Ҳиндистон делегацияси учрашувлари
  • 02 Ноябрь 2016

Ҳиндистон делегацияси учрашувлари

2016 йил 1 ноябрь куни Ҳиндистон Республикаси ташқи ишлар давлат вазири Мобашар Жавад Акбар бошчилигидаги делегация Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида қабул қилинди.

Учрашувда мамлакатимиз ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Ҳиндистон раҳбариятига мамлакатимиз Биринчи Президенти вафоти муносабати билан Ўзбекистон халқига чуқур ҳамдардлик изҳор этгани ва қўллаб-қувватлагани, Ҳиндистон делегациясининг Самарқанд шаҳрига ташрифи доирасида Ислом Каримов қабрини зиёрат қилиб, унинг хотирасига ҳурмат бажо келтиргани учун миннатдорлик билдирди.
Мулоқот чоғида сиёсий-дипломатик, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ўзаро муносабатларга оид, шунингдек, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар муҳокама қилинди.
Мунтазамлик касб этган олий ва юқори даражадаги Ўзбекистон — Ҳиндистон сиёсий мулоқоти, ишбилармон доиралар вакиллари, маданият ва санъат арбобларининг учрашувлари, илм-фан ва таълим соҳасидаги алмашинувлар эришилган келишувларни амалга ошириш, давлатларимиз ва халқларимиз ўртасидаги анъанавий ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга йўналтирилган кўп қиррали муносабатларни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этаётгани қайд этилди.
Шу куни Ҳиндистон делегацияси аъзолари пойтахтимиздаги Темурийлар тарихи Давлат музейи билан танишди. Юртдошларимизнинг тарихимиз ва аждодларимиз хотирасига чексиз ҳурмати меҳмонларда катта таассурот қолдирди.
Ҳиндистонлик меҳмонлар Ҳазрати Имом (Хастимом) мажмуаси, Лаъл Баҳодир Шастри номидаги мактабда бўлди.


Севара АЛИЖОНОВА,
ЎзА мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn