Маданий-гуманитар ҳамкорлик ШҲТ муваффақиятли фаолиятининг муҳим йўналишидир
  • 21 Июнь 2016

Маданий-гуманитар ҳамкорлик ШҲТ муваффақиятли фаолиятининг муҳим йўналишидир

“Ўзбекистон ШҲТга раислиги доирасида маданий-гуманитар, илм-фан ва таълим соҳаларида самарали минтақавий ҳамкорликни қўллаб-қувватлашга доимий эътибор қаратади”.

Ўзбекистон Республикаси Президенти  Ислом КАРИМОВ. (ШҲТ Уфа саммити нутқидан, 2015 йил, июль)

Жорий йилда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ташкил топганига 15 йил тўлади. У 2001 йили, энг аввало, минтақада тинчлик ҳамда барқарорликни, хавфсизликка таҳдидларга қарши курашни мустаҳкамлаш учун таъсис этилган эди. Бироқ унинг фаолиятида маданий-гуманитар соҳадаги ўзаро ҳамкорлик ҳам муҳим аҳамиятга эга. Шанхай ҳамкорлик ташкилотини ташкил қилиш тўғрисидаги декларацияда илмий-техникавий, маданий, таълим соҳаларидаги ҳамкорлик мазкур тузилманинг мақсадлари сифатида ўз ифодасини топган.

2002 йили ШҲТга аъзо мамлакатлар маданият вазирлари йиғилиши механизмининг ишлай бошлагани бу йўналишда ташланган муҳим қадамлардан бири бўлди. ШҲТ маданият вазирларининг биринчи йиғилиши ўша йилнинг ўзида ХХР пойтахти Пекин шаҳрида бўлиб ўтди. Шундан буён маданий алмашувларнинг замонавий ҳолати ва истиқболларини муҳокама этиш мақсадида бундай анжуманлар ҳар йили ўтказилмоқда.

2005 йили тузилган маданий ҳамкорлик масалалари бўйича экспертлар гуруҳининг биринчи мажлиси 2006 йил декабрь ойида бўлиб ўтди. ШҲТ маконида қўшма маданий тадбирлар ўтказилишини кўриб чиқиш ушбу гуруҳнинг асосий вазифаси сифатида белгиланди. Шунингдек, 2006 йилдан эътиборан мазкур соҳада кўп томонлама шерикликнинг йиллик режаларини қабул қилиш ҳамда ҳаётга татбиқ этиш тажрибаси йўлга қўйилди. Унга мувофиқ, ихтисослаштирилган анжуманлар ўтказилмоқда.

Шуни таъкидлаш жоизки, 2007 йил 16 августда ШҲТга аъзо давлатлар ҳукуматлари ўртасида маданият соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги Битимнинг имзоланиши билан бу йўналишдаги алоқалар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди.

Ўтган йиллар давомида ташкилот мамлакатлари ҳудудида мунтазам равишда ҳунарманд усталарнинг кўргазмалари ва халқ ижодиёти фестиваллари ўтказиб келинмоқда. Қўшма маданий тадбирлар сони йилдан-йилга ошиб бораяпти, уларнинг дастурлари мазмунан бойиб, кенг қамровли тус олаётир.

ШҲТ давлатларидаги акцияларда, тадбирлар ва халқ байрамларида фольклор жамоалари иштирок этмоқда. 2007 йили биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан “Цивилизациялар мулоқоти” альбоми нашр қилинди. Унда тузилмага кирадиган мамлакатларнинг маданий ўзига хосликларига доир умумлашма маълумотлар ўз ифодасини топди.

Мусиқа, театр ҳамда тасвирий санъат, кинематография, архив, музей ва кутубхоначилик ишлари, маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш соҳалари ҳам ўзаро тажриба алмашишнинг муҳим йўналишларидандир. ШҲТ мамлакатларининг ижодий жамоалари ҳар икки йилда Самарқанд шаҳрида ўтказиладиган “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалининг доимий қатнашчилари ҳисобланади.

Бундай тадбирларнинг барчаси давлатлар ҳамда халқларни бир-бири билан таништиришга, ўзаро тўғри тушуниш ва мулоқотни чуқурлаштиришга хизмат қилмоқда.

Таълим муассасаларида ШҲТга аъзо давлатларнинг тиллари, тарихи, маданияти ҳамда адабиётини ўрганиш бўйича ҳам иш олиб борилмоқда. Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларида Конфуций институтлари, Хитойнинг қатор олий ўқув -юртларида минтақамиз халқларининг тилларини ўрганиш кафедралари тузилди.

Шу ўринда Хитой Халқ Республикасида Ўзбекистонга, унинг тарихи, маданияти ҳамда замонавий тараққиётига бўлган қизиқиш тобора ортиб бораётганини қайд этиш лозим. Хусусан, 2013 йилдан эътиборан мамлакатда Ўзбекистон тадқиқотлари маркази фаолият кўрсатмоқда. Хитойнинг нуфузли ўқув-академик муассасаларидан бири ҳисобланадиган Шанхай халқаро тадқиқотлар университетида ўзбек тили кафедраси ишлаб турибди. Агар яқин вақтга қадар унда битта гуруҳ таҳсил олган бўлса, жорий йилдан бошлаб уларнинг сони иккитага етди. Бундан ташқари, 2016 йилнинг сентябридан эътиборан ўзбек тили нафақат кафедрада, балки Шанхай олий ўқув юртида -алоҳида факультатив дарс сифатида ўқитилади.

Маълумки, ШҲТ давлатлари катта илмий-техникавий салоҳиятга эгадир. Уларнинг бугунги тараққиётида “билимлар иқтисодиёти” изчил ошиб бораётгани кузатилмоқдаки, ташкилот мамлакатлари ўз интеллектуал салоҳиятини юксалтириш учун салмоқли ҳажмдаги маблағларни жалб этаяпти. Бу мазкур жабҳада яқин шерикликни йўлга қўйишни тақозо қилади.

Шу боис 2010 йилдан буён амал қилаётган фан ва техника бўйича ШҲТга аъзо мамлакатлар вазирликлари ҳамда идоралари раҳбарларининг учрашуви механизми самарадор эканлигини таъкидлаш жоиздир. Ўша йилнинг май ойидаёқ Пекинда тузилмага аъзо давлатлар вакилларининг бу йўналишдаги биринчи учрашуви бўлиб ўтди. Музокаралар чоғида кўп томонлама илмий-техникавий ҳамкорликни ривожлантириш ва ШҲТ ҳудудида илм-фан, янги технология ҳамда инновацияларни илгари суриш учун қулай шароитларни яратиш масалалари муҳокама этилди.

2013 йилнинг сентябрь ойида Илмий-техникавий ҳамкорлик тўғрисидаги ҳукумат-лараро Битим имзоланди. Ҳозирги пайтда 2017 — 2021 йилларда ташкилот доирасида лойиҳавий фаолиятни янада ривожлантириш бўйича Тадбирлар рўйхатининг лойиҳаси устида иш олиб борилаяпти. Бундан ташқари, ШҲТнинг 2025 йилгача ривожланиш стратегиясига мувофиқ, доимий мулоқот ва илмий-техникавий муваффақиятлар алмашуви воситасида ўзаро манфаатли инновация дастурлари ҳамда лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва ҳаётга татбиқ этиш режалаштирилмоқда.

Соғлиқни сақлаш соҳаси ШҲТ мамлакатлари ўзаро яқин алоқаларни йўлга қўйган яна бир йўналиш ҳисобланади. 2009 йил октябрида ҳукумат раҳбарлари ШҲТ ҳудудида юқумли касалликларга қарши курашиш юзасидан қўшма баёнот қабул қилишганида, томонларнинг мазкур жабҳадаги муносабатларни мустаҳкамлашга бўлган содиқлиги ўз тасдиғини топди. Ташкилот аъзолари юқумли касалликлар мониторингини юритиш, лаборатория тармоқлари салоҳиятини ошириш, кадрлар тайёрлаш, ВИЧ-инфекция ҳамда сил касаллигига қарши самарали курашиш бўйича ўз саъй-ҳаракатларини мувофиқлаштиришга келишиб олдилар.

ШҲТга аъзо давлатлар ҳудудида юқумли касалликлар келтириб чиқарадиган эпи-демия вазиятидан хабардор этиш бўйича изчил иш олиб борилмоқда. Тиббиёт соҳасидаги кооперациянинг ҳозирги ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилиш учун соғлиқни сақлаш вазирларининг йиғилишлари мунтазам равишда ўтказилмоқда. Уларнинг сўнгги йиғилиши 2015 йилнинг июль ойида Москвада (Россия) бўлиб ўтди.

Амалий ҳамкорлик экспертлар (2007 йилдан буён), соғлиқни сақлаш вазирликларининг катта лавозимли вакиллари ҳамда санитария-эпидемиология хизматлари раҳбарлари даражасида (2008 йил июнь ойидан бошлаб) амалга оширилаяпти.

2011 йилнинг июнь ойида имзоланган Соғлиқни сақлаш соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги Битимга биноан, томонлар юқумли касалликларнинг олдини олиш ва назорат қилиш, дори воситаларининг хавфсизлиги ҳамда сифатини таъминлаш, саломатликни муҳофаза этиш тизими ҳамда телетиббиётни ахборотлаштириш ва бошқа масалаларда бир-бирига кўмаклашади. Ҳамкорликнинг аниқ-равшан механизмлари ҳам кўзда тутилган. Улар илмий ҳамда инновацион муваффақиятлар, илғор ва замонавий технологиялар алмашуви, халқаро тадбирларда (кўргазма, конференция, симпозиум ҳамда бошқалар) қатнашиш, жамоатчилик саломатлигига хавф туғдирадиган фавқулодда вазиятларда тезкор ахборот алмашишдан иборатдир.

2013 йилнинг ноябрь ойида Тошкентда ушбу соҳада кўриладиган чора-тадбирларнинг “йўл харитаси” бўлиб хизмат қиладиган тегишли дастур қабул қилинди.

«Жаҳон» АА.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn