Депутатлар ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг ахборотини эшитдилар
  • 29 Июль 2016

Депутатлар ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг ахборотини эшитдилар

Мамлакатимиз парламенти томонидан ҳукумат аъзоларининг қабул қилинган қонунлар, долзарб ижтимоий-иқтисодий дастурлар ижросига оид ҳисоботлари тизимли равишда эшитиб борилиши демократик жамиятнинг муҳим хусусияти ҳисобланади. Юртимизда парламент назоратининг мазкур шаклидан кенг фойдаланиб келинмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари сиёсий партияларнинг сайловолди дастурлари амалга оширилишини, электорат томонидан кўтарилаётган вазифаларнинг ҳал этилишини изчил таъминлаган ҳолда, парламент назорат-таҳлил фаолиятининг бутун салоҳиятидан самарали фойдаланишга ҳаракат қилишаяпти.

Парламент қуйи палатасида Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг “Ўзбекистон Республикаси Миллий ахборот-коммуникация тизимини ривожлантириш комплекс дастури амалга оширилишининг бориши тўғрисида”ги ахбороти эшитилиши ушбу йўналишдаги навбатдаги муҳим тадбир бўлди.

Қайд этилганидек, жамият ҳаётининг барча жабҳасига ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ҳамда фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг муҳим йўналишларидан бири саналади.

Давлатимиз раҳбари мамлакатимизни 2015 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисида таъкидлаганидек, айни пайтда глобал иқтисодиётда компьютер ҳамда телекоммуникация технологиялари, дастурий таъминот маҳсулотларини ишлаб чиқиш ва улар асосида кенг турдаги интерфаол хизматлар кўрсатишни ўз ичига олган ахборот-коммуникация технологиялари соҳасининг роли ҳамда аҳамияти тобора ортиб бормоқда. Ахборот-коммуникация технологияларининг ривожланиши мамлакатнинг рақобатдошлик даражасига таъсир кўрсатиши, катта ҳажмда ахборот тўплаш ва уни умумлаштириш имконини бериши, бошқаришни стратегик даражада ташкил этиш учун кенг имкониятлар яратишини унутмаслигимиз зарур.

Депутатлар ушбу масалада парламент эшитуви долзарблигини алоҳида таъкидладилар. Комплекс дастурга мувофиқ, 2013 — 2020 йилларда республикамиз телекоммуникация технологияларини, алоқа тармоқлари ҳамда инфратузилмасини ривожлантириш бўйича умумий қиймати 2,1 триллион сўмлик 17 та лойиҳа, шунингдек, “Электрон ҳукумат” тизими ахборот тизимлари ва маълумотлар базасини яратиш бўйича 28 та тадбир ҳамда лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилган. Ушбу саъй-ҳаракатлар яқин истиқболда давлат ва жамиятнинг самарали ахборот-коммуникация технологиялари инфратузилмасига бўлган эҳтиёжини қондиришга, аҳолининг “Электрон ҳукумат” тизими имкониятларидан кенг фойдаланишига хизмат қилади.

Мажлисда вазир Комплекс дастурнинг “Солиқ”, “Божхона”, “Таълим”, “Бюджет” сингари долзарб лойиҳалари ижросининг бориши ҳақида батафсил ахборот берди.

Қайд этилганидек, 2015 йил декабрь ойида Ўзбекистон Республикасининг “Электрон ҳукумат тўғрисида”ги Қонуни қабул қилиниши ушбу дастурни амалга оширишда муҳим босқични бошлаб берди. Унда ягона электрон ҳукумат тизими доирасида давлат органларининг яратилаётган ҳамда мавжуд ахборот тизимлари ва маълумотлар базаси комплекси инфратузилмаси ҳамда интеграциялашувига оид талаблар белгилаб қўйилган.

Эшитувда айтиб ўтилганидек, Комплекс дастурнинг амалга оширилиши ахборот товарлари ҳамда хизматлари соҳасида миллий ишлаб чиқарувчиларнинг ривожланишига асос солиб, маҳаллий ахборот технологиялари мутахассислари касбий малакасини оширишга туртки беради. Ҳаётга татбиқ этилаётган лойиҳалар фуқаролар турмуш даражасини, уларга давлат идораларида хизмат кўрсатиш самарадорлигини юксалтиришга, электрон давлат хизматларидан фойдаланишда вақт ва маблағни тежаб қолишга замин яратади.

Депутатлар миллий телекоммуникация тармоғини ривожлантириш, давлат органлари фаолиятига ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий қилиш, “Электрон ҳукумат” тизими инфратузилмасини такомиллаштириш борасида эришилган натижалар билан бир қаторда, Комплекс дастурда белгиланган айрим вазифаларнинг самарали ижро этилмаётгани ҳолатларига эътибор қаратишди. Парламент аъзоларининг фикрича, аҳолининг компьютер саводхонлигини юксалтириш, фуқароларнинг электрон давлат хизматларидан фойдаланиш бўйича хабардорлигини ошириш юзасидан ахборот-тушунтириш ишларини тубдан яхшилаш давр талабидир. Дастурда кўзда тутилган лойиҳаларнинг ўз вақтида якунланишига доир ҳолатлар ҳам танқидий таҳлил қилиб чиқилди.

Эшитувда фуқаролардан келиб тушган мурожаатлар асосида депутатлар томонидан кўтарилган масалалар ҳам муҳокама этилди. Депутатлар ўз партияларининг сайловолди дастурлари устувор йўналишларидан келиб чиқиб, давлат органлари раҳбарлари иштирокида фуқароларнинг ахборот ҳуқуқи, уларнинг қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлашга оид вазифалар юзасидан самарали ва амалий баҳс-мунозараларни ташкил этишди.

Парламент эшитуви ўтказилиши “Электрон ҳукумат тўғрисида”ги Қонуннинг кучга кириши ҳамда Комплекс дастурда белгиланган вазифалар ижроси билан боғлиқ тегишли қонуности норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ҳамда қабул қилиш жадвалини ва миллий ахборот соҳаси қонунчилиги ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиётини янада такомиллаштириш мақсадида долзарб чора-тадбирлар рўйхатини ишлаб чиқиш имконини берди.

Қобил ХИДИРОВ.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn