Дахлдорлик туйғуси депутатлар томонидан ўтказилаётган тадбирларнинг асосий мавзуси бўлмоқда
  • 27 Июль 2016

Дахлдорлик туйғуси депутатлар томонидан ўтказилаётган тадбирларнинг асосий мавзуси бўлмоқда

Шу кунларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси қўмиталари томонидан мамлакатимиз мустақиллигининг 25 йиллиги олдидан “Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!” шиори остида қатор илмий-амалий семинарлар, давра суҳбатлари ҳамда ёшлар билан учрашувлар ўтказилмоқда.

Истиқлол йилларида эришилган ютуқлар, барча соҳада олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларга бағишланган мазкур тадбирларда аҳоли фаровонлигини мустаҳкамлаш йўлида қабул қилинаётган қонунлар ва парламентнинг мазкур сиёсий жараёндаги иштироки каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилиб, мустақиллигимизнинг бебаҳо неъмат эканлиги ёшларга тушунтирилаяпти.

Чунончи, Данғара туманида маҳаллалар фаоллари, хотин-қизлар қўмитаси, таълим муассасалари вакиллари, талаба-ёшлар ҳамда кенг жамоатчилик иштирокида парламент қуйи палатасининг Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси ҳамда Ўзбекистон экологик ҳаракати депутатлар гуруҳи томонидан ташкил этилган анжуманда мустақиллик йилларида парламентаризмнинг ривожланиш истиқболлари хусусида сўз юритилди.

Таъкидланганидек, юртимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни кучайтириш, иқтисодиётда амалга оширилаётган таркибий ўзгаришлар қонунийлигини таъминлаш, қулай инвестиция муҳитини шакллантириш, ишлаб чиқаришни модернизациялаш, техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш, кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорлик фаолияти учун қулай шарт-шароитлар яратиш, банк-молия тизимини ривожлантириш масалалари устувор аҳамиятга эга бўлиб, бу борада комплекс чора-тадбирлар тизимли равишда ҳаётга татбиқ қилинмоқда.

Аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш, хотин-қизлар, ёшлар бандлигини таъминлаш, кенг кўламли ижтимоий-иқтисодий дастурларни муваффақиятли рўёбга чиқариш каби долзарб масалалар бугун парламент аъзоларининг доимий диққат-эътиборида бўлиб келаётгани эътиборга молик.

Депутатлар иштирокчиларни миллий парламентимиз ислоҳотлари, фракциялараро баҳс-мунозараларда маромига етаётган қонун лойиҳалари ва уларнинг мазмун-моҳияти, Қонунчилик палатасининг назорат-таҳлил фаолияти баробарида, мамлакатимиз мустақиллигининг 25 йиллик байрами арафасида жойларда олиб борилаётган кенг кўламли саъй-ҳаракатлар билан яқиндан таништирдилар.

— Истиқлолнинг илк йиллариданоқ ҳуқуқий демократик давлат ҳамда эркин фуқаролик жамияти барпо этиш йўлида изчил амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ҳаётий ифодасини ҳар бир инсоннинг дунёқараши юксалиб, ҳаётга, меҳнатга муносабати тубдан ўзгараётганида яққол кўриш мумкин, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Илҳом Носиров. — Аҳоли, айниқса, ёшларнинг кайфияти ҳар қачонгидан кўтаринки. Юрт тараққиётига дахлдорлик ҳисси, яратувчанлик иштиёқида қутлуғ айёмга катта тайёргарлик кўраётган навқирон авлод вакиллари билан Ватанимиз истиқболи, парламент фаолияти, қабул қилинаётган қонунлар аҳамияти ҳақида фикр алмашдик.

Тадбирда 2014 йилнинг апрель ойида Конституциямизга киритилган ўзгартишлар, давлатимиз раҳбарининг парламент палаталарининг 2015 йил январь ойида бўлиб ўтган қўшма мажлисидаги ва Конституциямиз қабул қилинганининг 23 йиллигига бағишланган маросимдаги маърузаларида белгиланган устувор вазифаларнинг аҳамияти, мазмун-моҳиятига алоҳида тўхталиб ўтилди. Зеро, Ватан равнақига дахлдорлик туйғуси билан яшаш ҳар биримиз, жумладан, ёш авлод вакиллари учун айни заруратдир.

— Депутатларнинг ёшлар билан мулоқоти жонли, самимий ҳамда қизғин кечди, — дейди Данғара транспорт касб-ҳунар коллежи ўқитувчиси Фотима Жамолиддинова. — Эътироф этилганидек, юртимизда ёш авлоднинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, фаоллигини ошириш, ижодий ва интеллектуал салоҳиятини юзага чиқариш, мафкуравий таҳдидларга қарши иммунитетини мустаҳкамлаш, бандлигини таъминлашга барча ташкилий, ҳуқуқий шарт-шароит яратилган.

Шунингдек, қонун ижодкорлиги, 25 йил давомида барча соҳада қўлга киритилган ютуқлар, айниқса, парламентни янада ривожлантириш, сиёсий партиялар ролини ошириш, мамлакатимиз суд-ҳуқуқ, сайлов тизимларини такомиллаштириш, кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорликни тараққий эттиришга қаратилган бир қатор долзарб қонунлар устида иш олиб борилаётгани ҳақидаги маълумотлар ёшларда катта қизиқиш уйғотди.

Элёржон ЭҲСОНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn