Демократик кучлар блоки янги қонун лойиҳаси юзасидан ўз позициясини белгилаб олди
  • 03 Август 2016

Демократик кучлар блоки янги қонун лойиҳаси юзасидан ўз позициясини белгилаб олди

Шу кунларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги партиялар фракциялари ўртасида муҳокама этилаётган қонунлар лойиҳалари юзасидан ўзаро баҳс-мунозаралар қизғин тус олмоқда.

Хусусан, парламентда кўпчиликни ташкил қилувчи Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал демократик партияси фракцияси ҳамда “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияларидан иборат Демократик кучлар блокининг йиғилишида айни пайтда қуйи палатада иккинчи ўқишга тайёрланаётган янги таҳрирдаги “Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокама этилди. Бир гуруҳ депутатлар томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида киритилган мазкур қонун лойиҳаси Қонунчилик палатаси мажлисида кўриб чиқилиб, биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан қабул қилинган эди.

Маълумки, бугунги кунда Ўзбекистон флорасини 4600 дан зиёд ўсимлик турлари ташкил этиб, 3000 дан ортиғи ёввойи ҳолда ўсувчи олий наботот намуналари ҳисобланади ҳамда улардан 9 фоизи эндемик саналади. Ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларнинг 324 таси камёб ёки йўқолиб кетиш хавфи остидаги тур сифатида Ўзбекистон Республикаси “Қизил китоби”га киритилган. Улар мамлакатимиз умуммиллий бойлигидир. Ватанимиз миллий манфаатларини ҳимоя қилиш, ушбу яшил бойликни асраш ва сақлаб қолишга ҳар томонлама кўмаклашиш шарафли бурч ҳисобланади. Шу боис “Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонунга ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳасининг муҳокамалари вақтида партиялар фракциялари ўртасида ғоялар, қарашлар, талқин ва таклифлар кураши қизғин кечмоқда.

Янги таҳрирдаги “Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасида миллий қонунчилигимизнинг ҳозирги кундаги ривожланиши ҳамда халқаро шартномаларнинг қоидаларини инобатга олган ҳолда, янги ҳуқуқий нормаларнинг киритилаётганлиги, шунингдек, ботаника ва дендрология боғларининг ҳуқуқий мақомини белгиловчи, ўсимлик дунёсини муҳофаза этиш ҳамда ундан самарали фойдаланиш чора-тадбирларини амалга оширишга жамоатчиликни кенг жалб қилиш ва фаоллигини кучайтиришга йўналтирилган нормаларнинг мустаҳкамланаётганлиги Демократик кучлар блоки аъзолари томонидан алоҳида эътироф этилди.

Йиғилишда Демократик кучлар блоки вакиллари томонидан қонун лойиҳасини такомиллаштириш юзасидан масъул қўмитага тақдим қилинган таклиф ҳамда фикр-мулоҳазалар қонун лойиҳасини маромига етказиш ва уни иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида инобатга олингани таъкидланди. Хусусан, ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ҳамда ундан оқилона фойдаланишни таъминлашда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқароларнинг фаол иштирокини таъминловчи нормалар белгилангани, ўсимлик дунёси умуммиллий бойлигимиз эканлигини инобатга олиб, дарахт ҳамда буталарни кесишга оид нормаларни янада такомиллаштириш, ўсимлик дунёси объектларидан маданий-маърифий, тарбиявий, соғломлаштириш, рекреация ва эстетик мақсадларда фойдаланиш шартлари, алоҳида тоифадаги ерларнинг ўсимлик дунёси объектларидан фойдаланиш қоидалари қайта кўриб чиқилгани айтиб ўтилди.

Шу ўринда Блок вакиллари мухолифат фракциялар аъзолари томонидан қонун лойиҳаси юзасидан билдирилган айрим таклифларга қўшилмасликларини баён этишди. Жумладан, Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси аъзоларининг ўсимлик дунёси объектлари ҳамда улардан фойдаланиш ҳажмларини давлат томонидан ҳисобга олиш, ўсимлик дунёси объектлари давлат кадастрини юритиш ишлари фақатгина Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши зарур, деган, шунингдек, мазкур қонун лойиҳасида Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг моддий-техника базасини ва табиатдан фойдаланувчилар фаолияти устидан назоратни амалга оширувчи ходимларни зарур жиҳоз ҳамда ускуналар билан таъминлашни кучайтиришни назарда тутиш, ўсимлик дунёсини муҳофаза этиш ва ундан самарали фойдаланишни рағбатлантириш масалаларига оид нормаларни чиқариб ташлаш каби таклифларини қабул қилиб бўлмаслигини таъкидлашди.

Шу билан бирга, “Адолат” социал-демократик партияси фракцияси аъзоларининг камёб ҳамда йўқолиб кетиш хавфи остида турган ёввойи ўсимлик турларини, уларнинг ҳаёт фаолияти маҳсулотларини Ўзбекистон Республикасига олиб кириш ва Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқишга рухсатномалар беришда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг хулосалари ҳам инобатга олинишини назарда тутиш лозимлиги ҳақидаги ҳамда бошқа таклифлари ўринсиз эканлиги таъкидланди. Чунки мамлакатимизда қайси соҳада бўлмасин, рухсатномалар бериш тартибини соддалаштириш ва уни ўта марказлаштиришга йўл қўймаслик сиёсати амалга оширилмоқда. Бундан ташқари, бу ишларга Фанлар академияси олимлари, яъни соҳа мутахассисларининг хулосаси асосида ваколатли орган — Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан берилган рухсатнома асосида йўл қўйилиши мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг руҳига тўла мос ҳамда муаммонинг энг мақбул ечими эканлиги қайд этилди.

Блок аъзоларининг фикрича, “Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрирда қабул қилиниши миллий қонунчилигимизни экология, табиатни муҳофаза этиш ҳамда табиатдан фойдаланиш соҳасидаги халқаро ҳуқуқ нормалари талабларига мувофиқлаштириш орқали биологик хилмахилликнинг таркибий қисми бўлган флорани, унинг генетик фондини табиий шароитларда сақлаб қолиш имконини беради. Бу эса, ўз навбатида, барча фуқароларимизнинг атроф табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш каби конституциявий мажбуриятларини тўлақонли бажаришлари учун ҳуқуқий механизмларни янада такомиллаштиришга замин яратади.

Йиғилиш якунида Демократик кучлар блокининг позицияси ишлаб чиқилди ва масъул қўмитага қонун лойиҳасини маромига етказиш бўйича тавсиялар бериш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Зиёда АШУРОВА,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn