Депутатларнинг кенг жамоатчилик вакиллари билан учрашувлари қизғин ва самарали ўтмоқда
  • 28 Июль 2016

Депутатларнинг кенг жамоатчилик вакиллари билан учрашувлари қизғин ва самарали ўтмоқда

Аввал хабар қилинганидек, шу кунларда мамлакатимиз ҳудудларида Ўзбекистон -Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатларининг энг улуғ, энг азиз айём — мустақиллигимизнинг 25 йиллиги олдидан кенг жамоатчилик вакиллари билан учрашувлари давом этмоқда.

Чунончи, Жиззах шаҳрида ўтказилган мулоқотда мамлакатимизда истиқлол йилларида жамият ҳаётининг барча жабҳасини янгилаш, ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамияти барпо қилиш мақсадида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилгани таъкидланди.
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда талаба-ёшлар қатнашган учрашувда миллий қадриятларимиз ўчоғи бўлмиш маҳалла институтининг ролини юксалтириш, нодавлат нотижорат ташкилотларини ривожлантириш, жамоатчилик назоратини чуқур қарор топтиришга қаратилган аниқ чоралар рўёбга чиқарилаётгани кўрсатиб ўтилди.
Дарҳақиқат, демократик тамойилларга асосланган фуқаролик жамиятини кенг жамоатчиликнинг иштироки ҳамда назоратисиз шакллантириб бўлмайди.
Шу мақсадда 2014 йили Конституциямизнинг айрим моддаларига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга мувофиқ, жамоатчилик назоратига конституциявий мақомнинг берилиши айни йўналишдаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқди. Бинобарин, жамоатчилик назорати давлат ҳокимияти ҳамда бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини, шаффофлигини, жойларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини рўёбга чиқаришда қонунчилик талабларига риоя этилишини, қисқача айтганда, фуқаролар манфаатини кафолатлашнинг муҳим омили ҳисобланади.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда демократик институтларнинг жадал ривожланиб бораётгани жамоатчилик назорати механизми самарали ишлашига замин яратаётир.
Депутатлар жамоатчилик назорати институти самарадорлигини оширишда ўзини ўзи бошқаришнинг ноёб тизими саналган маҳалла улкан салоҳият ва имкониятга эга эканини ҳамда унинг бу борадаги фаолияти йилдан-йилга такомиллашиб бораётганини алоҳида эътироф этдилар. Шу билан бирга, жорий йилнинг май — июнь ойларида бўлиб ўтган фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайлови ҳам ушбу институт нуфузи янада ошиб, аҳолининг ижтимоий-сиёсий фаоллиги тобора юксалаётганини кўр-сатди.
Учрашувда янги сайланган фуқаролар йиғинлари раислари ҳамда уларнинг маслаҳатчилари билим ва кўникмаларини ошириш, жамоатчилик назорати асосида ҳудудлардаги қонун ҳужжатлари ижросини ўрганиш соҳасида ечимини кутаётган долзарб масалалар юзасидан ўзаро фикр алмашилди.

* * *
Қашқадарё вилояти «Ёшлар маркази»да маҳаллалар фаоллари, хотин-қизлар қўмитаси аъзолари, таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда навқирон авлод вакиллари иштирокида ташкил этилган учрашувда мустақиллик ва ёшларга оид давлат сиёсатининг ҳуқуқий асосларига алоҳида тўхталиб ўтилди.
Депутатлар амалий мулоқот чоғида юртимизда йигит-қизларнинг пухта билим эгаллашлари ҳамда интеллектуал салоҳиятларини рўёбга чиқаришлари учун барча ташкилий, ҳуқуқий шарт-шароит яратилганига урғу бериб, давлатимиз раҳбарининг 2014 йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, фаоллигини ошириш, ижодий салоҳиятини юзага чиқариш, бандлигини таъминлашда муҳим дастуриламал эканини қайд этишди.
Учрашувда ёшлар Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма беш йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорида эртанги кунимизнинг таянчи ҳамда суянчи бўлмиш йигит-қизларнинг янгича, мустақил фикрлайдиган, замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаган, шу юртнинг ҳақиқий эгаси, Ватанимизнинг тақдири ҳамда келажаги учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир инсонлар бўлиб вояга етаётгани алоҳида таъкидланганидан фахрланганини айтиб ўтишди. Эътиборлиси, бугун ёшларнинг эртанги кунга ишончи баланд экани уларнинг юрт тақдирига дахлдорлик туйғусида, амалга ошираётган бунёдкорлик ишларида янада яққол намоён бўлмоқда.
Шак-шубҳасиз, мамлакатимиз ёшларининг жаҳон андозалари талаблари асосида билим олишларини кафолатлайдиган “Таълим тўғрисида”ги Қонун ва Кадрлар тайёрлаш миллий дастурининг қабул қилингани ҳам келажагимиз эгаларига бўлган ғамхўрликнинг ёрқин намунасидир.
Ўзаро мулоқотда депутатлар “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури ижроси доирасида ёшларга оид давлат сиёсатининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида ҳам маълумот беришди.


Зиёда АШУРОВА,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn