Молиявий бошқарув такомили аҳоли фаровонлигига хизмат қилади
  • 28 Июль 2016

Молиявий бошқарув такомили аҳоли фаровонлигига хизмат қилади

Халқимиз Ватанимиз шонли тарихидаги буюк ва ўчмас воқеа — мустақиллигимизнинг 25 йиллигини нишонлаш арафасида турибди. Мана шундай шукуҳли кунларда ҳар биримиз босиб ўтган йўлимизни, амалга оширган ишларимизни холисона сарҳисоб қилиб, бугунги ютуқларга қандай эришганимизни яна бир карра кўз ўнгимиздан ўтказишимиз табиийдир.

Кўпчилик, айниқса, катта ёшдагилар мустабид тузумнинг сўнгги йилларида юз берган молиявий-иқтисодий инқирозга гувоҳ бўлган. Қайси соҳа бўлмасин — барчаси ҳалокат ёқасига бориб қолган эди. Мисол учун, биргина бюджет даромадлари ҳамда харажатлари ўртасидаги номутаносиблик оқибатида давлат бюджетининг тақчиллиги ўша кезларда 60 — 65 фоизни ташкил этар, жон бошига ҳисоблаганда, 9 миллион нафар киши ёки республика аҳолиси 45 фоизининг олаётган даромади кун кечириш учун зарур бўлган энг паст даражага ҳам етмас эди.
Собиқ иттифоқ даврида юртдошларимиз яқин келажакда халқимизнинг моддий фаровонлиги муттасил ошиб, ёшларга, пенсионерларга кўрсатилаётган бугунги юксак ғамхўрлик ҳақида умуман тасаввур ҳам қила олмас, дориламон кунларга эришамиз, деган гапларга ишонгиси келмасди.
Истиқлол шарофати билан орзуларимиз ушалди. Ўтган даврда иқтисодиётимиз қарийб
6 карра ўсди, аҳоли жон бошига тўғри келадиган реал даромадлар 12 баравардан зиёд ошди, халқ истеъмол товарлари ҳажми эса 7 баравар кўпайди.
Мустақиллигимизнинг дастлабки йилларидаёқ давлатимиз раҳбари томонидан мустабид тузумдан мерос бўлиб қолган чигал, оғир ва бири-биридан мураккаб муаммоларнинг тизимли ечими илгари сурилди. Яъни мамлакатимизда машҳур беш тамойилга асосланган ижтимоий йўналтирилган эркин бозор иқтисодиётига ўтиш модели ҳаётга изчил татбиқ этилди. Айни вақтда мустақил молия, банк, солиқ тизимига асос солинди ҳамда Ўзбекистон жаҳон молия-кредит сиёсатини юритувчи нуфузли халқаро ташкилотлар сафига тенг ҳуқуқли аъзо сифатида қабул қилинди.
Маълумки, ҳамон молиявий-иқтисодий инқироз оқибатида дунёнинг кўп мамлакатларида иқтисодий ўсишнинг пасайиши кузатилмоқда. Бу таназзулнинг Ўзбекистон учун таъсирини камайтиришга, иқтисодиётимиз пасайишининг олдини олишга биз ниманинг ҳисобидан ва қандай қилиб эришмоқдамиз, деган савол туғилиши табиий. Президентимиз қайд этганидек, бугун биз эришаётган ютуқ ҳамда марраларнинг асосий сабабини, аввало, ўзгаларга ўхшаб, бир кунлик мақсад ва манфаатни кўзламасдан, аксинча, узоқни кўзлаб, мамлакатимиз ҳамда халқимиз тақдирини атрофлича ва чуқур ўйлаган ҳолда қабул қилинган сиёсий қарорлар ҳамда шу асосда қатъият билан амалга оширилаётган дастурларимизда кўриш зарур.
Мамлакатимизда юқорида келтирилган салбий ҳолатларнинг имкон даражасида енгил ўтишида, авваламбор, қонун устуворлигини таъминлаш тамойилининг ҳаётга изчил -татбиқ этилиши, хусусан, молиявий бошқарув тизимида мустаҳкам ҳуқуқий база яратилиши ҳам муҳим роль ўйнади. Ўзбекистон Республикасининг Бюджет кодекси ва янги таҳрирдаги Солиқ кодексининг қабул қилиниши, айниқса, бу борада катта аҳамиятга эга бўлди. Ушбу ҳужжатлар солиқ-бюджет жараёнини тартибга солувчи, амалдаги қарама-қарши ҳамда эскирган меъёрларни бартараф қилувчи, амалда ўзини оқлаган меъёрлар ва низомларни бирлаштирувчи ҳамда солиқ-бюджет сиёсатининг устувор йўналишларини тартибга солувчи ягона ва тўғридан-тўғри ишловчи қонун ҳужжатлари бўлди. Бугунги кунда юртимизда давлат молиясини бошқариш борасида қабул қилинган ана шу ҳамда бошқа халқаро андозаларга мос қонунларимиз ўз самарасини бермоқда.
Шуни айтиш керакки, солиқ-бюджет сиёсатини амалга оширишда, авваламбор, аҳоли реал даромадини юксалтириш ва бюджет харажатларининг ижтимоий йўналтирилганлигини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Ўн беш йил аввал Давлат бюджети умумий харажатларида ижтимоий соҳага ажратилган маблағлар 45 фоизни ташкил этган бўлса, бугун мазкур харажатлар қарийб 60 фоизга тенг. Бу, ўз навбатида, мамлакатимизда ижтимоий соҳага бўлган эътиборнинг нечоғли устувор эканидан далолат беради.
Мустақилликнинг илк йилларидан солиқ-бюджет сиёсатини юритишда солиқ ставкаларини пасайтириб бориш ҳамда аҳолининг реал даромадларини ошириш, уларни унификациялаш ва солиқ солиш базасини кенгайтириш асосида солиқ тушумларини ошириб бориш, иқтисодиётга солиқ юкини камайтириш орқали барқарор иқтисодий ривожланишни таъминлашга устувор урғу қаратилди. Масалан, биргина даромад солиғи ўша пайтлардаги 40 фоиздан бугун 7,5 фоизгача пасайтирилди. Айни пайтда даромад солиғи ривожланган мамлакатларда 25 — 40 фоизни ташкил қилишини эслатиб ўтиш ўринлидир. Сўнгги йилларда кичик корхоналар ҳамда микрофирмалар учун ягона солиқ тўлови 3 баравар камайтирилиб, бугун у 5 фоизни ташкил этмоқда.
Бундай ёндашув, аввало, аҳоли даромадлари кўпайишига ва бизнес фаолияти самарадорлигини кучайтиришга, айниқса, корхоналарда ишлаб чиқаришни диверсификация ҳамда модернизация қилишга, шунингдек, ходимларни қўшимча рағбатлантиришга кенг имкониятлар яратмоқда.
Бугун мамлакатимизда молиявий-иқтисодий, бюджет, банк-кредит тизимлари, иқтисодиётнинг реал сектори корхоналари ва тармоқларининг барқарор ҳамда узлуксиз ишлашини таъминлаш учун етарли даражада мустаҳкам захиралар яратилганлигини ҳамда зарур ресурслар базаси барпо этилганлигини таъкидлаш жоиз.
Макроиқтисодий барқарорликка эришиш ҳисобига бюджет даромад ва харажатлари мутаносиблашди. Кейинги йилларда Давлат бюджетининг тизимли равишда профицит билан ижро қилинаётгани ҳам бунинг яққол далилидир. Мамлакатимизнинг бош молиявий ҳужжати — Давлат бюджети ҳар йили Олий Мажлис томонидан кўриб чиқилмоқда ҳамда унинг ижроси юзасидан самарали парламент назорати ўрнатилган.
Йигирма беш йиллик тараққиёт йўлини босиб ўтган, ҳар томонлама кучга тўлиб, чирой очиб бораётган Ватанимиз қиёфасида дунёни ҳайратга соладиган, ҳар бири ўн, юз йилларга арзийдиган ўзгаришу янгиланишлар ҳар биримизга ғурур ва ифтихор бағишламоқда. Бу сайловчилар билан учрашувларда электоратимиз томонидан бот-бот тилга олинаяпти. Бинобарин, халқимиз мустақилликнинг ҳақиқий баҳосини, моҳияти ҳамда аҳамиятини, унинг нақадар азиз, тотли ва қадрли эканини чуқур тушуниб етмоқда.


Абдурашид ТЎХТАБОЕВ,
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси депутати.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn