Фракцияларда янги қонун лойиҳаси муҳокама этилди
  • 29 Сентябрь 2016

Фракцияларда янги қонун лойиҳаси муҳокама этилди

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида сиёсий партиялар фракциялари ҳамда Экоҳаракат депутатлар гуруҳининг йиғилишлари бўлиб ўтди.

Уларда “Кексалар, ногиронлар ва аҳолининг бошқа ижтимоий ҳожатманд тоифаларига ижтимоий хизматлар тўғрисида”ги қонун лойиҳаси кенг муҳокама этилди.

Йиғилишларда Вазирлар Маҳкамаси томонидан қонунчилик ташаббуси тартибида киритилган мазкур қонун лойиҳаси аҳолининг барча ҳожатманд тоифасининг ижтимоий хизматларга бўлган эҳтиёжларини имкон қадар қондириш, ижтимоий хизматлар кўрсатишнинг умумий талаблари ҳамда асосий йўналишларини ишлаб чиқиш, ижтимоий кўмакка муҳтож -фуқароларни аниқлаш, шунингдек, ушбу соҳада давлат ва нодавлат ташкилотлари ролини мустаҳкамлаш, ижтимоий ҳимоя тизимининг базавий тушунчаларини белгилашга қаратилгани билан аҳамиятли экани таъкидланди.

Фракциялар аъзоларининг фикрича, мамлакатимизда ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларга ижтимоий хизматлар кўрсатишнинг комплекс тизими яратилган. Айтиб ўтилганидек, ҳар йили Давлат бюджетидан 2,45 триллион сўмдан ортиқ маблағ аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга сарфланади. Ҳозирги вақтда аҳолига ижтимоий хизматлар кўрсатиш тизими Ўзбекистон Республикасининг бир қатор қонун ҳамда қонуности ҳужжатлари билан тартибга солиб келинмоқда. Шу билан бирга, миллий қонун ҳужжатларини таҳлил қилиш ижтимоий хизматлар кўрсатилишини ташкил этишга тизимли ёндашиш заруратини туғдирмоқда. Ушбу қонун лойиҳаси ана шу мақсадга қаратилгани билан эътиборга моликдир.

— Дарҳақиқат, қонун лойиҳаси айни вақтда долзарб ва ижтимоий аҳамиятга эга, — дейди Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси аъзоси Шуҳрат Турсунбоев. — Чунки аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож тоифалари манфаатларини қонуний мустаҳкамлаш, уларга хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, моддий ҳамда маънавий қўллаб-қувватлаш ва бу борадаги давлат сиёсатининг аниқ йўналишларини белгилаб олишда у ягона ҳужжат ҳисобланиб, аҳолини ижтимоий таъминлашнинг ҳуқуқий асоси бўлиб хизмат қилади. Бу эса, ўз навбатида, бизнинг сайловолди дастурий мақсадларимизга ҳам мосдир.

Муҳокама чоғида фракция аъзолари аҳолининг ҳожатманд тоифаларига хизмат кўрсатиш соҳасида давлат ҳамда нодавлат ташкилотларининг ўрни, уларнинг мазкур соҳадаги ваколатларига алоҳида эътибор қаратдилар.

— Ижтимоий хизматлар кўрсатиш мониторингини олиб бориш ва баҳолаш механизмларининг қонун лойиҳасида белгиланиши муҳим аҳамият касб этади, — дейди Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси аъзоси Дилфуза Жалилова. — Бу ижтимоий ҳимоя тизимининг жамоатчилик назорати учун очиқ бўлишини таъминлайди, фуқаролик жамияти институтларининг янада ривожланишига кўмаклашади, маҳаллалар ролини юксалтиради. Унда назарда тутилган идоралараро ҳамкорлик ҳамда ижтимоий шериклик мамлакатда ижтимоий хизматлар кўрсатувчиларнинг тўлиқ реестрини тузиш учун асос яратади.

— Қонун лойиҳасида тадбиркорлик субъектларининг ижтимоий хизматлар кўрсатиш борасидаги ваколатларига ҳам алоҳида эътибор берилгани партия сайловолди дастурига ҳамоҳанг бўлиб, айни пайтда унинг аҳоли ижтимоий ҳожатманд тоифаларини қўллаб-қувватлашдаги фаол иштирокига ҳисса қўшади, — дейди Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси аъзоси Абдурашид Абдуқодиров. — Ундаги нормалар аҳоли кенг қатламларига ижтимоий хизматлар кўрсатишни тартибга солиш баробарида, ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолатини янада яхшилашга, кўрсатилаётган ижтимоий хизматлар сифатининг ошишига, пировардида мамлакатимизда олиб борилаётган кучли ижтимоий сиёсатнинг бардавомлигини таъминлашга хизмат қилади. Тадбиркорларнинг ижтимоий хизмат соҳасидаги улуши ҳамда уларнинг мазкур жараёндаги муносабатлари партия дастурида кўзда тутилган вазифаларни янада кучайтиради.

— Яна бир эътиборли жиҳати, қонун лойиҳасида ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламлари, уларни аниқлаш мезонлари, кўрсатилиши мумкин бўлган ижтимоий хизматлар аниқ белгиланганидир, — дейди Ўзбекистон “Адолат” социал демократик партияси фракцияси аъзоси Муҳаррам Дадаходжаева. — Бу Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағларнинг мақсадли йўналтирилишини ва аниқ сарфланишини, зарур бўлганда, аҳоли тегишли гуруҳларининг эҳтиёжларига қараб, маблағлар қайта тақсимланишини таъминлайди. Лойиҳада ижтимоий хизмат шакллари, турлари киритилгани, айниқса, таълим, тиббиёт соҳасидаги хизматлар аниқ-равшан кўрсатиб берилгани эътиборга молик.

Ўзбекистон экологик ҳаракати депутатлар гуруҳи аъзолари ҳам қонун лойиҳасидаги янги тушунчалар, хизмат кўрсатишнинг асосий тамойиллари, жамоатчилик назорати бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Муҳокамалар якунида сиёсий партиялар фракциялари ҳамда Экологик ҳаракатдан сайланган депутатлар гуруҳининг ушбу қонун лойиҳасини Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида биринчи ўқишда кўриб чиқиш юзасидан таклифлари қабул қилинди.

Зиёда АШУРОВА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn