ШҲТ ривожланишининг янги қирралари халқаро экспертлар нигоҳида
  • 04 Июль 2016

ШҲТ ривожланишининг янги қирралари халқаро экспертлар нигоҳида

«Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ташкил этилганидан буён ўтган 15 йил давомида ҳақли равишда нуфузли халқаро ташкилотлар қаторидан муносиб жой олди, барқарор тараққиёт, тинчликни мустаҳкамлаш, замонавий таҳдид ва хатарларга қарши курашиш, минтақавий ва глобал даражада хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашнинг таъсирчан омилига айланди».

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг кенгайтирилган таркибдаги мажлисида сўзлаган нутқидан, 2016 йил, июнь.
Шанхай ҳамкорлик ташкилоти давлат раҳбарларининг учрашувлари нафақат минтақа, балки умумжаҳон миқёсида ҳам борган сари муҳим аҳамиятга эга бўлган воқеа сифатида талқин этилмоқда. Бу, шубҳасиз, мазкур тузилманинг салоҳияти ҳамда обрў-эътибори тобора ошиб бораётганидан далолат беради. Тез ўзгарувчан умумбашарий вазиятда, янги таҳдид ва хавф-хатарлар юзага келаётган бир шароитда олий даражадаги мунтазам мулоқот хавфсизликнинг ўта муҳим муаммолари ҳамда халқаро ривожланиш бўйича ШҲТ мамлакатларининг нуқтаи назарларини мувофиқлаштиришга кўмаклашаяпти.
Яқинда Тошкентда ниҳоясига етган Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг ўн бешинчи, юбилей саммити ҳам бундан мустасно бўлмади. Унда ташкилотга аъзо давлатлар раҳбарлари билан бирга, кузатувчи мамлакатларнинг етакчилари, ШҲТга раислик қилаётган томон меҳмони — Туркманистон Президенти, шунингдек, ШҲТ Бош котиби ва Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Ижроия қўмитаси директори қатнашди. Шунингдек, саммитда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби ўринбосари, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Ижрочи котиби, АСЕАН ҳамда Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти бош котиблари, Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича -кенгашнинг ижрочи директори ҳам иштирок этди.
Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг Тошкент мажлиси юқори даражада ўтгани, унинг якунлари бўйича қабул қилинган қарорларнинг аҳамияти ҳамда мазкур саммит йилнинг энг муҳим сиёсий воқеаларидан бирига айлангани халқаро экспертлар ҳамжамияти томонидан ҳам ўз эътирофини топмоқда.
Хусусан, Ўрта Ер денгизи ва Осиё мамлакатларини ўрганиш институти бош котиби (Италия) Антонио Локкенинг фикрича, Ўзбекистоннинг ШҲТдаги раислиги ушбу ташкилотнинг халқаро майдондаги нуфузини сезиларли даражада оширди.
— Ўзбекистоннинг ташкилотга раислиги давридаги фаолияти минтақа сиёсий ўсишининг ҳамда иқтисодий тараққиётининг маркази сифатида бу мамлакатга бўлган қизиқишни кучайтирди, — дея баёнот берди италиялик олим. — ШҲТнинг 2025 йилгача ривожланиш стратегиясини амалга ошириш бўйича 2016 — 2020 йилларга мўлжалланган ҳаракатлар режаси ташкилотнинг сиёсат, иқтисодиёт, маданият ва хавфсизлик соҳаларидаги ҳамкорлигини сифат жиҳатидан янги даражага олиб чиқишга замин ҳозирлади.
Шанхай халқаро тадқиқотлар академияси ҳузуридаги Марказий Осиё мамлакатларини ўрганиш маркази директори ўринбосари Цянь Сяоюннинг эътирофича, 2015-2016 йилларда ҳам Ўзбекистон ШҲТ ривожланишини илгари суриш мақсадида кенг кўламли ишларни ҳаётга татбиқ этди.
— ШҲТ фаолияти унга аъзо давлатларнинг биргаликда гуллаб-яшнаши учун янги имкониятларни очмоқда, — деди Ц. Сяоюнь. — Дарҳақиқат, ташкилотнинг масъулият ҳудуди ресурсларга ўта бой ҳамда улкан бозорга эга бўлган Европа ва Осиё қитъасини қамраб олган. Шу боисдан унинг савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш салоҳияти ниҳоятда каттадир. Ўзбекистоннинг ШҲТга раислиги давридаги саъй-ҳаракатлари тузилма ривожланишига жуда катта туртки берди.
Берлиндаги Каспий минтақасини ўрганиш маркази катта илмий ходими Матиас Дорнфельднинг айтишича, Ўзбекистоннинг ШҲТ доирасида кўп қиррали алоқаларни мустаҳкамлашга бўлган интилиши унинг раислигидаги устуворликларда ҳамда мамлакат раҳбариятининг тегишли ташқи сиёсий ташаббусларида ўз ифодасини топди.
— Ўзбекистон томонидан ШҲТнинг ҳар бир мамлакат манфаатлари ҳисобга олинган ҳолда, очиқ ва тенг ҳуқуқли мулоқот учун минбар сифатидаги ўрни ҳамда аҳамиятини халқаро майдонда мустаҳкамлашга йўналтирилган саъй-ҳаракатлар алоҳида эътиборга сазовордир, — деди немис эксперти. — Ташкилот доирасидаги ҳамкорликни равнақ топтириш нуқтаи назаридан транспорт коммуникацияларини ривожлантириш, минтақа мамлакатларининг улкан транзит салоҳиятини тубдан кенгайтириш бўйича Ўзбекистон ташаббуслари ҳам диққатга молик.
Экспертнинг ишонч билдиришича, транспорт ва энергетика йўлакларини яратиш ҳисобидан Марказий Осиё Европа ҳамда Осиё ўртасида “кўприк” вазифасини ўташи мумкин.
— Шу жиҳатдан аёнки, бугунги кунда иқтисодиётини янада тараққий эттириш учун Марказий Осиё минтақаси мамлакатлари олдида кенг истиқболлар очилмоқда, — деди М. Дорнфельд. — Бу, шубҳасиз, умумбашарий жараёнларда ҳам ижобий ифодасини топади.
Шанхай Ижтимоий фанлар академияси президенти Ван Чжан (ХХР) иштирокчилари доирасининг кенглиги, тадбирлар кўламининг катталиги, йил давомида амалга оширилган ишларнинг пухталиги ва имзоланган якуний ҳужжатлар нуқтаи назаридан, Ўзбекистоннинг ШҲТдаги раислиги ташкилот тарихида катта из қолдирганини таъкидлади.
— Турли таҳдид ва хавф-хатарлар сақланиб турган бир шароитда трансчегаравий уюшган, замонавий ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда амалга ошириладиган ҳамда иқтисодий жиноятчиликка қарши биргаликда кураш олиб бориш, чегара хавфсизлигини мустаҳкамлаш ШҲТнинг энг муҳим йўналиши бўлиб қолаётгани ушбу тузилма иштирокчилари учун ўта муҳимдир, — деди хитойлик эксперт. — Ўзбекистон пойтахтида имзоланган ШҲТнинг 2025 йилгача ривожланиш стратегиясини амалга ошириш бўйича 2016 — 2020 йилларга мўлжалланган ҳаракатлар режасидан ташқари, Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг янада ривожланишида “йўл харитаси” бўлиб қоладиган Тошкент декларацияси ва Ҳиндистон ҳамда Покистоннинг ШҲТга аъзо давлат мақомини олиш йўлидаги мажбуриятлари тўғрисидаги ҳужжатлар, ўз моҳиятига кўра, жуда муҳим ҳисобланади.
Осиё Стратегия ва етакчилик институти президенти ўринбосари Макс Сэй (Малайзия) Тошкент саммитида Ҳиндистон ва Покистоннинг ШҲТга аъзо давлат мақомини олиш йўлидаги мажбуриятлари тўғрисидаги меморандумлар имзоланганини тарихий аҳамиятга молик воқеа, деб баҳолади.
— Яқин истиқболда бу мамлакатларнинг ШҲТдаги мақоми ошиши ташкилот салоҳиятини янада юксалтиради, унинг халқаро майдондаги ўрни бундан-да мустаҳкамланишига, энг аввало, хавфсизлик ҳамда барқарор тараққиётдаги долзарб муаммоларнинг ҳал этилишига янги туртки беради. Бу билан ШҲТнинг умумбашарий хавфсизлик қурилишидаги роли ва аҳамияти беқиёс даражада ортади, — деди мутахассис.
Жавоҳарлаъл Неру номидаги университетнинг (Ҳиндистон) Осиё ички тадқиқотлари маркази директори Шарад Сони Ҳиндистон мажбуриятлари тўғрисидаги Меморандумнинг имзолангани мамлакатни ушбу нуфузли халқаро ташкилотнинг тенг ҳуқуқли аъзолигига яқинлаштириши ҳамда бунда Ўзбекистоннинг хизмати катта эканлигини алоҳида таъкидлади.
— Умуман олганда, Ўзбекистоннинг ташкилотга раислиги, шубҳасиз, ШҲТ бутун тарихидаги энг яхши раислик ва у барча учун бениҳоя самарадор ҳамда муваффақиятли бўлди, — дея баёнот берди ҳиндистонлик эксперт.
Ш. Сонининг ишонч билан айтишига қараганда, Ҳиндистон иқтисодиёт соҳаси ва хавфсизлик жабҳасидаги ҳамкорлик жуғрофияси кенгайиши туфайли ҳам ШҲТга қўшилишдан фақат ютади. “Шанхай ҳамкорлик ташкилотидаги ҳамкорлик доирасида Ҳиндистон ҳамда Покистон нафақат икки томонлама аҳамиятга молик масалаларда, -балки бутун Жанубий Осиё минтақасида тинчлик ва барқарорликни таъминлашда ҳам яқиндан ҳамда муваффақиятли иш олиб бориши мумкин”, деди у.
Покистонлик эксперт — ХХР ва Марказий Осиёни ўрганиш бўйича Покистон маркази директори Азамат Ҳаёт Хон билдирган фикрга қараганда, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти минбари Покистон учун ҳам катта қийматга эга. Чунки бугунги кунда ШҲТ минтақада сиёсий барқарорлик таъминланиши ҳамда ўзаро манфаатли иқтисодий алоқаларнинг янада чуқурлашишига кўмаклашмоқда.
— Марказий Осиёнинг энг муҳим мамлакати бўлган Ўзбекистон ШҲТда алоҳида ўрин тутади, — деди у. — Шу боис Исломобод Тошкент билан муносабатларни бундан-да ривожлантиришдан манфаатдордир. Покистон Ўзбекистон билан дўстона алоқаларни ғоят қадрлайди. Унинг раислиги даврида Жанубий Осиёнинг икки йирик давлати — -Покистон ва Ҳиндистоннинг ШҲТга аъзо давлат мақомини олиш йўлидаги мажбуриятлари тўғрисидаги меморандумлар имзоланди.
Шуни айтиш ўринлики, ШҲТга аъзо давлатлар маданий-гуманитар йўналишларда ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш, жумладан, маданий алмашувларни кенгайтириш, дўстлик ҳамда яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш зарурлигини теран англайдилар. Халқларимиз ўртасидаги кўп асрлик алоқалар ва ШҲТнинг ҳар бир мамлакати эга бўлган салмоқли туризм салоҳиятини назарда тутганда, сайёҳлик соҳасида ҳам ажойиб имкониятлар очилаётир.
Малайзия Сайёҳлик бўйича кенгаши вице-президенти Моҳд Таиб Ваҳоб ШҲТ доирасида туризм жабҳасидаги алоқаларни ривожлантиришга катта эътибор қаратилаётганини юқори баҳолади.
— Ўзбекистоннинг бу борадаги улкан салоҳияти ҳисобга олинган ҳолда, айнан Тошкентда ШҲТга аъзо давлатларнинг туризм соҳасидаги ҳамкорлигини ривожлантириш дастури қабул қилинди, — деди малайзиялик мутахассис. — Республиканинг сайёҳлик индустрияси бўйича имкониятлари нафақат Малайзияда, балки Жануби-Шарқий Осиё -мамлакатлари ассоциациясининг (АСЕАН) бошқа мамлакатларида ҳам алоҳида қизиқиш уйғотади. Шу боис ШҲТ ҳамда АСЕАН мамлакатларининг сайёҳлик субъектлари ўртасида ҳам икки томонлама, ҳам кўп томонлама кўринишдаги алоқаларни йўлга қўйиш мақсадга мувофиқ, деб ўйлаймиз.
Малайзиялик мутахассис АСЕАН Бош котибининг Тошкент учрашувидаги иштироки сайёҳлик соҳасида икки ташкилот ўртасидаги мустаҳкам ҳамкорликка замин яратажагига умид билдирди.
Ўз навбатида, “Culture-cooperation International e.V” (Германия) ижтимоий-маданий ташкилоти директори Кэтлен Гёбель ўзбек томони ташкилотга раислиги доирасида ШҲТ маконида маданий-гуманитар ҳамкорликни янада кенгайтиришга улкан эътибор қаратганини алоҳида қайд этди.
— Жорий йил 21-22 июнь кунлари Тошкентда ташкилотга аъзо давлатлар маданият вазирларининг навбатдаги мажлиси ўтказилгани бу соҳадаги ҳамкорликни жадаллаштириш йўлидаги муҳим амалий қадам бўлди, — деди немис эксперти. — Шуниси қувонарлики, ШҲТ Тошкент саммити чоғида ташкилотга аъзо давлатларнинг сайёҳлик соҳасидаги ҳамкорлигини ривожлантириш дастури қабул қилинди. Ўйлайманки, мазкур йўналишдаги ҳамкорликни чуқурлаштириш минтақада сайёҳлик инфратузилмасини янада равнақ топтиришга хизмат қилади.
— Ўзбекистон пойтахтида бўлиб ўтган учрашув — республиканинг мазкур муҳим халқаро тузилмадаги раислигини муносиб равишда якунлаган воқеадир, — деб ҳисоблайди Қуддус университети ҳузуридаги Осиё ва Африка институти профессори Владимир Месамед (Исроил). — Шубҳасиз, бу давр Ўзбекистоннинг кенг қамровли саъй-ҳаракатлари туфайли муҳим тадбирларга бой бўлди. ШҲТнинг ўсиб бораётган салоҳияти эса ушбу кенг минтақада бир-бирига яқин боғланган барқарорлик ҳамда изчил тараққиётнинг таъминланиши масалаларини муваффақиятли ҳал этишда муҳим омилга айланади.


«Жаҳон» АА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn