Тошкент саммити ШҲТ тарихида мустаҳкам ўрин эгаллади
  • 05 Июль 2016

Тошкент саммити ШҲТ тарихида мустаҳкам ўрин эгаллади

Ўзбекистон аҳолиси халқаро майдонда нуфузи тобора ошиб бораётган Шанхай ҳамкорлик ташкилотига учинчи бор раислик қилган ўз мамлакати ва Президентидан чексиз фахрланади.

“Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан ШҲТнинг Тошкент юбилей саммити якунларига бағишлаб ўтказилган навбатдаги сўровда ҳамюртларимиз ана шундай фикр билдиришди. Респондентларнинг барчаси мазкур йирик форум ташкилот фаолияти самарадорлигини ошириш, минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда хавфсизликни мустаҳкамлаш мақсадларига қаратилган муҳим келишувларга эришилгани билан унинг тарихидан мустаҳкам ўрин эгаллашини таъкидлашган. Ушбу тадқиқотда қатор соҳа вакиллари, хусусан, давлат органлари ходимлари, ишбилармонлар, талабалар, ишчилар, ёшлар ва пенсионерлар, турли миллат ҳамда эътиқод вакиллари қатнашди.

Сўровда иштирок этганларнинг қарийб 92 фоизи саммит жараёнини диққат-эътибор билан кузатиб борган. Респондентлар мутлақ катта қисмининг фикрича, давлат раҳбарларининг навбатдаги мажлиси хайрихоҳлик, улкан ишонч ва ҳурмат руҳида ўтди, ўзаро конструктив мулоқотга интилиш ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарларининг кўп томонлама самарали ҳамкорлигида энг муҳим омилга айланди.

Тадқиқотда аҳоли ўртасида мазкур тадбир якунларидан қониқиш ҳисси юқори эканлиги маълум бўлди. Респондентларнинг 98,2 фоизи Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Тошкент саммити нафақат ШҲТ давлатлари раҳбарлари ташкилот доирасидаги кўп томонлама ҳамда ўзаро манфаатли ҳамкорлигини янада чуқурлаштиришга доир энг асосий масалаларни муҳокама қилишгани, балки бошқа кўплаб долзарб масалаларда ҳам фикр алмашишганини маъқуллаб эътироф этди.

Сўров қатнашчиларининг 92,4 фоизи ШҲТни янада мустаҳкамлаш, унинг таркибидаги мамлакатлар хавфсизлиги ва барқарор ривожланишини таъминлаш, замонавий таҳдидларга қарши курашиш, турли соҳаларда ҳамкорликни кенгайтириш борасидаги келишувларни тўлиқ қўллаб-қувватлашини билдирган.

Респондентлар Шанхай ҳамкорлик ташкилоти давлатлараро алоқаларни янада равнақ топтириш ҳамда кенгайтиришнинг муҳим мезони, саммит чоғида тузилган битимлар эса бутун дунёдаги мураккаб иқтисодий вазиятдан чиқиб кетишга туртки бериб, ўзаро саъй-ҳаракатлар аъзо мамлакатларнинг иқтисодий юксалиши ва тараққиётига хизмат қилади, деб ҳисоблайди. Фуқароларимиз бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгаши мажлисида қабул қилинган қарорлар ўзаро ишонч, дўстлик, яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаб, тинчлик, минтақавий хавфсизлик ва ШҲТ ҳудудида барқарорликни таъминлашига қатъий ишонади.

Экспресс-сўров давомида ҳамюртларимиз Шанхай ҳамкорлик ташкилотига Ўзбекистон ҳамда шахсан мамлакат Президенти Ислом Каримов раислиги тарихий аҳамиятга эга эканлигига алоҳида урғу берди. Уларнинг 97,3 фоизи фикрича, айнан Ўзбекистоннинг раислиги ва тайёргарлик ишлари юксак савияда олиб борилгани шарофати билан давлат раҳбарлари учрашувларида муваффақиятлар ҳамда ижобий натижалар қўлга киритилди. Иштирокчиларнинг айтишича, айнан Юртбошимиз ташаббуслари ташкилот фаолияти самарадорлигини ошириш, минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш ва хавфсизликни мустаҳкамлаш масалалари бўйича муҳим келишувларга эришишда катта аҳамият касб этди.

Респондентларнинг 97,6 фоизи уларнинг Тошкент саммити билан боғлиқ умидлари ҳамда орзу-истаклари тўлиқ рўёбга чиққанини билдиришди. Ўзбекистон Президенти раислигида ШҲТ фаолиятини халқаро алоқаларни ривожлантириш йўли билан оптималлаштириш бўйича амалий чора-тадбирлар ҳаётга татбиқ этилгани, Марказий Осиё минтақаси ва ташкилотнинг барча ҳудудида хавфсизлик ҳамда барқарорликни таъминлаш бўйича муҳим ташаббуслар амалга оширилаётганига мутлақ кўпчиликнинг ишончи комил. Тадқиқотда қатнашганлар Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгаши юбилей мажлиси юртимизнинг дунё ҳамжамиятидаги нуфузини янада юксалтиришга хизмат қилганлигини мамнуният билан изҳор этишгани, айниқса, алоҳида эътиборга моликдир.

«Ижтимоий фикр» жамоатчилик фикрини

ўрганиш маркази материаллари асосида

Саиджон МАХСУМОВ тайёрлади.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn