Хусусий мулк кафолатлари
  • 25 Июль 2016

Хусусий мулк кафолатлари

аҳоли фаровонлигини таъминлашда муҳим ўрин тутмоқда

Мамлакатимизда иқтисодиётни ривожлантиришнинг барқарор ўсиш суръатларини таъминлаш, аҳоли фаровонлигини ошириш, мамлакатда бандлик масалаларини ҳал қилишда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик тобора муҳим аҳамият касб этмоқда. Бугун мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотининг 56,7 фоизи, жами саноат товарларининг учдан бир қисми, қишлоқ хўжалиги ноз-неъматларининг 98 фоизи айни шу соҳада ишлаб чиқарилаётганлиги фикримиз тасдиғидир.

Ваҳолонки, мустақилликкача бизнес фаолияти билан шуғулланишга имкон берилмасди. 2000 йилда эса соҳанинг ЯИМдаги улуши 31 фоизни ташкил қиларди. Бу рақамлар, соҳада эришилган марра ҳамда натижаларимиз “Ким эдигу ким бўлдик?!” деган чуқур фалсафий ғоянинг туб моҳиятини яққол кўрсатади.

Бундан 25 — 30 йил муқаддам бой табиий ресурсларимиз, унумдор заминимиз бўлишига қарамасдан, эгнимиздаги кийимдан тортиб, халқимиз севиб ичадиган чойни ҳам бошқа мамлакатлардан олиб келишга мажбур эдик. Кундалик озиқ-овқат маҳсулотларини харид қилиш учун камида туман марказига боришга тўғри келар, рўзғор учун зарур буюм ва техника воситаларини эса ойлаб, йиллаб навбат кутиб сотиб олар эдик. Ўтган асрнинг 90-йиллари бошида аҳолининг асосий озиқ-овқат товарлари, дон, картошка, гўшт, сут ҳамда қандолат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжи импорт ҳисобидан қопланарди. Миллион-миллион тонналаб пахта етиштирган, пилла етказиб берган ўзбекистонликлар бола-чақасини қўлда тўқилган бўз матолар билан кийинтиргани ҳали ҳеч кимнинг ёдидан чиққани йўқ.

Бу ҳаётий ҳақиқатларни жойларда ўтказилаётган учрашувларда сайловчиларимиз жуда кўп бора тилга олмоқда. Таъкидланаётганидек, бундан чорак аср аввал Ўзбекистонда хусусий мулк ва хусусий тадбиркорлик тушунчаси йўқ эди, қўни-қўшнилари учун зарур молларни олиб келишга уринганлар эса “чайқовчи” дея жазога тортилган.

Эндиликда мулкдорлар, хусусий тадбиркорлик ҳамда кичик бизнес субъектлари иқтисодий тараққиётимизнинг локомотивига, юртимиздаги фаровонликнинг асосий омилига айланди. Истиқлол йилларида жамиятимиз ва давлатимизнинг қудратли таянчи бўлиб бораётган, моддий ҳамда маънавий бойликлар яратаётган, ислоҳот ғояларини илгари сурувчи, иқтисодий жиҳатдан мустақил мулк эгалари синфи вужудга келиб, жадал ривожланмоқда.

Ишбилармонларимиз, фермерларимиз ўтган йилларда барча жабҳада катта тажриба тўплаб, бугун улкан натижаларга эришаяпти. Масалан, мустақиллик йилларида картошка етиштириш 7 марта, мева қарийб 4,1 карра, сабзавот 3 баробар, сут ва сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш 1,7 марта ўсди. 180 турдан зиёд сархил мева-сабзавотлар ҳамда уларни қайта ишлаш асосида тайёрланган неъматлар дунёнинг 80 давлатига экспорт қилинаётир. Энг муҳими, фермер хўжаликлари қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 90 — 92 фоизини етказиб бермоқда. Юртимизнинг бу борадаги ютуқлари яқинда пойтахтимизда ўтказилган I Халқаро мева-сабзавот ярмаркасида намойиш этилиб, деҳқонларимиз етиштирган маҳсулотлар халқаро ҳамжамият томонидан яна бир карра ўз эътирофини топди.

Буларнинг барчаси истиқлолнинг илк йиллариданоқ тараққиётнинг “ўзбек модели” асосида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ҳамда ривожлантириш, қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантириш, бу йўлда зарур ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитларни яратишга алоҳида эътибор қаратилгани самарасидир, десак, асло муболаға бўлмайди. Айниқса, сўнгги йилларда парламент томонидан қабул қилинган қатор қонунлар хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли муҳофаза этишни янада кучайтириш ишларини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқди.

Бундан ташқари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқий ҳимояси кафолатларини кучайтириш асосида улар учун солиқ юкини янада камайтириш, қўшимча имтиёз ҳамда преференциялар бериш масаласига комплекс ёндашилаётганини таъкидлаш жоиз. Таҳлилларга кўра, охирги 15 йилда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик учун солиқ ставкалари етти баравардан зиёд пасайтирилди. Соҳа вакилларининг коммуникация тармоқларига уланиш шартлари соддалаштирилди, кредит ресурсларидан фойдаланиш имконияти кенгайтирилди, маҳсулотларини экспорт қилишга кўмаклашиш бўйича самарали механизмлар амалиётга татбиқ этилди. Бундай саъй-ҳаракатлар пировардида Ўзбекистонни қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш бўйича дунёдаги илғор мамлакатлар қаторига олиб чиқди.

Мустақиллик йилларида жамиятимиз ҳамда давлатимиз ҳаётининг барча жабҳасини либераллаштириш сиёсати натижасида юзага келган ўрта синф, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг кенг тизими бугунги кунда нафақат иқтисодиётимизнинг барқарор ўсиши, рақобатдошлигини ошириш, балки аҳоли бандлигини таъминлаган ҳолда, бозорни янги маҳсулотлар ҳамда хизматлар билан тўлдириш ҳисобига халқ фаровонлигини юксалтириш, мамлакатда ижтимоий-сиёсий барқарорликни кучайтиришга ҳам хизмат қилмоқда. Албатта, ушбу қатлам олдимизда турган улкан вазифа — 2030 йилга қадар ялпи ички маҳсулот ҳажмини икки баробардан зиёд кўпайтириш, иқтисодиётимиз таркибида саноатнинг улушини 40 фоизга етказиш вазифасини ҳаётга самарали татбиқ этишга ҳам ўз ҳиссасини қўшади.

Тадбиркорликка оид долзарб масалаларни ҳал қилиш, бу йўналишдаги қонунчиликни янада такомиллаштириб, хусусий сектор кафолатларини мустаҳкамлаш йўлида парламент аъзолари бор имкониятларини ишга солади. Бинобарин, ягона мақсадимиз эркин ва фаровон, демократик жамият қуриш экан, бу йўлда фидойилик билан хизмат қилиш айни заруратдир.

 

Клара ЖУМАМУРАТОВА,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси 

Қонунчилик палатаси депутати.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn