Давлат дастури ижроси — сенаторлар муҳокамасида
  • 05 Ноябрь 2016

Давлат дастури ижроси — сенаторлар муҳокамасида

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитасининг мажлиси бўлиб ўтди. Унда қўмита аъзолари назорат-таҳлил фаолияти доирасида Соғлиқни сақлаш вазирининг “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури ижроси тўғрисидаги ахборотини тингладилар.

Парламент эшитувида Қорақалпоғистон Республикаси ва Навоий вилоятида мазкур дастурнинг қай даражада амалга оширилаётгани билан боғлиқ масалаларга алоҳида урғу берилди.   

Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва Навоий вилояти ҳокимлиги мутасадди ходимлари, шунингдек, вилоятлар ва Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бошқармалари -раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.

Даставвал қайд этилганидек, мустақилликнинг илк йиллариданоқ мамлакатимизда оналар ва болалар саломатлигини мустаҳкамлаш, ҳар томонлама етук авлодни тарбиялаш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, ушбу йўналишда комплекс чора-тадбирлар рўёбга чиқарилмоқда.  Хусусан, Конституциямизда белгиланган норма ҳамда тамойиллар -асосида оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, аҳолининг репродуктив саломатлигини асраш, энг чекка, олис манзилларда ҳам малакали тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятини яратишга доир зарур меъёрий-ҳуқуқий база шакллантирилди. Тегишли қонун ҳужжатлари, бу борадаги фармон ҳамда қарорлар, умумдавлат ва ҳудудий дастурлар ҳаётга -изчил татбиқ этилаётгани ўз самарасини бераётир. 

Сенаторларга “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастурига мувофиқ  олиб борилаётган кенг кўламли ишлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Жумладан, Тошкент шаҳрида 280 ўринга мўлжалланган ва энг замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланган 4-даражали болалар кўп тармоқли тиббиёт марказини барпо этиш саъй-ҳаракатлари давом эттирилмоқда. Қишлоқ жойларда ногирон болаларга кўрсатиладиган биринчи тиббий-санитария ёрдами ҳамда реабилитация хизматлари сифатини яхшилаш, болалар ногиронлиги кўрсаткичларини камайтириш мақсадида Самарқанд, Гулистон ва Урганчдаги болалар кўп тармоқли тиббиёт марказлари, шунингдек, Тошкент педиатрия тиббиёт институти,  Республика болалар таянч-ҳаракат тизими касалликлари реабилитацияси маркази қайта қурилди ҳамда капитал таъмирланди. Айни пайтда мазкур тиббий муассасалар замон талаблари асосида жиҳозланмоқда. 

Давлат дастури доирасида Қорақалпоғистон Республикасида иккита туман тиббиёт бирлашмаси ва 14 қишлоқ врачлик пункти, Навоий вилоятида эса 20 та қишлоқ врачлик пункти капитал таъмирланиб, замонавий тиббиёт асбоб-ускуналари билан таъминланди. Шу даврда Оролбўйи минтақаси ҳамда Навоий вилоятидаги 26 мингдан зиёд ҳомиладор аёлларга поливитаминлар тарқатилди. Соғлом оилани барпо этиш ва соғлом авлод туғилишида никоҳгача тиббий кўрикнинг ўрни ҳамда аҳамиятидан келиб чиққан ҳолда, мазкур ҳудудларда оила қураётган ёшларни тиббий кўрикка тўлиқ қамраб олишга эътибор қаратилди. Бундан ташқари, жорий йилда Қорақалпоғистон ва Навоий вилоятидаги даволаш муассасаларини ҳам жиҳозлаш ишлари олиб борилди. 

Муҳокама асносида сенаторлар “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури ҳамда бу йўналишдаги тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижроси самарадорлигини ошириш, аҳоли ўртасида тиббий маданиятни юксалтириш чора-тадбирларини янада жонлантириш, никоҳланувчи шахслар ўртасида тиббий кўрик ўтказилишини тўлиқ таъминлаш, касалликлар профилактикасини кучайтириш борасидаги мавжуд камчиликларни бартараф этишга қаратилган таклиф ва тавсияларни билдирди. 

Парламент эшитуви якунлари бўйича тегишли қарор қабул қилинди.

 

Фарида МАҲКАМОВА,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn