Фракцияда инновацион фаолиятни такомиллаштириш масалалари муҳокама этилди
  • 12 Ноябрь 2016

Фракцияда инновацион фаолиятни такомиллаштириш масалалари муҳокама этилди

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциясининг олимлар, тегишли муассасалар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида “Инновациялар ва инновацион фаолиятни такомиллаштиришнинг ҳуқуқий асослари” мавзуида кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.

Уни Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракцияси раҳбари Наримон Умаров олиб борди.

Йиғилишда инновация ва инновацион фаолият масалалари бўйича ҳуқуқий базани инвентаризация қилиш натижаларини кўриб чиқиш, “Инновация ва инновацион фаолият тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш жараёнини тезлаштириш, миллий инновация тизимининг шаклланиш жараёнини таҳлил қилиш, унинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш билан боғлиқ истиқболли вазифаларни белгилаш, инновацион фаолиятни янада жадаллаштириш йўлидаги айрим муаммолар ва уларнинг ечимини аниқлаш, инновацион лойиҳаларни молиялаштириш бўйича мавжуд механизмлар самарадорлигини баҳолаш вазифалари муҳокама этилди.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда инновацион лойиҳалар ва технологияларни амалга татбиқ этиш бўйича тизимли ишлар йўлга қўйилган. Мазкур жараёнга, айниқса, ёшларнинг кенг жалб қилинаётгани ҳамда улар ўз лойиҳалари ва ишланмалари билан фаол иштирок этаётгани диққатга сазовор.

Маълумки, Ўзбекистон “Адолат” СДП келажакда инновацияга асосланган миллий иқтисодиётни ривожлантиришга муҳим вазифа сифатида қарайди. Бинобарин, юртимизнинг илмий, илмий-техник салоҳияти иқтисодиётнинг мазкур йўналишда ривожланиши учун имкон яратади. Партия иқтисодиётни таркибий қайта қуриш, модернизация қилиш, ишлаб чиқаришни техник ва технологик қайта жиҳозлашга, шу билан бирга, иқтисодиёт энг замонавий илм-фан ва техника ютуқларига, иқтисодий жараёнларни самарали бошқариш, илғор инновацион фикрлашни тарбиялайдиган таълим тизимига таяниши лозимлигига ҳам алоҳида эътибор қаратади.  

“Адолат” СДП Сайловолди дастурида белгиланганидек, Ўзбекистоннинг келажаги — инновацион иқтисодиёт ва инновацион ривожланишда, деб ҳисоблайди. Модернизацияга асосланган янги иқтисодиёт ва янги технологиялар инсонга ҳамда ижтимоий соҳага инвестициялар киритиш вазифасини қўяди. Буларнинг барчаси фуқаролар учун қўшимча иш ўринларини яратиш, янги касб-ҳунарларни ўрганиш, корхоналарни очиш ва кенгайтириш имконини беради. Инновацион лойиҳаларнинг амалга татбиқ этилиши, пировардида иқтисодиётнинг барқарор суръатларда тараққий топиши ҳамда аҳоли фаровонлигининг ўсишини кафолатлайди.

— Тадбирда муҳокама қилинган масалалар долзарблиги билан муҳим ўрин тутади, — дейди “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Қ. Жўраев. — Инновацион илмий-техника фаолиятини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмларини такомиллаштириш, жаҳон иқтисодиётининг тобора глобаллашуви шароитида мамлакатимиз иқтисодий ривожланишининг инновацион стратегиясини шакллантириш ва интеллектуал салоҳиятини ошириб бориш, инновацияларнинг ишлаб чиқаришдаги самарадорлигини янада юксалтириш, қишлоқ хўжалигида инновацион технологияларни кенг жорий қилиш, Ўзбекистон миллий инновация тизимининг салоҳияти ва самарадорлигини баҳолаш, олий таълимда фан, таълим ва ишлаб чиқариш инновацион ҳамкорлигини мустаҳкамлаш кабилар шулар жумласидандир. Булар юртимизда миллий инновация тизимини янада равнақ топтиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир. 

Йиғилишда иштирокчилар ўз маърузаларида мамлакатимиз олимларининг юқори технологияларга асосланган илмий тадқиқотлари натижаларига тўхталиб ўтишди. Айни чоғда иссиқлик техникаси, қуёш физикаси, микроэлектроника, пахта селекцияси, уруғчилик каби кўплаб соҳаларда улар эришган салмоқли ютуқлар алоҳида қайд этилди. 

Тадбир давомида амалиётчилар, мутахассислар, олимлар ҳамда кенг жамоатчилик фикр ва мулоҳазаларини ўрганган ҳолда, Ўзбекистонда инновацион фаолиятни янада такомиллаштириш, илғор илм-фан ютуқларини иқтисодиёт тармоқларига янада кенгроқ жорий қилиш ҳамда инновациялар ва инновацион фаолият соҳасидаги миллий қонунчиликни такомиллаштириш бўйича тегишли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

 

Зиёда АШУРОВА.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn