Кинематография ривожи ва қонунчилик
  • 26 Июль 2016

Кинематография ривожи ва қонунчилик

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан кинематография соҳасининг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш масалаларига бағишланган семинар ташкил этилди.

Парламент қуйи палатаси депутатлари, қўмита ҳузуридаги эксперт гуруҳи аъзолари, “Ўзбеккино” Миллий агентлиги, Маданият ва спорт ишлари, Олий ва ўрта махсус таълим, Халқ таълими вазирликлари масъул ходимлари, киноижодкорлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашган мазкур тадбирда инсоннинг қалби ҳамда тафаккурига бевосита таъсир ўтказадиган соҳалар қаторида муҳим ўринга эга кино санъатини замон талаблари асосида янада ривожлантириш чора-тадбирлари, унинг миллий маънавиятимизни юксалтириш, навқирон авлод қалбида эзгу туйғуларни шакллантиришдаги аҳамияти муҳокама этилди.

Мустақиллик йилларида мамлакатимизда эркин демократик жамият барпо қилиш йўлида амалга оширилаётган ўзгариш ва ютуқларни кино санъати воситасида бадиий очиб бериш, унинг халқимиз ҳаётидаги, айниқса, ёшлар тарбиясидаги ўрни ҳамда таъсирини кучайтириш, ғоявий-бадиий савиясини ошириш, экранда замон қаҳрамонларини акс эттириш масалалари давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айлангани ва бу борада кенг кўламли саъй-ҳаракатлар изчил ҳамда босқичма-бос-қич амалга оширилаётгани алоҳида таъкидланди. Давлатимиз раҳбарининг 2004 йил 16 мартдаги “Кинематография соҳасида бошқаришни такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармони соҳа тараққиётида муҳим дастуриламал бўлаётир. 

Юртимизда ҳар йили давлат бюджети ҳисобидан 15 та бадиий, 20 та ҳужжатли ва илмий-оммабоп, 10 та анимацион фильм, 60 соатлик маънавий-маърифий, ўқув-услубий видеофильмлар яратилмоқда. Ўз навбатида, улар халқимиз маънавиятини янада юксалтириш, мафкуравий иммунитетини мустаҳкамлаш, дунёқарашини кенгайтириш ҳамда огоҳлигини оширишга  хизмат қилаётгани эътиборга молик. 

Семинарда соҳада эришилган ютуқлар билан бир қаторда, мавжуд имкониятлардан тўлиқ фойдаланилмаётгани ҳам айтиб ўтилди. Айниқса, замонавий қаҳрамон образини яратиш,  олий таълим муассасаларида кадрлар, миллий кинодраматург ҳамда режиссёрлар тайёрлаш, “Устоз — шогирд” анъаналарини давом эттириш, халқаро ҳамкорликни янги босқичга кўтариш, миллий кино маҳсулотларини жаҳон бозорига олиб чиқиш, хорижий кино ишлаб чиқарувчи ташкилот ва киноижодкорлар билан алоқаларни янада кенгайтириш масалаларида ҳуқуқий механизмларни такомиллаштириш лозимлиги айтиб ўтилди. 

Айни чоғда кинематография соҳасини тартибга солишнинг ягона қонунчилигини яратиш масалалари иштирокчилар диққат-эътиборида бўлди. Қонун ижодкорлиги, қонунчилик имкониятлари кенг муҳокама қилиниб, соҳага оид қонун лойиҳаси концепциясини ишлаб чиқиш, унда миллий ҳамда халқаро тажрибани чуқур ўрганиш юзасидан фикр алмашилди.

Шунингдек, тадбирда кинематография соҳасини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни янада такомиллаштиришга оид таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилиб, қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

Зиёда АШУРОВА.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn