Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси ижтимоий хизматлар сифатини ошириш тарафдори
  • 18 Ноябрь 2016

Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси ижтимоий хизматлар сифатини ошириш тарафдори

Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги депутатлари ўз фаолиятида аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш қонунчилик асосларини такомиллаштириш, кучли ижтимоий сиёсатни юритишда давлатнинг тартибга солувчи ролини мустаҳкамлаш ҳамда аҳолининг ёрдамга муҳтож қатламлари ижтимоий хизматлардан фойдаланиш имкониятини таъминлаш устидан парламент назоратини амалга оширишга алоҳида эътибор қаратади.

Жорий йилнинг 17 ноябрь куни Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциясининг кенгайтирилган мажлиси бўлиб ўтди. Уни фракция раҳбари Хатамжон Кетмонов бошқарди. 

Мажлисда Соғлиқни сақлаш ва бошқа вазирлик, идоралар, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, “Нуроний” жамғармаси, Ногиронлар жамияти, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ва бошқа жамоат ташкилотлари, Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши вакиллари иштирокида ижтимоий хизматлар сифатини юксалтириш, улардан ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларининг фойдаланиш имкониятини таъминлаш масалалари муҳокама этилди. 

Таъкидланганидек, Ўзбекистон ХДП Сайловолди дастурида ижтимоий сиёсат соҳасида ижтимоий хизматлардан фойдаланиш имкониятини, кам таъминланган аҳоли қатламлари учун тенг шароитларни таъминлаш устидан депутатлик ва жамоатчилик назоратини амалга ошириш, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг кам таъминланган фуқароларга, авваламбор, ногиронлар ҳамда ёлғиз кексаларга моддий ёрдам кўрсатиш бўйича ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш борасида қатор муҳим вазифалар белгиланган. 

Депутатлар аҳолига, айниқса, чекка қишлоқлар аҳолисига мақбул ва ўз вақтида кўрсатиладиган малакали тиббий ёрдамдан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш, қишлоқ врачлик пунктлари фаолиятини янада яхшилаш муҳимлигини алоҳида қайд этди. 

Қолаверса, ногиронларнинг ижтимоий инфратузилмадан, шу жумладан, тураржой ва ижтимоий бинолар, транспорт коммуникацияларидан тўсиқсиз фойдаланиши учун шароитларни янада яхшилаш, аҳоли пунктлари, бино ва иншоотларни уларнинг ногиронларга мослаштирилганлигини ҳисобга олиб лойиҳалаштириш зарурлигига эътибор қаратилди. 

Фракция аъзолари имтиёзли ва бепул асосда малакали тиббий-санитария ёрдами кўрсатилиши масалаларини тартибга солувчи қонунчилик ҳужжатлари ижроси устидан парламент назоратини янада кучайтириш лозимлиги тўғрисида таклифлар билдирдилар. 

Шу билан бирга, кам таъминланган оилалар аъзолари тадбиркорлик фаоллигини давлат томонидан рағбатлантириш ҳамда пенсионерлар, меҳнатга лаёқатсиз ногиронлар, ота-она қарамоғисиз қолган болалар ва аҳолининг бошқа ёрдамга муҳтож гуруҳлари ҳаётий эҳтиёжларини тўлиқ қондиришни кафолатловчи пенсия таъминоти ва ижтимоий нафақаларнинг эгилувчан тизимини шакллантириш самарадорлиги устидан назоратни кучайтириш муҳим вазифалар сифатида белгилаб олинди.

Қайд этилганидек, бундай вазифалар бажарилишини таъминлаш учун иқтисодий ривожланиш ва ижтимоий сиёсат устуворликларини танлашда давлатнинг тартибга солувчи ролини мустаҳкамлаш зарур. Бу эса амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар ижтимоий самарадорлигининг муҳим шартидир. Шу муносабат билан тиббий ва бошқа ижтимоий хизматлар сифатини юксалтириш, ушбу соҳадаги мавжуд камчиликларни бартараф қилишга қаратилган чораларни доимий тарзда кўриш мақсадга мувофиқдир. 

Мажлисда Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзолари ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли тоифалари учун ижтимоий хизматлар кўрсатиш соҳасидаги қонунчилик ижроси устидан парламент назоратини амалга ошириш бўйича ўз ёндашувини ишлаб чиқди. Бунда Ўзбекистон Республикасининг “Парламент назорати тўғрисида”ги Қонунида кўзда тутилган парламент назорати шаклларидан кенг фойдаланиш, депутатлик корпуси, ижро этувчи ҳокимият ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг мазкур соҳадаги ўзаро ҳамкорлигини кучайтиришга доир тавсияларни қабул қилди. 

Якунда фракциянинг тегишли қарори қабул қилинди.

 

Зиёда АШУРОВА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn