Молиявий ҳужжат ижроси депутатлар томонидан кўриб чиқилмоқда
  • 28 Май 2016

Молиявий ҳужжат ижроси депутатлар томонидан кўриб чиқилмоқда

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитасининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Унда қуйи палата депутатлари, вазирлик ҳамда идоралар раҳбарлари, мутахассислар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2015 йилдаги ҳамда 2016 йилнинг биринчи чорагидаги ижроси якунлари кўриб чиқилди.

Маълумки, мамлакатимизнинг асосий молиявий ҳужжати ижроси устидан парламент назоратини амалга ошириш Қонунчилик палатасининг устувор вазифаларидан бўлиб, бу депутатлар корпусининг доимий диққат-эътиборидадир. “Парламент назорати тўғрисида”ги Қонун талабларига мувофиқ аввалроқ сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон Экологик ҳаракати депутатлар гуруҳи йиғилишларида Вазирлар Маҳкамасининг ушбу масала юзасидан ҳисоботи дастлабки тарзда кўриб чиқилган эди.

Йиғилишда жаҳон молиявий инқирози давом этаётганига қарамай, юртимиз иқтисодиётида ижобий таркибий силжишлар, сифат ўзгаришлари ҳамда ижобий тенденциялар кузатилаётгани, иқтисодий дастурнинг энг муҳим вазифалари изчил бажарилаётгани боис ҳисобот даврида иқтисoдиётнинг юқoри ва бaрқaрoр суръaтлaрда ўсиши ҳамдa мaкрoиқтисoдий мувoзaнaт тaъминлaнгани таъкидланди.

Чунончи, 2015 йил якунларига кўра, ялпи ички маҳсулот 8 фоиз, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 8 фоиз, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш 6,8 фоиз, капитал қурилиш 17,8 фоиз, чакана савдо айланмаси 15 фоиз, пуллик хизматлар кўрсатиш ҳажми 10,8 фоиз ўсишига эришилди.

Ҳисобот даврида фаол инвестиция сиёсати олиб борилиши натижасида иқтисодиётимиз етакчи тармоқларида инвестицияларнинг 67,1 фоизи янги ишлаб чиқариш қувватларини барпо этишга йўналтирилди. Бу эса 2015 йилда 158 та йирик ишлаб чиқариш объекти қурилишини якунлаш ҳамда фойдаланишга топшириш имконини берди.

Аҳоли бандлигини таъминлаш дастурларини амалга ошириш доирасида 980 мингдан ортиқ иш ўринлари яратилди.

Тадбирда ялпи ички маҳсулотда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг улуши 2000 йилдан буён 31 фоиздан 56,7 фоизга ўсганлиги алоҳида таъкидланди.

Ҳозирги пайтда ушбу соҳада жами саноат маҳсулотларининг учдан бир қисми ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 98 фоизи ишлаб чиқарилмоқда. Иш билан банд бўлган аҳолининг 77 фоиздан зиёди мазкур тармоқда меҳнат қилаётир.

Шунингдек, мамлакатда иқтисодиётни ривожлантириш борасидаги комплекс чора-тадбирлар туфайли 2015 йилда Давлат бюджети тасдиқланган параметрларга мувофиқ амалга оширилганлиги ҳамда иқтисодиётга солиқ юкининг камайтирилгани ҳолда ялпи ички маҳсулотга нисбатан профицит билан ижро этилганлиги, инфляция даражаси эса белгиланган прогноз кўрсаткичларидан ошмаганлиги қайд этилди.

— Устувор вазифаларнинг тизимли равишда олиб борилаётгани боис 2016 йилнинг биринчи чорагида ҳам республика иқтисодиётида муҳим ижобий ўзгаришлар таъминланган, — дейди Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси аъзоси Элдор Туляков. — Жумладан, ялпи ички маҳсулот ҳажми 7,5 фоиз, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 7 фоиз, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш 6,7 фоиз ўсган. Шу билан бирга, Давлат бюджети ялпи ички маҳсулотга нисбатан 0,1 фоиз миқдорида профицит билан ижро этилган.

Йиғилишда жаҳон бозорида талабнинг кескин қисқариши, мавҳумлик ва рақобатнинг кучайиб боришига қарамай, Ўзбекистонда экспорт қилувчи корхоналарни рағбатлантириш ҳамда уларга ўз маҳсулотини ташқи бозорда сотиши учун зарур ёрдам кўрсатиш борасида қабул қилинаётган самарали чора-тадбирлар экспорт ҳажми ўсиш тенденциялари сақланишини ва ташқи савдо айланмасининг ижобий сальдосини таъминлаётганлиги таъкидланди. Йил бошидан ўз маҳсулотини аввал экспорт қилмаган 583 та корхона экспорт фаолиятига жалб этилди, шунингдек, 95 турдаги янги маҳсулот ташқи бозорга чиқарилди.

Шу билан бирга, иштирокчилар айрим камчиликларнинг олдини олиш масаласига алоҳида эътибор қаратишди. Ўз навбатида, депутатлар муҳокамаларда ҳисобот даврида баъзи бюджет ташкилотларида маблағларнинг ишлатилиши билан боғлиқ молиявий ҳуқуқбузарликларга йўл қўйилаётганига танқидий ёндашдилар.

Тадбирда бюджетдан ажратилаётган маблағларнинг самарали ва мақсадли сарфланишини таъминлашда мутасадди вазирлик ҳамда идоралар ва ҳокимликлар масъулиятини янада ошириш, бюджетдан маблағ олувчи ташкилотларда -молиявий интизомга риоя қилинишини кучайтириш юзасидан аниқ таклифлар билдирилди.

Йиғилишда Солиқ ва Божхона қўмиталарининг Давлат бюджети даромад қисмининг ижроси тўғрисидаги, Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасининг аҳолини иш билан таъминлаш дастури ижроси ҳақидаги ҳамда иқтисодиёт асосий тармоқларидаги бошқа хўжалик бирлашмаларининг ҳисоботлари эшитилди.

Якунда билдирилган фикр-мулоҳазалар асосида қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

Зиёда АШУРОВА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn