Долзарб масала муҳокамасига бағишланди
  • 28 Май 2016

Долзарб масала муҳокамасига бағишланди

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида парламент юқори палатасининг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси томонидан ўтказилган мажлисда қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибдаги уй-жойлар қуриш дастурининг Бухоро вилоятидаги ижроси натижалари муҳокама этилди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, “Қишлоқ қурилиш инвест” инжиниринг компанияси, “Қишлоқ қурилиш банк” АТБ, тегишли вазирликлар ҳамда идоралар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.

Йиғилишда таъкидланганидек, қишлоқлар қиёфасини тубдан ўзгартириш, аҳоли турмуш даражасини янада ошириш мақсадида давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ҳудудларда намунавий лойиҳалар бўйича замонавий якка тартибдаги уй-жойлар қуришга доир кенг кўламли дастурлар ишлаб чиқилиб, ҳаётга татбиқ этилмоқда. Эътиборлиси, бу борада қишлоқ аҳоли пунктларининг ўзига хос табиий ҳамда иқлим хусусиятлари, ўзбек оиласининг миллий анъаналари ҳисобга олинаётир. Шу билан бирга, замонавий транспорт, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмани жадал суръатларда шакллантиришга катта аҳамият берилаяпти.

“Қишлоқ жойларда уй-жой қурилишини ривожлантириш” лойиҳасини рўёбга чиқаришда ўтган даврда Президентимиз ҳамда Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинган қарорлар муҳим роль ўйнади.

Эътироф этилганидек, 2014-2015 йилларда мамлакатимизнинг қишлоқ туманларида 624 та янги тураржой массиви қурилди. Уларда 23 мингдан ортиқ якка тартибдаги уй-жой барпо қилинди, шунингдек, 356 та бозор ва ижтимоий инфратузилма объекти фойдаланишга топширилди. Жумладан, Бухоро вилоятида ушбу даврда қурилган 45 та тураржой массивида бир минг 762 та якка тартибдаги уй-жой қад ростлади.

— Мазкур иншоотларни қуриш учун Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки, “Қишлоқ қурилиш банк” акциядорлик тижорат банки, “Ипотека-банк” акциядорлик тижорат ипотека банки вилоят филиаллари томонидан 2014-2015 йилларда фуқароларга 189 миллиард сўм миқдорида имтиёзли ипотека кредитлари берилгани эътиборга моликдир, — дейди Олий Мажлис Сенати аъзоси Азим Латипов. — Шу ўринда халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгаши ҳамда унинг доимий комиссиялари томонидан мазкур йўналишдаги дастурлар ижроси мунтазам назорат қилиб борилаётганини айтиш жоиз. Хусусан, саноат, транспорт, коммунал хўжалик, алоқа ва аҳолига хизмат кўрсатиш масалалари бўйича доимий комиссиялар ушбу масалаларни бир неча марта ўрганиб чиқди.

Тадбирда халқ депутатлари вилоят ҳамда туман Кенгашлари, уларнинг доимий комиссиялари, ҳокимликлар, тегишли ташкилотлар раҳбарлари томонидан қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибдаги уй-жой қуриш дастури ижросини таъминлаш чоғида йўл қўйилаётган камчиликлар хусусида ҳам сўз юритилди.

Мажлисда муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn