Ташқи иқтисодий ҳамкорлик ва истиқбол
  • 16 Июль 2016

Ташқи иқтисодий ҳамкорлик ва истиқбол

Маълумки, бундан 25 — 30 йил олдин мамлакатимизда ташқи иқтисодий алоқалар тугул, ташқи алоқаларнинг ўзи йўқ эди. Умуман, собиқ мустабид тузум даврида у ниҳоятда оғир аҳволга тушиб қолган, бирёқлама ривожланган, пахта монополияси авж олган, асосан, хом ашё етказиб беришга мослашган заиф ва ночор иқтисодиётга эга яриммустамлака даражасидаги республика бўлган.

Пахтани ўзи етиштириб, унинг нархи амалда қанча эканини билмайдиган, юртимиз заминидан катта ҳажмда қазиб олинган турли нодир металлар, уран ҳамда бошқа стратегик товарлар ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга бўлмаган, жаҳон цивилизациясидан узилиб қолган халқ эдик.

Ўша пайтлари “Ўзи киммиз?” деган саволни беришга ҳам уялардик.

Зеро, давлатимиз раҳбари айтиб ўтганидек, “Мустақиллик арафасида 20 миллиондан ортиқ аҳолимизни боқиш учун юртимизда, бор-йўғи, 15 кунга етадиган ун ва буғдой захираси қолган эди, холос. Буларнинг барчаси Ўзбекистон қандай оғир аҳволда, деярли жар ёқасига келиб қолганини кўрсатади”.

Мана шундай мураккаб шароитда узоқни ўйлаб ҳаётга татбиқ этилган машҳур беш тамойилга асосланган, мамлакатимизни модернизация қилишга қаратилган ислоҳотлар стратегиясини ўзида уйғунлаштирган тараққиётнинг “ўзбек модели” қўл келди.

Ушбу дастуриламал вақт синовларидан муваффақиятли ўтиб, ҳар қанақа “шок тера-пияси” пуч ғоя экани, марралар босқичма-босқич ҳамда изчил забт этилишини исботлади. Шу асосда халқимиз турмуш тарзини яхшилаш, ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётига эга демократик ҳуқуқий давлатни барпо қилиш мақсадида барча зарур ҳуқуқий асослар яратилди. Орадан қисқа вақт ўтди.

Ҳозир эса “Киммиз?” деган саволни ўзимизга ўзимиз баралла беришимиз мумкин.

Бугун-ми? Бугун жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози ҳали-ҳануз давом этаётганига қарамасдан, ялпи ички маҳсулоти ўсиш суръатлари ўртача камида 8,2 фоизни ташкил қилаётган, аҳолиси реал даромадлари тобора ошиб бораётган озод ва обод Ўзбекистонмиз, фаровон ҳамда бир оиладек ҳамжиҳат яшаётган ўзбекистонликлармиз. Қўлга киритилаётган ютуқларимиз эса ҳақли равишда жаҳонда тан олинмоқда.

Бинобарин, кеча ким эдигу бугун ким бўлдик?!

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон истиқлолга эришгач, қатор давлатлар билан мустақил иқтисодий ҳамкорликни йўлга қўя бошлади. У тараққиётнинг устувор йўналишларидан бири, давлат сиёсатининг муҳим жиҳати сифатида белгилаб олинди. Пировардида улкан табиий ва илм-фан салоҳияти, қудратли экспорт имкониятларига эга бўлган мустақил мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятидаги ўрни ҳамда обрў-эътибори янги босқичга кўтарилиб, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни изчил амалга ошириш, миллий иқтисодиётни янада юксалтириш, экспортбоп маҳсулотлар турини кўпайтириш, энг муҳими, жаҳон ҳамжамиятига интеграциялашувимиз учун эмин-эркин шароит яратди.

Шу боис бугунги кунда мамлакатимиз Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Жаҳон банки, Халқаро валюта жамғармаси, Халқаро ривожланиш ассоциацияси, Халқаро молия корпорацияси, Инвестиция кафолатлари бўйича кўп томонлама агентлик, Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти, Осиё ва Тинч океани минтақаси учун иқтисодий ва ижтимоий комиссияси, БМТнинг савдо ва тараққиёт бўйича конференцияси ҳамда -Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти, Халқаро меҳнат ташкилоти, Интеллектуал мулк бўйича халқаро ташкилот, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, -Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Осиё ҳамда Ислом -тараққиёт банклари каби нуфузли тузилмаларнинг аъзоси ҳисобланади.

Зеро, жаҳон тажрибаси шуни кўрсатадики, иқтисодий тараққиётни таъминлаш учун нафақат мавжуд ички захиралардан, балки халқаро иқтисодий ташкилотлар ресурсларидан фойдаланиш ҳам муҳим омил саналади. Айни чоғда бугун ривожланган мамлакатлар ва глобал миқёсдаги бизнес ташкилотлари ўз сармоясини ҳар томонлама жозибадор, инвесторларга ниҳоятда қулай шароитлар яратиб берилган, инсон капитали устувор ҳамда меҳнат салоҳияти юқори бўлган давлатларга жойлаштиради. Шу маънода, Юртбошимиз таъкидлаганидек, “...бу каби ташкилотлар билан ҳамкорликни амалга ошириш келгусида ҳам ташқи сиёсатимизнинг устувор йўналишларидан бўлиб қолаверади. Юртимизда амалга оширилаётган янгиланиш ва иқтисодий ислоҳотлар жараёнида ушбу ташкилотларнинг роли ва ўрни бениҳоя катта”.

Истиқлолнинг дастлабки йиллариданоқ республикамизда мазкур йўналишга алоҳида эътибор қаратилди. Мустақиллигимиз эълон қилинган кун эса Ўзбекистонимизнинг дунё ҳамжамиятига кенг миқёсда ҳамда жадал интеграциялашувининг бошланғич нуқтаси бўлиб ҳисобланади. Зотан, шу муқаддас, мўътабар ва улуғ санадан эътиборан мамлакатимиз халқаро ҳуқуқнинг тўлақонли субъектига айланди. Шундан сўнг қисқа вақт ичида юртимиз суверенитети юздан ортиқ давлатлар томонидан тан олиниб, улар биз билан иқтисодий ҳамкорлик ўрнатиш, уни равнақ топтиришга тайёр эканлигини -билдирди. Бу ёш ҳамда баркамол давлатимизнинг ёрқин келажагига глобал миқёсдаги катта ишонч эди.

Хусусан, 1992 йил 2 мартда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг тўлақонли аъзоси бўлдик. Шу кундан бошлаб миллий байроғимиз унинг Нью-Йоркдаги бош қароргоҳида мағрур ҳилпираб турибди. Ўшандан буён мазкур тузилма ҳамда унинг ихтисослаштирилган ташкилотлари билан турли соҳалар, жумладан, иқтисодий жабҳада ҳам самарали муносабатлар мустаҳкамланиб бораётир.

Ўтган даврда БМТ билан иқтисодиёт, давлат бошқаруви, соғлиқни сақлаш ва таълим, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тармоқларидаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш йўлида қатор лойиҳалар амалга оширилди, шу мақсадда қиймати 430 миллион АҚШ долларидан ортиқ техник ёрдам кўрсатилди.

Шу ўринда 1993 йилдан буён республикамизда БМТнинг Тараққиёт дастури (БМТТД) ўз фаолиятини юритиб келаётгани ҳақида алоҳида тўхталиб ўтиш жоиз. Боиси, 1999 йилдан бошлаб у билан Мамлакат ҳамкорлик дастури (МҲД) асосида қатор ишлар олиб борилмоқда.

Бундан кўзланган мақсад мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий равнақи бўйича қисқа ҳамда ўрта муддатга мўлжалланган устувор вазифаларни ҳал қилишда Ўзбекистонга техник ва консультатив кўмак беришдан иборатдир. Бу борада кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада тараққий топтириш, менежмент ҳамда маркетинг йўналишларига замонавий технологияларни татбиқ этиш, қишлоқ жойлари, хусусий сектор, ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш, табиатни муҳофаза қилиш, энергиядан оқилона фойдаланиш каби стратегик соҳалардаги лойиҳаларни рўёбга чиқаришда миллий институтлар қўллаб-қувватланиб келинаяпти. Ўзаро алоқаларга асос солингандан бери умумий ҳажми 200 миллион доллардан зиёд 250 та лойиҳа бажарилгани бунинг тасдиғидир.

Ўзбекистоннинг юксак молиявий истиқболи 1992 йилдан тан олинган. Сабаби, шу йили давлатимиз Жаҳон банкининг тўлақонли аъзосига айланди. Бунда “Ўзбекистон Республикасининг Халқаро валюта фонди, Реконструкциялаш ва ривожланиш халқаро банки, Ривожланиш халқаро ассоциацияси, Халқаро молия корпорацияси, Кўп томонлама сармоя ажратишни кафолатловчи агентликка аъзолиги тўғрисида”ги Қонун пойдевор вазифасини ўтади ҳамда Тошкентда унинг ваколатхонаси очилди. Мазкур глобал миқёсда фаолият юритадиган муассаса билан соғлиқни сақлаш, таълим, энергетика тизимини модернизация ва реконструкция қилиш, суғориш-дренаж тармоқларини қайта тиклаш ҳамда таъмирлаш, коммунал хўжалик инфратузилмасини такомиллаштириш ва бошқа жабҳаларда изчил ҳамкорлик йўлга қўйилган. Бу, ўз навбатида, мамлакатимизнинг дунё иқтисодий-молиявий бозорига жадал интеграциялашуви, тараққиётнинг “ўзбек модели” самаралари билан жаҳон ҳамжамиятини яқиндан таништириш имконини бермоқда.

Мана шундай ижобий натижаларни Европа Иттифоқи билан олиб борилаётган алоқалар мисолида ҳам кўриш мумкин. Гап шундаки, ушбу тузилма билан ҳамкорлик истиқлолнинг илк йилларидаёқ давлатимиз ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Қитъа давлатлари билан алоқалар Ўзбекистон Республикаси ҳамда Европа ҳамжамияти ўртасидаги шериклик ва ҳамкорлик доирасида ривожланаётир. Бинобарин, 1992 — 2015 йилларда умумий қиймати 721,4 миллион евролик лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилди. 2020 йилга қадар эса Европа Иттифоқи молиявий ва техник кўмак доирасида қишлоқ жойларини ривожлантириш мақсадида озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш, сув таъминоти ҳамда кичик суғориш тизимлари, фермер хўжаликлари, энергетика каби тармоқларда қатор ташаббусларни рўёбга чиқаришни режалаштираяпти. Бунинг учун дастлаб 168 миллион евро миқдорида маблағ ажратилади.

Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги доирасида ҳам савдо-иқтисодий муносабатлар, транспорт-коммуникация алоқалари, гуманитар соҳаларни янада тараққий топтиришни ўз ичига олувчи кўплаб муҳим йўналишларнинг ҳуқуқий асослари ва механизмлари яратилиб, амалий чора-тадбирлар давом эттирилмоқда. Хусусан, МДҲ ташкил этилганидан буён Ўзбекистон узоқни ўйлаган ҳолда, иқтисодий интеграцияни чуқурлаштириш, хўжалик муносабатларини янги асосда сақлаш каби жараёнларнинг сиёсий тус олмаслиги тарафдори бўлган мамлакатлар қаторидан муқим жой олиб келаётир. Яъни юртимиз ушбу ташкилот доирасида давлатлар ўртасидаги савдо режими ёмонлашиб кетмаслиги тамойили асосида эркин савдо ҳудудини шакллантиришни ёқлайди. Боиси, бу МДҲ ҳудудида барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланиш таъминланишининг муҳим шарти бўлиб хизмат қилади. Шу маънода, республикамиз 2013 йил 31 майда Санкт-Петербург шаҳрида имзоланган эркин савдо ҳудуди тўғрисидаги янги Шартномани ратификациялади. Россия, Беларусь, Қозоғистон, Молдова ҳамда Украина ҳам уни қабул қилди.

Шубҳасиз, ташқи иқтисодий алоқаларда 2001 йил 15 июнда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Хитой ва Тожикистон раҳбарлари томонидан Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ)ни тузиш тўғрисидаги Декларация имзолангани муҳим босқич бўлди. Мазкур тузилма ўтган даврда минтақамизда барқарорлик ҳамда хавфсизликни мустаҳкамлаш, иқтисодий алоқаларни ривожлантириш бўйича кўп томонлама ҳамкорлик механизми, очиқ ва конструктив мулоқот майдони, шунингдек, турли йўналишларда шерикликни ривожлантиришнинг самарали воситаси эканлигини ёрқин намоён этди. Айниқса, бу жиҳат мамлакатимиз ташаббуслари асосида сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилгани барчамизга ғурур бағишлайди. Ўзбекистоннинг бу борадаги ютуқларига Тошкент шаҳри мезбонлик қилган ШҲТ ўн бешинчи саммитининг иштирокчилари юксак баҳо бергани ҳам бунинг яққол исботидир.

Жумладан, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доирасида иқтисодиёт соҳасида самарали муносабатлар олиб борилмоқда. Бу йўлда ташқи савдо ва иқтисодий фаолиятга масъул бўлган ШҲТга аъзо давлатлар вазирларининг йиғилиши, Ишбилармонлар кенгаши ҳамда Банклараро бирлашма каби механизмлар фаолият юритмоқда. ШҲТ асосчиларидан бири ҳисобланган республикамиз бошқа аъзо давлатлар билан тенг ҳолда ташкилот доирасидаги ҳамкорлик стратегиясини белгилаб, минтақавий барқарорликни қўллаб-қувватлаш, иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш каби йўналишларда саъй-ҳаракатларни жамлашни муҳим деб ҳисоблайди.

Жорий йил 24 июнда ШҲТнинг Тошкентдаги саммитида савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамда транспорт-коммуникация соҳаларидаги ҳамкорлик истиқболларини назарда тутувчи Тошкент декларацияси имзолангани ана шу интилишларда янги уфқларни очиши муқаррар.

Юртимизнинг инвестициявий салоҳиятини ошириш, ишлаб чиқариш ва молия бозорини модернизация қилишда Осиё тараққиёт банки (ОТБ) ҳамда Ислом тараққиёт банки (ИТБ) каби халқаро молиявий ташкилотлар билан йўлга қўйилган изчил алоқалар ҳам ўзига хос роль ўйнамоқда. Чунончи, 1995 йил август ойида республикамиз ОТБ аъзосига айланган бўлса, 1997 йили юртимизда унинг ваколатхонаси очилди. Эътиборлиси, мамлакатимиз ушбу банкнинг минтақавий аъзолари орасида 15-ўриндаги йирик акциядори ҳисобланади. Ўтган даврда умумий қиймати 12,5 миллиард долларлик элликдан зиёд лойиҳалар рўёбга чиқарилди. Бунда таълим, соғлиқни сақлаш, ирригация, сув таъминоти ва санитария, қишлоқ жойларда уй-жой қурилиши, энергетика, йўл-транспорт инфратузилмаси, молиявий секторни ривожлантириш каби масалалар қамраб олинди.

Ўзаро алоқаларда муқобил энергия манбаларини ривожлантириш муҳим янги йўналишдир. 2013 йил 20 — 23 ноябрь кунлари пойтахтимизда ОТБ билан биргаликда “Қуёш энергияси технологиялари тенденциялари ва истиқболлари” мавзуидаги Осиё қуёш энергияси форумининг 6-йиғилиши ўтказилди. Осиё тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки ҳамда бошқа нуфузли халқаро ташкилотлар раҳбарлари, қитъамиз мамлакатлари, шунингдек, Европа, Шимолий ва Жанубий Америкадан қуёш энергияси соҳаси бўйича мутахассислар, экспертлар, ускуна ишлаб чиқарувчи компаниялар ҳамда илмий-тадқиқот марказларидан қарийб 300 нафар вакил қатнашган мазкур йирик анжуманда диёримизнинг соҳадаги салоҳияти эътироф этилиб, ўзаро ҳамкорликнинг янги босқичлари белгилаб олинди. Икки йил олдин ОТБ томонидан Ўзбекистонда электр энергиясига нисбатан ўсиб бораётган талабни қондириш мақсадида бу борадаги таъминотни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш учун 300 миллион доллар миқдорида кредит ажратилгани ана шу саъй-ҳаракатларга янги қанот бағишлади.

2003 йилдан эса Ислом тараққиёт банки билан иқтисодиётнинг стратегик тармоқларига тегишли йирик инфратузилма ва ижтимоий аҳамиятга эга бўлган лойиҳаларни молиялаштириш бўйича ҳамкорлик қилиб келинмоқда. Ҳозирги кунга қадар қиймати 429 миллион доллардан ортиқ 14 та лойиҳа якунлангани, қарийб 1 миллиард долларлик лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилаётгани ўзаро алоқалар самарасидир.

Умуман олганда, халқаро иқтисодий ташкилотлар билан ҳамкорликни янада кенгайтириш Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятидаги нуфузини мустаҳкамлаш ҳамда илғор демократик давлатлар қаторида муносиб ўрин эгаллашига замин яратади.

Ўзбекистон Республикасининг суверен давлат сифатида очиқ бозор иқтисодиётини шакллантириш борасидаги фаол ишлари эса мамлакатимизнинг жаҳон иқтисодий ҳамжамиятига интеграциялашувига асос бўлиб хизмат қилади.

Рустам НАЗАРОВ,

Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар,

инвестициялар ва савдо вазирлиги

бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари.

 

ЭЪТИРОФ

Хуан МИРАНДА, Осиё тараққиёт банки бош директори:

— Ўзбекистон — инвестиция киритиш учун қулай мамлакат. Қабул қилинган Инвестиция дастурлари пухталиги, бизнес юритишнинг қулайлиги, энг муҳими, инвесторлар учун ҳамма соҳа очиқлиги ҳар қандай лойиҳанинг муваффақиятини кафолатлайди. Кейинги йилларда иқтисодиётда барқарор ўсиш суръатлари таъминланиб, замонавий саноат тармоқларига асос солинаяпти. Бунда солиқ юкининг пасайтирилаётгани ва банк тизими самарали ишлаётгани муҳим омил бўлмоқда.

Осиё тараққиёт банки ҳам ижтимоий-иқтисодий соҳаларни ривожлантиришда фаол иштирок этиб, ўз кредит линияларини йўналтираётир. Шу асосда ўзаро ҳамкорлик изчил равнақ топаяпти.

Сирил МЮЛЛЕР, Жаҳон банки вице-президенти:

— Ўзбекистон ёш, иқтисодий ва инвестициявий имкониятлари эса ниҳоятда катта давлатдир. Юртингизда сармоялар тўғри йўналтирилаётгани туфайли турли соҳалар, айниқса, саноат тармоқлари ҳамда хизмат кўрсатиш жабҳаси тараққий этиб бормоқда. Натижада одамларнинг турмуш шароити яхшиланиб, ҳаёт даражаси юксалаётир.

 

Инвестициялар фақат йирик ишлаб чиқариш объектларини барпо қилиш мақсадлари учунгина киритилмаётгани эътиборга моликдир. Негаки, соғлиқни сақлаш, таълим тизими, коммунал соҳа ривожи учун ҳар йили катта миқдорда инвестиция сарфланаяпти. Бу ҳар томонлама таҳсинга сазовор.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn