Демократик тамойиллар асосида ўтказилди
  • 09 Июль 2016

Демократик тамойиллар асосида ўтказилди

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгаши томонидан шу йилнинг май — июнь ойларида мамлакатимиз бўйлаб ўтказилган муҳим ижтимоий-сиёсий тадбир — фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайловининг якунларига бағишланган кенгайтирилган йиғилиши ҳамда брифинг ташкил этилди.

Уларда қатнашган давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари ушбу сайлов юксак демократик тамойилларга мос ҳолда ўтказилганини таъкидлашди.

Толибжон МАДУМАРОВ, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси:

— Фуқаролар йиғинлари раислари ҳамда уларнинг маслаҳатчилари сайловида 9764 нафар фуқаролар йиғини раиси ва уларнинг 105 минг нафардан зиёд маслаҳатчилари демократик қоидалар — очиқлик, тенглик ҳамда адолат тамойиллари асосида сайланди. Бунда ушбу йўналишда амалга оширилган пухта тайёргарлик ишлари муҳим омил бўлди. Олий Мажлис Сенати Кенгашининг 2016 йил 5 мартдаги “Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловига тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш тўғрисида”ги Қарори асосида кенг кўламли ишлар бажарилди. Хусусан, Олий Мажлис Сенати Кенгашининг фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказишга кўмаклашувчи комиссияси, ўз навбатида, ҳудудий комиссиялар ташкил қилинди. Айни чоғда ишчи гуруҳлар тузилиб, уларнинг самарали фаолият кўрсатиши учун барча қулайлик яратиб берилди. Масалан, улар хизмат хоналари ва зарур ҳуқуқий адабиётлар билан тўлиқ таъминланди.

Сайлов иштирокчиларининг билим ҳамда малакасини ошириш мақсадида жойларда ўқув-семинарлар ўтказилди. Юртимизнинг барча ҳудудида минтақавий, туман, шаҳар комиссиялари ва ишчи гуруҳлар аъзолари учун қонунчиликни, маҳаллаларда сайловларни ташкил қилиш ҳамда ўтказиш тартибини тушунтириш бўйича 400 га яқин семинар ва бир минг 200 дан ортиқ давра суҳбатлари уюштирилди.

Долли АЛЛАЕВ, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди республика бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари:

— Фуқаролар йиғинлари раислари ҳамда уларнинг маслаҳатчилари сайлови юқори даражада ташкил этилди ва ўтказилди. Буни ушбу рақамлар ҳам тасдиқлайди: амалга оширилган кенг кўламли саъй-ҳаракатлар самараси ўлароқ, 9 минг 764 нафар фуқаролар йиғини раиси ҳамда уларнинг 105 мингдан ортиқ маслаҳатчиси лавозимларига эл-юрт ўртасида ҳурмат-эътибор қозонган, ташаббускор ва фаол, муҳими, юртимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларни чуқур англаб етган фуқаролар сайланишига эришилди. Янги сайланган раисларнинг 7 минг 185 нафари, маслаҳатчиларнинг 53 минг 853 нафари олий маълумотли фуқаролар экани ҳам эътиборга молик.

Сайловдан кейинги босқичда янги сайланган раислар ва улар маслаҳатчилари, фуқаролар йиғинлари органлари аъзоларининг билим ҳамда малакасини ошириш айни чоғда олдимизда турган долзарб вазифалардан ҳисобланади. Шу мақсадда жойларда соҳага доир қонун ҳужжатларининг асосий қоидаларини тушунтиришга бағишланган ўқув-семинарларни ташкил этиш режалаштирилган. Зеро, маҳалла зиммасидаги муҳим вазифаларни — ҳудудларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, ёшлар, жумладан, коллеж битирувчиларини ишга жойлаштириш юзасидан жамоатчилик назоратини олиб бориш, оила, маҳалла ва таълим муассасаси ҳамкорлигини янада юксалтириш, хотин-қизлар ҳамда вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ҳолатларининг олдини олиш ана шу инсонларнинг нечоғли салоҳият ва билимга эга эканлигига бевосита боғлиқ.

Феруза МУҲАММАДЖОНОВА, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Марказий кенгаши раисининг биринчи ўринбосари:

— Фуқаролар йиғинлари раислари ҳамда уларнинг маслаҳатчилари сайлови жамиятимизни ислоҳ этиш ва демократлаштириш, мамлакатни модернизация қилиш жараёнлари чуқурлашиб бораётган бир шароитда ўтгани билан янада аҳамиятли бўлди.

Сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш жараёнида амалга оширилган кенг кўламли чора-тадбирлар туфайли юртдошларимиз, шу жумладан, ёшларимизнинг сиёсий фаоллиги янада ошганини айтиш ўринлидир. “Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига сайловлар — 2016” мавзуида ўтказилган сўров натижалари ҳам бунинг тасдиғидир. Хусусан, аҳолининг 90 фоиздан ортиғи, айниқса, аксарият ёшларимиз фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайловидан яхши хабардор эканлигини билдирган. Айни чоғда улар маҳалла фуқаролар йиғини раиси ҳамда унинг маслаҳатчиси лавозимларига ким бўлиши масаласига катта масъулият билан ёндашган.

Олий Мажлис Сенати Кенгашининг фуқаролар йиғинлари сайлови якунларига бағишланган йиғилишида натижаларни қайд этиш билан бирга, амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар хусусида ҳам сўз юритилди. Шу жумладан, маҳалланинг ёшларга оид фаолиятини янада кучайтириш, шу мақсадда оила, маҳалла ва таълим муассасаси ҳамкорлигини янги босқичга кўтариш кераклиги таъкидланди. Бу, албатта, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ҳамда бошқа мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликни янада кучайтиришни тақозо этади. Зеро, “Бир болага етти маҳалла — ҳам ота, ҳам она” деган мақолдан келиб чиққан ҳолда ҳаракат қилсак, маҳалланинг ислоҳотлар жараёнидаги фаоллигини янада юксалтиришга ва энг муҳими, ёшларимизни баркамол инсонлар қилиб вояга етказишга эришамиз.

«Халқ сўзи» мухбири

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ ёзиб олди.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn