Олий Мажлис Қонунчилик Палатасида
  • 22 Июль 2016

Олий Мажлис Қонунчилик Палатасида

Депутатлар демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштиришга қаратилган долзарб масалаларни кўриб чиқдилар

21 июль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Депутатлар жамият ҳаётининг турли соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларни янада чуқурлаштиришга, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний ман-фаатларини ҳимоя қилишга қаратилган бир қатор қонун лойиҳаларини кўриб чиқдилар. 

Парламент қуйи палатаси мажлисининг кун тартибига киритилган масалалар олдиндан сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон экологик ҳаракати депутатлар гуруҳининг, Қонунчилик палатаси қўмиталарининг мажлисларида вазирликлар ҳамда идоралар, фуқаролик жамияти институтларининг вакиллари иштирокида дастлабки тарз-да муҳокама этилган эди. 

Парламент аъзолари ўз ишларини янги таҳрирдаги “Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини иккинчи ўқишда муҳокама этишдан бошладилар. 

Қонун лойиҳасини моддама-модда муҳокама қилиш жараёнида депутатлар ушбу қонун лойиҳасининг янги таҳрирда қабул қилиниши ҳозирги даврга қадар қонунчилик даражасида тўлиқ равишда тартибга солинмаган ҳайвонот дунёсини муҳофаза этиш ҳамда ундан фойдаланишни ташкил этиш механизмларини қонун билан белгилаш заруратига боғлиқ эканлигини таъкидладилар.

Шу билан бирга, қонун лойиҳаси ҳуқуқни қўллаш амалиётининг таъсирчанлигини оширишга ва қонун ҳужжатларида мавжуд бўлган камчиликларни бартараф қилишга қаратилганлиги қайд этиб ўтилди. Қонун лойиҳаси биологик хилмахилликнинг ажралмас қисми сифатида ёввойи ҳайвонлар генофонди комплекс равишда муҳофаза қилинишини таъминлашни назарда тутади. Қонун лойиҳасида давлат органларининг ваколатлари аниқ кўрсатиб қўйилмоқда ҳамда ушбу соҳадаги муносабатларни тартибга солиш юзасидан уларнинг вазифалари белгилаб берилмоқда. Ҳайвонот дунёсини муҳофаза этиш ва ундан оқилона фойдаланишга қаратилган амалий чора-тадбирларни ҳаётга татбиқ қилишда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда фуқаролар иштирок этишига тааллуқли нормаларни мустаҳкамлаб қўйишга алоҳида эътибор қаратилган. 

Қонун лойиҳасини тайёрлаш чоғида давлат бошқарувининг, фуқаролик жамияти институтларининг турли бўғинларида унинг амалий муҳокама қилинишини ташкил этишга катта эътибор қаратилди. Қонун лойиҳасини муҳокама қилиш жараёнида етакчи мутахассислар, олимлар, тегишли соҳалар амалиётчилари, фуқаролик институтлари вакилларидан иборат Қонунчилик палатаси қўмиталари ҳузурида ташкил этилган эксперт гуруҳлари аъзолари фаол қатнашдилар. Бу эса қонун лойиҳасини янада такомиллаштиришга доир бир қатор таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш имконини берди. Оммавий ахборот воситаларида қонун лойиҳасининг муҳокамаси ташкил қилинди, муҳокама натижасида унинг моҳияти ҳамда аҳамияти кенг жамоатчилик эътиборига етказилди. 

Қонун лойиҳасининг муҳокамаси парламент қуйи палатасининг Демократик кучлар блоки ва мухолифатдаги фракциялари йиғилишларида ҳам бўлиб ўтди, йиғилишлар якунларига кўра, ушбу норматив-ҳуқуқий ҳужжат юзасидан уларнинг нуқтаи назари шакллантирилди. 

— Қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш чоғида биз нормаларни амалга оширишни таъминлашга қаратилган қоидаларни имкон қадар батафсил баён этиш, ҳаволаки нормаларни камайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратдик, — дейди Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси аъзоси Ж. Атоджонов. — “Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонуннинг янги таҳрири унинг нормаларини  янгидан қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига мувофиқлаштиришга қаратилган. Қонун лойиҳасида ҳайвонот дунёси объектларидан фойдаланиш турлари ҳамда усулларини аниқлаштириш, ҳайвонот дунёси объектларидан махсус фойдаланиш учун рухсатномалар бериш чоғида рухсат этиш тартиб-таомилларидан ўтиш тартибини мукаммаллаштириш, ушбу соҳада мониторинг ва назоратни ўтказиш назарда тутилган. 

Муҳокама давомида депутатлар кўриб чиқилаётган қонун лойиҳаси ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ҳамда ундан оқилона фойдаланиш борасида мустаҳкам ҳуқуқий асосга айланишини таъкидлаб ўтдилар. 

Кўриб чиқиш якунларига кўра, ушбу қонун лойиҳаси қабул қилинди ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига юборилди. 

Сўнгра депутатлар бир гуруҳ депутатлар ташаббуси билан киритилган “Парламент назорати тўғрисида”ги Қонун қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини муҳокама қилдилар. 

Лойиҳа айрим қонунчилик ҳужжатларини “Парламент назорати тўғрисида”ги Қонун нормаларига мувофиқлаштиришга қаратилган бўлиб, парламент назоратининг айрим шаклларини амалга ошириш нормалари ҳамда тартиб-таомилларини янада такомиллаштиришни назарда тутади.

Мунозаралар якунларига кўра, депутатлар ушбу қонун лойиҳасини концептуал жиҳатдан маъқулладилар ва биринчи ўқишда қабул қилдилар. Келиб тушган таклифларни ҳисобга олган ҳолда ҳужжатни иккинчи ўқишда кўриб чиқиш учун тайёрлаш масъул қўмитага топширилди. 

Депутатлар мажлисда кун тартибидаги бошқа масалаларни ҳам кўриб чиқдилар. 

Ўзбекистон Республикаси 

Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Ахборот хизмати.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn