Қонун ижодкорлиги ва назорат институти
  • 20 Июль 2016

Қонун ижодкорлиги ва назорат институти

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида “Истиқлол йилларида парламентнинг қонунлар ижроси устидан назоратни олиб бориш ҳамда қонуности ҳужжатлари қабул қилинишини мониторинг қилиш амалиётини такомиллаштириш масалалари” мавзуида семинар ўтказилди.

Парламент қуйи палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси томонидан Сенатнинг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси билан ҳамкорликда ташкил этилган мазкур тадбирда депутатлар, сенаторлар, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), вазирлик ҳамда идоралар, Бош прокуратура, Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари, олий ўқув юртларининг профессор-ўқитувчилари ва журналистлар қатнашди.

Маълумки, юртимизда мустақиллик йилларида қонун чиқарувчи ҳокимият тубдан қайта шакллантирилиб, миллий парламентимиз фаолиятининг мустаҳкам ҳуқуқий асоси яратилди. Амалга оширилган босқичма-босқич, тизимли ислоҳотлар натижасида дастлаб бир палатали, кейинчалик эса доимий асосда ишлайдиган, профессионал тарзда фаолият юритадиган икки палатали парламент ташкил қилинди.

Семинарда таъкидланганидек, ҳокимиятлар ўртасида ўзаро тийиб туриш ҳамда манфаатлар мувозанати тизимининг самарали ишлашида парламент муҳим роль ўйнайди. Бунда эса унинг нафақат қонун ижодкорлиги функцияси, балки давлат органлари фаолияти устидан назоратни олиб бориш билан боғлиқ вазифаси ҳам алоҳида аҳамиятга эга.

Давлатимиз раҳбарининг парламент палаталарининг 2015 йил 23 январда бўлиб ўтган қўшма мажлисидаги маърузасида қайд этилганидек, конституциявий ислоҳотлар нуқтаи назаридан, Олий Мажлис палаталари ва энг аввало, фракцияларнинг давлат бошқаруви органлари фаолияти устидан парламент назоратини амалга ошириш, қабул қилинаётган қонунлар, муҳим ижтимоий-сиёсий, иқтисодий давлат дастурларининг ижросини сўзсиз таъминлаш борасидаги фаолияти сифат жиҳатидан янги асосда қурилиши лозим.

Жорий йилда қабул қилинган “Парламент назорати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни бугунги кунда Олий Мажлиснинг парламент назоратини олиб бориш бўйича фаолиятини такомиллаштириш ҳамда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг парламент олдидаги масъулиятини кучайтириш учун қўшимча механизм-ларни яратишда катта ўрин тутмоқда. Зеро, ушбу ҳуқуқий ҳужжатда парламент назоратининг субъекти, объекти, шакллари ҳамда бошқа муҳим жиҳатлар ўз ифодасини топган.

Чунончи, парламент назоратининг шаклларидан бири сифатида қонун ҳужжатларининг ижроси ҳолатини, ҳуқуқни қўллаш амалиётини Қонунчилик палатаси, Сенат қўмиталари томонидан ўрганиш ва қонуности ҳужжатларининг қабул қилиниши юзасидан улар томонидан мониторингни амалга ошириш белгиланди. Бинобарин, Олий Мажлис палаталари қўмиталари ўз иш режаларига мувофиқ, давлат ҳокимияти ҳамда бошқаруви органлари томонидан қонунларнинг, Қонунчилик палатаси ва Сенат қарорларининг бажарилиши ҳолатини, ҳуқуқни қўллаш амалиётини жойларга чиқиб ўрганади.

Шу билан бирга, Қонунда парламент назоратининг натижалари ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланди ҳамда бу бўйича қабул қилинган қарорларни кўриб чиқиш ва ижро этиш юзасидан давлат органларининг мажбуриятлари ўрнатилди.

Семинарда қонун ҳужжатларининг ижроси ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганишнинг назарий-ҳуқуқий жиҳатлари, соҳада тўпланган миллий ва хорижий тажриба атрофлича муҳокама этилди. Шунингдек, иштирокчилар янги қабул қилинган қонунлар ижросини таъминлаш учун қонуности ҳужжатларининг ўз вақтида қабул қилинишида Ҳукуматнинг роли ҳамда вазифаларидан хабардор этилди.

Тадбир якунида парламент назоратига оид қонунчиликни ва бу соҳадаги ҳуқуқни қўллаш амалиётини янада такомиллаштиришга қаратилган қатор таклифлар билдирилди.

Зиёда АШУРОВА.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn