Ўзбекистон — Жанубий Корея: АКТ соҳасидаги изчил алоқалар
  • 21 Июль 2016

Ўзбекистон — Жанубий Корея: АКТ соҳасидаги изчил алоқалар

Бугунги кунда ҳар бир давлатда барқарор тараққиётга эришиш, дунё миқёсида унинг рақобатдошлик даражасини юксалтириш, катта қулайликлар эшигини очиш, бошқаришни стратегик даражада ташкил этишда ахборот-коммуникация технологияларининг роли тобора ортиб бораяпти.

Қайси жабҳага эътибор қаратманг, шунга ишонч ҳосил қиласиз. Айни пайтда жаҳон миқёсида яратилаётган ялпи ички маҳсулотнинг тахминан 5,5 фоизи мазкур соҳага тўғри келаётган бўлса, бу кўрсаткич 2020 йилда 9 фоиздан ошиши кутилаётгани бунга бир мисолдир. Масалан, Корея Республикасида АКТнинг ЯИМдаги ҳиссаси 11,8 фоиздан зиёд, Швецияда 7 фоиз, Америка Қўшма Штатларида 6,8 фоизга тенг. 

Бинобарин, республикамизда ахборот-коммуникация технологияларини изчил ривожлантириш, унинг ҳуқуқий-ташкилий асосларини янада такомиллаштириш, ушбу йўналишда илғор давлатлар, жумладан, Жанубий Корея тажрибасини ўрганиш, унинг ютуқларини самарали қўллашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Пойтахтимизда ташкил этилган эркин ва очиқ таъминот масалалари бўйича Ўзбекистон — Жанубий Корея форумида ана шулар алоҳида таъкидланди. Тадбирда икки мамлакатнинг мазкур соҳада фаолият олиб борувчи компания ҳамда концернлари, тегишли вазирлик ва идоралар, ишбилармонлар, илмий тадқиқот марказлари вакиллари, етакчи экспертлар ҳамда профессор-ўқитувчилар қатнашди. 

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг Корея Республикасига, Корея Республикаси Президенти Пак Кин Хэнинг юртимизга давлат ташрифлари ижтимоий-сиёсий, савдо-иқтисодий жабҳалар қатори ахборот-коммуникация технологиялари бўйича ўзаро манфаатли алоқаларни янада мустаҳкамлашга туртки берди. Зотан, учрашувлар давомида имзоланган ҳуқуқий ҳужжатлар қатор чора-тадбирларни изчил рўёбга чиқаришга хизмат қилаяпти.

Умуман олганда, мамлакатимизда жамият ҳаётига АКТнинг энг сўнгги ижобий тенденциялари ва инновацияларини олиб кириш ҳамиша диққат-эътиборда турибди. Бунда қатор қонунлар, давлатимиз раҳбарининг Фармон ҳамда қарорлари ва бошқа ҳужжатлар қабул қилингани пухта пойдевор бўлмоқда. Хусусан, Юртбошимизнинг 2013 йил 27 июндаги тегишли қарори билан “2013 — 2020 йилларда Ўзбекистон Республикасининг Миллий ахборот-коммуникация тизимини ривожлантириш комплекс дастури” тасдиқланиб, унинг ижроси изчил таъминланаяпти. Бошқача айтганда, белгиланган давр ичида 2,1 триллион сўмлик телекоммуникация технологиялари ва алоқа инфратузилмасини ривожлантиришга қаратилган қатор лойиҳалар амалга оширилаётир.

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан Корея Республикаси Фан, ахборот-коммуникация технологиялари ва келажакни режалаштириш вазирлиги ўртасида йўлга қўйилган самарали ҳамкорлик натижасида айни пайтда “электрон ҳукумат” маълумотлар базаси ва ахборот тизимлари комплексини яратишга катта аҳамият қаратилаётир.

Зеро, мазкур қулайлик мамлакатда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ҳамда фуқаролик жамиятини ривожлантириш, жумладан, аҳолининг узоғини яқин, мушкулини осон қилиш, вақт,  ортиқча сарф-харажатларни тежашга қаратилгани билан долзарбдир. Бугунги кунда давлат интерактив хизматлари сони 1088 тага етгани, барча тадбиркорлик субъекти солиқ  ва статистик ҳисоботларни электрон шаклда топшираётгани ана шу саъй-ҳаракатлар самаралари қаторига киради.

Ўз навбатида, соҳада мутахассислар тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини оширишда катта ютуқларга эришилмоқда. Тошкент шаҳридаги Инҳа университети филиалида дастурий таъминот маҳсулотлари ишлаб чиқариш, ахборот тизимлари ва компьютер тармоқларини бошқариш бўйича халқаро стандартларга жавоб берадиган кадрлар тайёрланаяпти. Қолаверса, Тошкент ахборот технологиялари университети ҳузурида “Электрон ҳукумат” ўқув маркази, Ўзбекистон — Жанубий Корея ахборот технологиялари маркази фаолияти йўлга қўйилганки, бу ҳам ана шу каби эзгу мақсадларга хизмат қилмоқда.  

Форум давомида Жанубий кореялик меҳмонлар юртимизда АКТ соҳаси салоҳиятини юксалтириш, IT-саноатини янада такомиллаштириш, унинг моддий-техника ва кадрлар базасини мустаҳкамлаш борасида олиб борилаётган амалий ишларга юксак баҳо берди. 

 

Саиджон МАХСУМОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn