Литва парламенти вакиллари билан учрашув
  • 07 Июль 2016

Литва парламенти вакиллари билан учрашув

Мамлакатимизга ташриф буюрган Литва Сеймининг Ўзбекистон билан парламентлараро ҳамкорлик гуруҳи раҳбари Валериус Симулик бошчилигидаги делегация аъзолари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида учрашув ўтказди.

Мулоқот чоғида икки давлат ўртасидаги алоқалар жадал ривожланиб бораётгани, бу борада парламентлараро муносабатлар икки томонлама сиёсий мулоқотларни жадаллаштиришнинг муҳим омили экани таъкидлаб ўтилди. Икки томонлама муносабатларнинг ҳолати ва истиқболларини мунтазам муҳокама қилиб бориш, долзарб масалалар юзасидан фикр алмашиш учун қулай муҳит яратилган.

Ўтган давр мобайнида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига Литванинг турли даражадаги қатор делегациялари ташриф буюрди. Ўз навбатида, мамлакатимиз парламенти вакиллари Литвада бўлишди.

Музокара давомида меҳмонларга Ўзбекистоннинг икки палатали парламенти фаолияти тўғрисида сўзлаб берилди.

Учрашувда парламентлараро ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда мустаҳкамлаш, парламентлараро алоқаларни янада ривожлантиришга қаратилган тадбирларни ташкил этиш, қонун ижодкорлиги ва назорат-таҳлил фаолияти борасида тажриба алмашиш масалалари муҳокама қилинди.

Ўз навбатида, В. Симулик Ўзбекистон ҳамда Литва ўртасидаги анъанавий дўстлик ва ишончли муносабатларни юқори баҳолашини ҳамда Ўзбекистон билан ўзаро алоқаларнинг янада ривожланишига ишонч билдирди.

Учрашувда икки мамлакат олий қонун чиқарувчи органлари ўртасидаги ҳамкорлик истиқболларига доир масалалар юзасидан атрофлича фикр алмашилди.

Қобил ХИДИРОВ.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn