширлик фаолияти тўғрисида”ги қонунларни, шу билан бирга, электрон давлат хизматларини кўрсатиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг давлат органлари -фаолияти тўғрисида ахборот тақдим этиш бўйича мурожаатларини кўриб чиқиш масалаларини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишни янада такомиллаштиришга оид таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Фракция йиғилиши ахборот соҳасидаги қонунчилик ҳамда бу соҳадаги муҳим давлат дастурлари ижросини таҳлил қилиш ва баҳолаш имконини берди. Амалга оширилган таҳлиллар асосида партия Сайловолди дастурида мамлакатимизда ахборот соҳасини ривожлантириш борасида белгиланган вазифаларнинг  ижросини таъминлаш бўйича партия ҳамда Қонунчилик палатасидаги фракциянинг амалий ишлари самарадорлигини янада юксалтириш ва такомиллаштириш юзасидан тавсиялар ишлаб чиқилди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn