Давлат бюджети ижроси — фракциялар муҳокамасида
  • 26 Май 2016

Давлат бюджети ижроси — фракциялар муҳокамасида

Шу кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида сиёсий партиялар фракциялари йиғилишлари бўлиб ўтмоқда. Уларда “Парламент назорати тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2015 йилдаги ҳамда 2016 йил биринчи чорагидаги ижроси тўғрисидаги масалалар депутатлар томонидан қизғин муҳокама қилинаяпти.

Зеро, бюджет назорати жаҳон парламентаризмининг муҳим вазифаларидан биридир.

Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг парламент қуйи палатасидаги фракцияси йиғилишида таъкидланганидек, ҳисобот даврида Давлат бюджети ижроси доирасида тасдиқланган бюджет кўрсаткичлари асосида юртимизда иқтисодий дастурларнинг энг муҳим устувор вазифалари тизимли равишда амалга оширилиши натижасида ўсишнинг барқарор юқори суръатларини ва макроиқтисодий мувозанатни сақлаш, мамлакат иқтисодиётини модернизациялаш ҳамда диверсификациялаш таъминланган. Аҳоли даромадлари ортиши туфайли ички истеъмол эҳтиёжлари юксалиб бормоқда.

Фракция аъзолари ўтган йилда партиянинг бош мақсади бўлган асосий вазифа — одамларнинг муносиб ҳаёт даражаси ва сифатини таъминлаш ҳамда ривожланган демократик давлатлар қаторидан ўрин эгаллаш бўйича, аввало, ижтимоий-иқтисодий йўналтирилган ислоҳотларни рўёбга чиқариш йўлида катта қадамлар қўйилганини қайд этишди.

Айниқса, ижтимоий соҳани янада ривожлантириш, мамлакатимиз аҳолисининг даромадлари ва турмуш даражасини муттасил ошириб бориш масалалари Ҳукумат фаолиятида катта ўрин тутди. Жумладан, 2015 йилда ижтимоий харажатларни молиялаштириш учун Давлат бюджетидан 21,3 трлн. сўм ёки умумий харажатларнинг 58,8 фоизи миқдорида маблағ ажратилди.

Йиғилишда ижтимоий соҳага ҳамда аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш тадбирларига йўналтирилган маблағлар мақсадли сарфланишига, Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси даромадлари шакллантирилиши ва улар харажатларининг мақсадли ҳамда манзилли сарфланишига алоҳида эътибор қаратилиб, жорий йилда бу борадаги ишларни янада кучайтириш лозимлиги айтиб ўтилди.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси аъзолари эришилган ютуқлар билан бирга, ечимини кутаётган айрим муаммолар хусусида ҳам тўхталдилар.

* * *

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракцияси аъзолари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2015 йилги ижросини дастлабки тарзда муҳокама қилиш чоғида асосий эътиборни ижтимоий адолат ғояларига таянган ҳолда, таълим--тарбия, маданият, соғлиқни сақлаш соҳаларидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштиришга йўналтирилган давлат бюджети маблағларининг мақсадли сарфланишига қаратдилар.

Таъкидлаб ўтилганидек, ушбу тизимни ислоҳ этиш бўйича қабул қилинган дастурлар доирасидаги барча тадбирни молиялаштириш таъминланди. Маданият ва спорт ривожига ҳам ўтган давр мобайнида салмоқли маблағлар ажратилди. Буларнинг барчаси мамлакатимизда ёш авлоднинг жисмонан соғлом ҳамда маънан баркамол бўлиб вояга етишига хизмат қилмоқда.

Хусусан, 2015 йилда ижтимоий соҳа харажатларининг асосий қисми таълим муассасаларини сақлаш ва уларни ривожлантиришга йўналтирилди. Депутатлар томонидан ушбу маблағлар сарфланиши ҳолати атрофлича муҳокама этилиб, барча таълим муассасасининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, уларни замонавий ахборот-коммуникация технологиялари, электрон ўқув-таълим дастурлари ҳамда мультимедиа маҳсулотлари билан таъминлаш ишлари таҳлил қилинди.

Фракция аъзолари “Адолат” СДПнинг сайловолди дастуридан келиб чиқиб, соғлиқни сақлаш муассасаларини замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминлаш ва касалликларнинг профилактикасига йўналтирилган маблағлар мақсадли сарфланиши бўйича кўрилаётган чора-тадбирларни муҳокама этишди.

Шунингдек, қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар асосида якка тартибда уй-жойлар қуриш бўйича мақсадли давлат дастурининг амалга оширилиши борасида олиб борилаётган юмушлар атрофлича кўриб чиқилди. Ушбу дастур доирасида 2015 йилда 12 мингта янги тураржой барпо қилинган. Ўз навбатида, депутатлар намунавий лойиҳалар асосида қурилаётган уйларга келгусида энергия тежайдиган технологияларни жорий этиш ҳамда ижтимоий объектларни бунёд қилиш юзасидан ўз таклиф ва тавсияларини билдиришди.

Йиғилишларда фракциялар аъзолари ҳисоботни маъқулладилар.

Зиёда АШУРОВА,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn