Мукаммал қонунлар — тараққиёт гарови
  • 25 Август 2016

Мукаммал қонунлар — тараққиёт гарови

Пойтахтимизда ўз ишини бошлаган Олий Мажлис Сенатининг олтинчи ялпи мажлисида мамлакатимизни демократлаштириш ва модернизациялаш борасидаги тизимли ислоҳотларни давом эттириш, фуқаролар ҳуқуқ ҳамда эркинликларини муҳофаза қилишнинг кафолатларини кучайтириш, эртамиз эгалари бўлмиш ёшларнинг жамиятда муносиб ўрин эгаллашлари учун шарт-шароитлар яратиш, хусусий мулк, тадбиркорлик ва кичик бизнесни жадал ривожлантириш, улар манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган масалалар кўриб чиқилмоқда. Мухбиримиз ушбу масалаларнинг аҳамияти хусусида сенаторларнинг фикр-мулоҳазалари билан қизиқди. 

Шоҳида АРИПОВА, Олий Мажлис Сенати аъзоси: 

— Ялпи мажлисда мустақиллик туфайли жамият ҳаётининг барча жабҳасида мислсиз ютуқлар қўлга киритилаётгани алоҳида эътироф этилди. Дарҳақиқат, истиқлолнинг илк йиллариданоқ чуқур ўйланган миллий тараққиёт стратегияси изчил амалга оширилгани шу муваффақиятларимиз, марраларимизнинг гарови бўлмоқда. Бунинг амалий исботини мамлакатимизнинг қудрати ва иқтисодий салоҳияти тобора ортиб бораётганида кўриш мумкин. Масалан, ялпи ички маҳсулотнинг ўсиш суръати охирги 11 йил давомида жаҳондаги саноқли давлатлар қаторида 8 фоиздан кам бўлмасдан келаётгани ҳам буни яққол тасдиқлайди. 

Жамият ҳаётини янгилаш ва тубдан ислоҳ қилиш жараёнида, ялпи мажлисда қайд этилганидек, парламентимиз ҳам фаол иштирок этаяпти. Олий Мажлис томонидан ўтган даврда амалга оширилган ишлар демократик ислоҳотларни ҳаётимизга  изчил жорий этиш ҳамда фуқаролик жамияти қуриш йўлида муносиб ҳисса бўлди. Мустақиллик йилларида миллий парламентимиз томонидан 16 та кодекс ва 800 дан ортиқ қонун қабул қилинганининг ўзиёқ шундан далолат бериб турибди.

Бугун юртимизда халқимиз турмуш шароитларини янада яхшилаш, иқтисодиётимизни жадал тараққий эттириш ҳамда ривожланган демократик давлатлар қаторидан муносиб ўрин эгаллаш мақсадида стратегик ислоҳотлар рўёбга чиқарилмоқда. Албатта, мазкур ўзгаришлар олдимизга янада масъулиятли вазифалар қўяди. Уларни муваффақиятли адо этиш учун, аввало, фаолиятимизга танқидий ёндашиб, ишимиздаги нуқсонларни вақтида бартараф этиш ва масъулиятни оширишимиз зарур. Айниқса, қонунлар сифатини яхшилаш, улардаги нормаларнинг ишлаши учун зарур қонуности ҳужжатларининг ўз вақтида қабул қилиниши юзасидан қатъий назорат олиб бориш бўйича тизимли чоралар кўрилиши керак.

 

Икром ҚОРАТОЕВ, Олий Мажлис Сенати аъзоси:

— Сенат ялпи мажлисида таъкидланганидек, ўтган даврда бири-бирини тўлдирадиган, изчиллик билан рўёбга чиқарилган комплекс чора-тадбирлар халқимизнинг ҳаёт тарзини тубдан яхшилаш, қишлоқларда шаҳарлардагидан қолишмайдиган шарт-шароитларни яратиш, энг муҳими, одамларимизнинг онгу тафаккурини, дунёқарашини бутунлай ўзгартириш имконини берди.    

Собиқ тузум даврида камситилган, эътибордан четда қолган қишлоқ аҳлининг қадрини, иззат-ҳурматини ўрнига қўйиш энг муҳим мезон сифатида белгиланди. Айниқса, қишлоқ жойларда 7 йилда қарийб 70 мингта намунавий лойиҳалар асосидаги уй-жойларнинг барпо этилгани улкан ижтимоий-иқтисодий, социал-маданий аҳамият касб этади.

Кенг кўламдаги шу тарихий ишларнинг бевосита иштирокчиси бўлиш, айни пайтда уларнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, қонунлар ва давлат дастурлари ижроси юзасидан парламент назоратини амалга ошириш орқали бу жараёнларда парламентнинг ҳам ҳиссаси борлиги барчамизда фахр уйғотади. Айниқса, ҳаётга татбиқ этилаётган ислоҳотлар моҳияти ҳамда уларнинг натижаларини қиёсий таҳлиллар асосида кенг оммага тушунтириш, шу тариқа дунёда ҳамда жамиятимизда кечаётган жараёнларга нисбатан нуқтаи назаримизни баён қилиб боришимиз айни муддаодир.

Дарҳақиқат, Президентимиз алоҳида қайд этганидек, парламент — бу жамият ҳаётини ойнадек яққол акс эттирадиган кўзгу. Бинобарин, жамиятда қандай интилиш, фикру қарашлар мавжуд бўлса, улар парламентдаги муҳокама ҳамда мунозараларда ўз ифодасини топиши лозим. Ана шунда парламент халқнинг хоҳиш-иродаси, эзгу мақсадларини мужассам эта олади. Шундан кейин одамлар бундай қонунчилик ҳокимиятига ишонади.

 

Энахон СИДДИҚОВА, Олий Мажлис Сенати аъзоси:

— Бугун юртимизнинг ҳар бир гўшасида байрам кайфияти ҳукмрон, бунёдкорлик, ободонлаштириш ишлари қизғин давом эттирилаяпти. Бу бежиз эмас. Чунки халқимизнинг эртанги кунга ишончи баланд, бугунидан кўнгли тўқ, турмуш сифати кундан-кун яхшиланаяпти. Буларнинг барчаси истиқлол шарофати, юртимизда рўёбга чиқарилаётган ижтимоий йўналтирилган бозор ислоҳотлари самарасидир. 

Ушбу йўналишдаги пухта ўйланган сиёсат жамиятда ижтимоий адолатни қарор топтириш, одамларни жипслаштириш, келажакка бўлган ишончни мустаҳкамлашга хизмат қилаяпти. Мисол учун, мустақиллик йилларида одамларимизнинг ўртача умр кўриш даражаси 67 ёшдан 73 ёшга, аёллар ўртасида эса 75 ёшга етди, оналар ва болалар ўлими кескин камайди. БМТ кўмагида ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра, Ўзбекистон дунёнинг энг бахтли мамлакатларидан бири сифатида эътироф этилди. 

Бу ютуқ ҳамда марраларни янада мустаҳкамлаш, ижтимоий соҳа қонунчилигини такомиллаштириш, ҳаётий дастурлар ижроси самарадорлигини оширишда ҳар бир сенаторнинг фаол иштирокини тўлиқ таъминлаш муҳим аҳамиятга эга. Бинобарин, яқинда амалиётга киритилган “Парламент назорати тўғрисида”ги Қонун талабларидан келиб чиқадиган вазифаларни тўлиқ бажариш учун ҳар биримиз, аввало, ўзимизга нисбатан талабчанликни оширишимиз лозим.

 

Зайнаб БЕРДИЕВА, Олий Мажлис Сенати аъзоси:

— “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Қонун юртимизда келажагимиз эгаларига қаратилаётган  эътиборнинг яна бир юксак намунаси бўлди. Дарҳақиқат, бугун мамлакатимизда ёшларнинг таълим олишидан тортиб касб-ҳунар эгаллаши, ишга жойлашиши, уй-жойли бўлиши — барчаси давлат эътиборида бўлиб, бунинг учун давлат органлари билан бир қаторда, нодавлат ташкилотларнинг, умуман, кенг жамоатчиликнинг саъй-ҳаракати йўналтирилган.

Биргина таълимга қаратилаётган эътибор хусусида тўхталадиган бўлсак, мамлакатимиз таълим соҳасига йўналтирилаётган йиллик харажатлар ялпи ички маҳсулотнинг 10 — 12 фоизини ташкил этаётир. Бинобарин, жаҳон тажрибасида бу кўрсаткич ўртача 3 — 5 фоизга тенг. Қувонарлиси, Ўзбекистон Давлат бюджетининг қарийб 60 фоизи ижтимоий соҳага йўналтирадиган дунёдаги саноқли давлатлар сирасига киради. Асосийси, ушбу улкан сармоя ҳисобига юртимизда ҳар йили юзлаб таълим муассасалари — мактаб, коллеж ва академик лицейлар, олий ўқув юртлари қайта таъмирланиб, замонавий моддий-техника базасига эга бўлаяпти, республикамизнинг энг узоқ қишлоқларида ҳам спорт мажмуалари қад рост-ламоқда.

Қонун ёшлар таълим-тарбияси борасидаги ишларимиз самарадорлигини ошириш, йигит-қизларимизнинг ҳеч кимдан кам бўлмаган шарт-шароитларда таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши учун қўшимча кафолатлар яратади. Уни жойларда ёшларга кенг тушунтириш, бу борада уларга берилаётган имтиёзлардан хабардор қилишда сенаторларимиз янада фаоллик кўрсатиши айни заруратдир.

 

Тоҳир БАҲРОНОВ, Олий Мажлис Сенати аъзоси: 

— Маълумки, Президентимиз Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 23 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида ички ишлар органларининг, биринчи навбатда, қонун устуворлигини таъминлаш, фуқаролар ҳуқуқ ҳамда эркинликларини ишончли муҳофаза этиш борасидаги мақоми, фаолият шакли ва усулларини аниқлаштириш, шу мақсадда алоҳида қонун қабул қилиш зарурлигини таъкидлаган эди. -Шундан келиб чиқиб, мутасадди идоралар томонидан экспертлар ҳамда кенг жамоатчилик вакилларини жалб этган ҳолда, “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги Қонун ишлаб чиқилган.

Сенаторлар қайд этганидек, Қонун ички ишлар органларининг асосий вазифалари, фаолияти йўналишлари ва принциплари ҳамда уларнинг ваколат ва мажбуриятлари, шунингдек, ушбу идораларда хизмат ўташ тартиби ҳамда шартлари, ходимларнинг ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимояси яхлит ҳужжатда мужассамлаштирилаётганлиги билан муҳим аҳамиятга эга.

Мазкур ҳужжат фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоялашга, юртдошларимизнинг, хўжалик субъектларининг мулкларини асраб-авайлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш, одамлар тинчлиги, оилалар хотиржамлигини таъминлашга хизмат қилади.

 

Қобил ХИДИРОВ 

ёзиб олди.

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn