Депутатлар долзарб масалаларни кўриб чиқдилар
  • 14 Июль 2016

Депутатлар долзарб масалаларни кўриб чиқдилар

13 июль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Депутатлар жамият ҳаётининг турли соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларни янада чуқурлаштиришга қаратилган қатор қонун лойиҳаларини кўриб чиқдилар. 

Парламент қуйи палатаси мажлисининг кун тартибига киритилган масалалар илгарироқ сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон экологик ҳаракати депутатлар гуруҳи, Қонунчилик палатасининг қўмиталари мажлисларида вазирликлар ҳамда идоралар, фуқаролик жамияти институтларининг вакиллари иштирокида дастлабки тарзда муҳокама қилинган эди.

Парламент аъзолари ўз ишларини янги таҳрирдаги “Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда муҳокама этишдан бошладилар. Ушбу қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасига қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи тартибида бир гуруҳ депутатлар томонидан киритилган. 

Ўзбекистонда мустақилликнинг илк кунлариданоқ атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, фуқароларда экологик маданиятни шакллантириш масалаларига катта эътибор берилаётганлиги таъкидлаб ўтилди. Мустаҳкам қонунчилик базаси мазкур соҳанинг самарали ривожланишига хизмат қилмоқда. Бугунги кун воқеликлари мавжуд нормаларнинг такомиллаштирилишини тақозо этаётир. Шундан келиб чиққан ҳолда, ушбу янги таҳрирдаги ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилган бўлиб, унинг асосий мақсади ўсимлик дунёси объектларини муҳофаза қилиш, улардан фойдаланиш ҳамда уларни такрор кўпайтириш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

Бу ўсимлик дунёсининг турлари таркибини ва биологик хилма-хилликнинг таркибий қисми сифатида ўсимлик дунёсининг генетик фондини табиий шароитларда сақлаб қолиш борасидаги вазифаларни амалга оширишга хизмат қилади. Бундан ташқари, қонуннинг қабул қилиниши ўсимлик дунёси объектларининг турлари камайиб бориши ёки йўқолиб кетишининг олдини олиш ҳамда сабабларини бартараф этишга, улардан илмий асосланган ҳолда оқилона ва барқарор фойдаланилиши ҳамда такрор кўпайтирилишини таъминлашга, юридик ва жисмоний шахсларнинг ушбу соҳадаги фаолиятини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишга хизмат қилади.

Мажлис қизиқарли баҳс тарзида ўтганлиги мазкур ҳуқуқий ҳужжатни атрофлича муҳокама этиш имконини берди. Сиёсий партиялар фракциялари ҳамда Ўзбекистон экологик ҳаракати депутатлар гуруҳи вакиллари сўзга чиқдилар.

— Ушбу қонуннинг янги таҳрири атроф-муҳитни муҳофаза қилишни кучайтиришга, табиий ресурслардан оқилона фойдаланишга хизмат қилади, — дейди Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракциясининг аъзоси 

Э. Холбўтаев. — Бундан ташқари, ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ҳамда ундан фойдаланишни ташкил этишнинг ҳозирги вақтга қадар кўп жиҳатдан қонуности ҳужжатлари билан тартибга солиб келинган механизмларини эндиликда қонун ҳужжатлари билан самарали тартибга солиш таъминланади. Шунингдек, қонун лойиҳаси биологик хилма-хилликнинг ажралмас қисми сифатида ўсимлик дунёсининг кенг кўламли муҳофаза қилинишини, ваколатли давлат органлари ва муассасаларнинг ушбу соҳадаги фаолиятининг ошкоралигини таъминлайди. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда бошқа ташкилотлар томонидан амалга ошириладиган жамоатчилик назорати катта аҳамиятга эга.

— Шуни таъкидлаш муҳимки, мазкур қонуннинг қабул қилиниши ҳуқуқни қўллаш амалиётининг самарадорлигини ошириш имконини беради ва қонун ҳужжатларидаги камчиликларни бартараф этишга хизмат қилади, шунингдек, ўсимлик дунёсининг кенг кўламда муҳофаза қилинишини таъминлайди, — дейди Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракциясининг аъзоси Ф. Ибрагимова. — Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, ушбу соҳадаги нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан амалга ошириладиган жамоатчилик назорати ҳам катта аҳамиятга эга. Бу партиямизнинг сайловолди дастурида белгиланган вазифаларни амалга оширишда муҳим омил бўлади. Фракциямиз биринчи ўқишдаги қонун лойиҳасини концептуал жиҳатдан қўллаб-қувватлашини билдирган ҳолда, ушбу ҳужжатни иккинчи ўқишга тайёрлаш чоғида ўсимлик дунёси объектларини давлат ҳисобига олишни такомиллаштириш ҳамда давлат кадастрини юритиш, камёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган ўсимлик турларини сақлаб қолишга доир талабларни кучайтириш, шунингдек, ушбу соҳадаги ваколатли органларнинг жавобгарлигини янада ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини кўрсатиб ўтди. 

— Фракциямиз давлатнинг ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишдаги тартибга солиш борасидаги ролини мустаҳкамлаш, ислоҳотларнинг самарадорлигини ошириш учун изчил ҳаракат қилмоқда, — дейди Ўзбекистон Халқ демократик пар-тияси фракциясининг аъзоси А. Тумишова. — Қонун лойиҳасига давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ушбу соҳадаги  ваколатларини аниқлаштирувчи нормаларни киритиш жуда муҳим аҳамиятга эга. Мазкур ҳуқуқий ҳужжатга мамлакатимиз ҳудудида ўсимлик дунёси объектларининг савдосини ҳамда уларни республикамизга олиб киришни давлат томонидан тартибга солишни назарда тутувчи нормаларни киритиш ҳам муҳимдир. Шунингдек, фракция ҳаволаки нормаларини қисқартиришга эътибор қаратди, бу ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳуқуқни қўллаш амалиёти самарадорлигини оширишга кўмаклашади. 

— Атроф-муҳит ифлосланишининг олдини олиш, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси дахлсизлигини таъминлаш, аҳоли саломатлигини сақлаш партиямиз сайловолди дастурининг асосий йўналишларидан биридир, — дейди Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракциясининг аъзоси Д. Тангиров. — Партия электорати манфаатларидан келиб чиққан ҳолда, ушбу ҳужжатни иккинчи ўқишга тайёрлаш чоғида фракциямиз қонун лойиҳасининг иқтисодий механизмларини такомиллаштиришни, биологик ресурслардан фойдаланиш тартиби ҳамда принципларини соддалаштиришни, ушбу соҳадаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилиши учун жисмоний ва юридик шахсларнинг масъулиятини оширишни назарда тутувчи нормаларга алоҳида эътибор қаратади. Қонун лойиҳасига ўсимлик дунёси объектларидан фойдаланиш, ўсимлик -дунёсини муҳофаза қилишнинг аниқ йўлларини ҳамда камёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган ёввойи ўсимликларни сақлаб қолишга доир талабларни белгилаш, шунингдек, ўсимлик дунёсидан оқилона фойдаланишга, ўсимлик дунёсини ҳамда у кўпаядиган жойларни сақлаб қолишга қаратилган биотехник тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги нормаларни қонун лойиҳасига киритиш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Ўз навбатида, бу аҳолининг экологик маданиятини оширишга, шунингдек, ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ҳамда ундан фойдаланиш борасидаги фаолиятда жамоатчиликнинг иштироки кучайишига ва мазкур соҳада адолат принципини рўёбга чиқаришга хизмат қилади.

— “Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонунга киритилаётган ўзгартиш ҳамда қўшимчалар ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ҳамда улардан оқилона фойдаланиш масалаларининг бугунги жамият учун долзарб эканлигидан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқилди, — дейди Ўзбекистон экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар гуруҳининг аъзоси С. Самойлов. — Қонун лойиҳасида давлат сиёсати ва бошқарувининг ушбу соҳадаги асосий йўналишларини белгилашга кўмаклашадиган янги ҳуқуқий нормаларни мустаҳкамлаб қўйиш назарда тутилмоқда. Бундан ташқари, бу ҳужжатда ўсимлик дунёси объектларидан фойдаланиш турлари, ўсимлик дунёсининг ноқонуний равишда йиғилган ҳамда тайёрланган объектларини олиб қўйиш ва мазкур соҳадаги низоларни ҳал этиш тартиби, ёввойи ўсимликларни Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиш ҳамда мамлакатимизга олиб кириш қоидалари ва шартлари аниқлаштирилмоқда. Умуман олганда, қонун лойиҳаси ўсимлик дунёси объектларини муҳофаза қилиш, улардан фойдаланиш ҳамда уларни такрор кўпайтириш жараёнларини қонунчилик даражасида тартибга солишга хизмат қилади. 

Сўнгра депутатлар бир гуруҳ депутатлар ташаббуси билан киритилган “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини муҳокама этдилар.

Депутатлар таъкидлаганларидек, ушбу ҳуқуқий ҳужжатнинг долзарблиги шундаки, лойиҳа Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари миллий маълумотлар базасида мавжуд норматив-ҳуқуқий ва бошқа ҳужжатлар матнларидан фойдаланувчиларнинг, шу жумладан, ижрочилар ҳамда аҳолининг тезкор ва кенг фойдаланишини таъминлашга  қаратилгандир. Лойиҳанинг қабул қилиниши ахборот-коммуникация -технологияларининг замонавий воситаларидан фойдаланган ҳолда қабул қилинаётган қонун ҳужжатларининг моҳияти ҳамда аҳамиятини фуқароларга ўз вақтида ва тўлиқ етказиш учун қўшимча шарт-шароит яратади, бу эса аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга, жойларда ҳуқуқни қўллаш амалиётини янада яхшилашга хизмат қилади.

Ўзини парламентдаги мухолифат деб эълон қилган Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракцияси мажлис давомида ўз ваколати доирасида мазкур қонун лойиҳасининг муқобил таҳририни киритди. Мухолифат аъзолари норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни расмий эълон қилиш масалаларини аниқлаштиришга, шунингдек, қонуннинг кучга киришига  тааллуқли  айрим тузатишлар киритишни таклиф этдилар. 

Ушбу қонун лойиҳаси кўриб чиқилганидан сўнг овозга қўйилди, унинг натижаларига кўра, депутатларнинг кўпчилиги дастлабки киритилган қонун лойиҳаси учун овоз бердилар. 

Амалий музокара давомида қуйи палата аъзолари, шунингдек, “Ветеринария тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини муҳокама этдилар. Қонун лойиҳаси ветеринария соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи илгари қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар нормаларини янги таҳрирдаги “Ветеринария тўғрисида”ги Қонун нормаларига мувофиқлаштириш мақсадида ишлаб чиқилди.

Депутатлар фикрига кўра, таклиф этилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардаги зиддиятларни бартараф этишга, шунингдек, ушбу соҳадаги қонун ҳужжатлари нормаларида қўлланилган атама ҳамда тушунчаларнинг бир хил қўлланилишини таъминлашга хизмат қилади.

Депутатлар,  шунингдек, “Суд экспертизаси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳасига эътибор қаратдилар. Ушбу тузатишлар махсус ва ҳуқуқий масалаларни ўз ичига олган ўқув дастурига мувофиқ, суд экспертларининг малакасини ҳамда ҳуқуқий билимларини -вақти-вақти билан оширишнинг ягона тизимини жорий этишга қаратилганлиги таъкидланди. Қонуннинг қабул қилиниши суд экспертизаси масалаларини тартибга солувчи қонун ҳужжатлари нормалари самарали ва бир хил қўлланилишига хизмат қилади, шунингдек, суд экспертларини тайёрлашни ташкил этишда ҳамда малакасини оширишда мавжуд бўлган камчиликларни бартараф қилиш, суд экспертизаси натижадорлигини ошириш имконини беради. 

Шунингдек, парламент аъзолари ўз ишларини “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги, “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги, “Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида”ги қонунларга, “Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини кўриб чиққан ҳолда давом эттирдилар. Қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 21 декабрда қабул қилинган “Акциядорлик жамиятларига хорижий инвесторларни жалб қилиш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ишлаб чиқилган.

Жумладан, “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунни акциядорлик жамиятлари устав фондидаги улуши камида 15 фоизни ташкил этиши лозим бўлган чет эллик инвесторлар иштирокида ташкил этилишини назарда тутувчи алоҳида қисм билан тўлдириш таклиф қилинмоқда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг қарорларида белгиланган ҳоллар бундан мустасно. 

Бундан ташқари, Солиқ кодексининг айрим моддаларига киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар умумий юрисдикция судларида ҳамда хўжалик судларида чет эл инвестициялари иштирокидаги акциядорлик жамиятларининг  давлат божини тўлашдан — уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги тўғрисидаги даъволар бўйича озод қилинишини, шунингдек, солиқлар ҳамда бошқа мажбурий тўловлар бўйича имтиёзлар акциядорлик жамиятлари учун — устав капиталида хорижий иштирокчиларнинг улуши камида 15 фоиз бўлганда қўлланилишини назарда тутади. 

Музокаралар натижаларига кўра, депутатлар ушбу қонун лойиҳаларини концептуал жиҳатдан маъқулладилар ва уларни биринчи ўқишда қабул қилдилар. Тушган таклифларни ҳисобга олган ҳолда ҳужжатларни иккинчи ўқишда кўриб чиқиш учун тайёрлаш масъул қўмиталарга топширилди. 

Мажлис давомида парламент қуйи палатаси аъзолари Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ваколатига кирувчи бошқа масалаларни ҳам кўриб чиқдилар. 

Ўзбекистон Республикаси 

Олий Мажлиси

Қонунчилик палатасининг 

Ахборот хизмати.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn