Қонун ижроси юзасидан эшитув
  • 15 Август 2016

Қонун ижроси юзасидан эшитув

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитасининг йиғилишида “Геодезия ва картография тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ижроси юзасидан “Ергеодезкадастр” давлат қўмитаси раисининг ахбороти эшитилди.

Тадбирда мамлакатимизда мустақиллик йилларида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар натижасида ишлаб чиқариш инфратузилмасининг кенгайиши, саноат, транспорт, қурилиш, энергетика, туризм ҳамда бошқа соҳаларнинг изчил ривожи, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ва қайта ишлаш давр талаби асосида ташкил этилганлиги геодезия хизмати ҳамда картография маҳсулотларига бўлган эҳтиёжнинг тобора ошишига олиб келаётганлиги алоҳида таъкидланди.

Ўзбекистон Республикасининг “Геодезия ва картография тўғрисида”ги Қонуни ҳамда Президентимизнинг тегишли Фармон ва қарорлари, шунингдек, бир қатор қонуности ҳужжатлари геодезия ҳамда картография фаолиятидаги муносабатларни тартибга солишда мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда. Ушбу қонунчилик базаси асосида Ўзбекистон Республикасида умумжаҳон геодезия тармоғига кириш имкониятини берадиган, миллий манфаатларимизга мос янги давлат геодезик йўлдошли тармоғини яратиш йўналишида кенг кўламли чора-тадбирлар рўёбга чиқарилаяпти.

Хусусан, ҳудудларнинг мукаммал хариталарини график, рақамли, фотографик ва бош-қа шаклларда яратиш, янгилаб туриш ҳамда нашр қилиш ишлари изчил олиб борилаётир. Айни чоғда мазкур маҳсулотлардан иқтисодиёт тармоқларининг турли соҳалари талабларидан келиб чиқиб, ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва ердан фойда-ланувчилар мониторингини юритиш, ҳудудларни харитага тушириш, шаҳарсозлик, -мудофаа, геология конлари мониторингини амалга оширишда кенг фойдаланилмоқда.

Умумий географик, сиёсий-маъмурий, илмий-ахборот берадиган ҳамда бошқа -тармоқлараро аҳамиятга молик тематик хариталар ва атласлар, ўқув-картография қўлланмаларини тузиш ҳамда нашр қилиш ишлари ҳам жадал давом эттирилаяпти.

“Картография” давлат илмий-ишлаб чиқариш корхонаси томонидан ана шу йўналишда 200 дан ортиқ турда тематик хариталар ва атласлар, ўқув-картография қўлланмалари, картографик маҳсулотлар чоп этилгани бунинг ёрқин далолатидир. Шунингдек, таълим муассасалари учун атласлар ҳамда контур хариталар, Ўзбекистон Республикаси, Қорақалпоғистон Республикаси ва  вилоятларнинг умумий географик ҳамда сиёсий-маъмурий хариталари ҳам яратилди. Бундан ташқари, республикамизнинг диққатга сазовор жойлари, ёдгорликлар ва бошқа қизиқарли табиат объектлари тасвирланган туристик карталар ўзбек, рус ҳамда инглиз тилларида нашр қилинмоқда. Энг улуғ ва энг азиз байрам — мустақиллигимизнинг 25 йиллиги арафасида “Ўзбекистон Республикасининг географик атласи” давлат тилида янги таҳрирда нашрдан чиқарилди.

Шу билан бирга, соҳада геодезия ҳамда картография ишларини ўз вақтида рўйхатдан ўтказмаслик, бажарилган ишлар тўғрисидаги техник ҳисоботларни ва геодезик пунктлар ҳолати тўғрисидаги маълумотларни тақдим этмаслик ҳамда геодезик асбоб-ускуналарни метрологик кўрикдан ўтказиш нормаларини бузиш ҳолатлари учраётгани ҳам йиғилишда айтиб ўтилди.

Шунингдек, эшитув жараёнида амалдаги Қонуннинг айрим нормаларини геодезия ва картографияга оид фаолиятни ташкил этиш, бошқариш ҳамда ривожлантиришнинг замонавий талабларидан келиб чиққан ҳолда такомиллаштириш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди. Айниқса, фазовий географик ахборотлар ва навигация тизимларидан интерактив хизматлар доирасида фойдаланишга оид нормалар қонунчиликда белгилаб қўйилишига зарурат мавжуд. Топографик харита ҳамда лойиҳалар, уларнинг элементларини нашр этиш ва тарқатиш тартибларини қонун нормаларида акс эттириш ҳам мақсадга мувофиқдир.

Эшитув якунлари бўйича қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

 

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn