Депутатлар Давлат бюджети ҳисоботини муҳокама қилмоқдалар
  • 27 Май 2016

Депутатлар Давлат бюджети ҳисоботини муҳокама қилмоқдалар

Маълумки, парламент назоратининг қонунчиликда мустаҳкамланган замонавий шакллари ва усулларидан фаол фойдаланиш, шу жумладан, мамлакатимизнинг энг муҳим иқтисодий ҳужжати — Давлат бюджетининг шакллантирилиши ҳамда ижро этилиши устидан парламент назоратини амалга ошириш сиёсий партиялар фракциялари фаолиятининг асосий йўналишларидан биридир.

Аввал хабар қилинганидек, сиёсий партияларнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциялари йиғилишларида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2015 йилдаги ҳамда 2016 йил биринчи чорагидаги ижроси тўғрисидаги ҳисобот депутатлар томонидан дастлабки тарзда муҳокама этиш асосида кўриб чиқилди.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг парламент қуйи палатасидаги фракцияси йиғилишида мазкур ҳисобот ҳар томонлама таҳлил қилинди.

Мамлакатимизнинг асосий молиявий ҳужжати — Давлат бюджетини қабул қилиш бўйича миллий парламентда ўзига хос шаклланган механизм солиқ ҳамда бюджет сиёсатининг асосий йўналишларини ва Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети самарали ижро этилишини таъминламоқда.

Йиғилишда 2015 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишлари изчил ҳамда тизимли амалга оширилиши натижасида иқтисодий ўсишнинг барқарор ва юқори суръатларга ҳамда макроиқтисодий мувозанатга эришилгани, бу жорий йилнинг биринчи чорагида ҳам сақлаб қолингани, буларнинг барчаси иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларини янада ривожлантириш учун мустаҳкам замин яратгани таъкидланди.

Фракция аъзолари Давлат бюджети ҳамда мақсадли давлат жамғармалари бюджетлари ижросини партия электоратининг манфаатлари ва сайловолди Дастурида белгиланган вазифаларни рўёбга чиқариш нуқтаи назаридан муҳокама қилишди. Хусусан, йил давомида мелиоратив объектларни қуриш ҳамда реконструкция қилиш бўйича олиб борилган пудрат ишлари, жумладан, очиқ ва ёпиқ дренаж тармоқлари, мелиоратив насос станциялари ҳамда бошқа муҳим мелиоратив ва гидротехник иншоотларни қуриш ҳамда қайта қуриш саъй-ҳаракатлари диққат-эътиборда бўлди.

Депутатлар мазкур тадбирлар қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажмининг ортишига, уларни саноат асосида чуқур қайта ишлашга, етиштирилган маҳсулотларни сақлаш инфратузилмасининг ривожланишига туртки бўлганини алоҳида қайд этдилар.

Фракция аъзолари муҳокамаларда билдирилган фикр-мулоҳазалардан келиб чиқиб, Давлат бюджетининг ижроси тасдиқланган параметрларга мувофиқ таъминланганлигини эътироф этишди.

* * *

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг парламент қуйи палатасидаги фракцияси йиғилишида жаҳон иқтисодиётида кечаётган мураккаб жараёнлар, салбий тенденциялар ва бозор конъюнктурасидаги беқарорликларга қарамасдан, Ўзбекистонда Давлат бюджети ялпи ички маҳсулотга нисбатан профицит билан ижро этилгани таъкидланди. Дунёдаги айрим ривожланган давлатларда ижтимоий соҳа харажатлари қисқартирилаётган бир пайтда мамлакатимиз бюджети ижтимоий соҳага салмоқли маблағ йўналтираётгани билан бошқалардан ажралиб туради.

Фракция аъзолари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ҳамда давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2015 йилдаги ва жорий йил биринчи чорагидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни партиянинг дастурий мақсадлари ҳамда сайловолди Платформасида белгиланган вазифалардан келиб чиққан ҳолда кўриб чиқишди ва атрофлича муҳокама қилишди.

Айтиб ўтилганидек, Давлат бюджети асосий параметрларининг ижросини таъминлашда тараққиётнинг “ўзбек модели” асосида бозор муносабатларини босқичма-босқич ривожлантиришга оид изчил ислоҳотлар, иқтисодиётни диверсификация қилиш ҳамда -таркибий ўзгартириш, ишлаб чиқаришга замонавий, илғор технологияларни жорий этиш, жаҳон майдонида миллий иқтисодиётнинг рақобатдошлигини оширишга эътибор қаратилган. Бу эса давлатимиз раҳбари томонидан 

2015 йилга белгилаб берилган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишлари ва вазифалари тизимли aмaлгa oширилгани, пировардида иқтисoдиётнинг юқoри ҳамда бaрқaрoр суръaтлaрда ўсиши таъминланганини кўрсатмоқда.

Фракция аъзолари, шунингдек, мамлакатимизнинг тарихий-меъморий, ижтимоий-маданий меросини асраб-авайлаш ва сақлашга йўналтирилган сарф-харажатлар кўламини ҳар томонлама таҳлил қилдилар. Ушбу мақсадларга Давлат бюджетидан сарфланган маблағлар юртимиз маданий ҳамда археологик мерос объектларида таъмирлаш ва консервация ишларини амалга ошириш бўйича дастурлар ижросини таъминлашга хизмат қилаётир.

Муҳокамалар чоғида фракция аъзолари томонидан “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” белгиси остида жаҳон бозорига маҳсулот чиқаришга ҳамда импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар тайёрлаётган ишлаб чиқарувчиларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлашга йўналтирилган чора-тадбирларни тизимли давом эттириш зарурлиги таъкидланди.

Шу билан бирга, Бюджет кодекси моддаларини амалга оширишда бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчи ташкилотлар мансабдор шахсларининг масъулиятини юксалтириш бўйича аниқ механизмларни ишлаб чиқиш, шу орқали молиявий интизомга риоя этилишини тўла таъминлаш ҳамда бошқа масалалар фракция аъзоларининг диққат-эътиборида бўлди.

* * *

Ўзбекистон Экологик ҳаракатининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги депутатлар гуруҳи йиғилишида 2015 йилда Давлат бюджетидан атроф-муҳит, хусусан, атмосфера ҳавоси ва сув ҳамда ер ресурслари, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси муҳофазасига, оқова сув тозалаш иншоотларини қуриш ҳамда қайта таъмирлашга, ўрмончилик ва кўкаламзорлаштириш, биохилмахилликни ҳамда муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни сақлаш ва янгиларини барпо қилишга, шунингдек, экологик йўналишдаги бошқа тадбирларга сарфланган маблағлар масаласи атрофлича таҳлил қилинди.

Чунончи, мамлакатимизда атроф табиий муҳит давлат мониторинги ҳамда атроф-муҳит муҳофазаси юзасидан давлат дастурларини амалга ошириш бўйича тадбирларга Давлат бюджетидан жами 

9 млрд. сўмлик маблағ сарфланган. Қишлоқ аҳоли пунктларини ичимлик суви билан таъминлашни янада яхшилаш дастури доирасидаги ишларга 170,2 млрд. сўмлик маблағлар йўналтирилган.

Муҳокамалар чоғида Экоҳаракат депутатлар гуруҳи аъзолари соҳага белгиланган инвестициялардан фойдаланиш самарадорлигини, Давлат бюджетидан атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда экологик муаммоларни ҳал этишга йўналтирилган маблағлар ҳажми ошганлигини алоҳида таъкидладилар.

Шунингдек, аҳоли саломатлигини яхшилаш ва экологик муаммоларни ҳал этиш учун Давлат бюджетидан ажратилаётган маблағлардан мақсадли фойдаланиш ҳамда бюджет интизомига риоя қилиниши юзасидан назоратни кучайтириш, атроф-муҳитни муҳофаза этиш ва табиий ресурслардан фойдаланишга қаратилган дастурларнинг Давлат бюджетидан молиялаштириладиган чора-тадбирлар ижросини тўла таъминлаш юзасидан фикрлар билдирилди.

Йиғилишларда фракциялар ҳамда Экоҳаракат депутатлар гуруҳи аъзолари Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2015 йилдаги ҳамда 2016 йил биринчи чорагидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни маъқулладилар.

Зиёда АШУРОВА.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn