«Электрон ҳукумат» — фаолият очиқлигининг муҳим асоси
  • 24 Май 2016

«Электрон ҳукумат» — фаолият очиқлигининг муҳим асоси

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси томонидан Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан ҳамкорликда “Электрон ҳукумат”ни жорий этишнинг ҳуқуқий асослари” мавзуида давра суҳбати ўтказилди.

Парламент қуйи палатаси депутатлари, давлат органлари раҳбарлари ва масъул ходимлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакиллари ҳамда соҳа мутахассислари қатнашган мазкур тадбирда “Электрон ҳукумат” тизими фаолияти ва жорий қилинишини тартибга солувчи қонунчиликнинг амалиётда қўлланилиши самарадорлигини ошириш масалалари атрофлича муҳокама этилди.

Таъкидланганидек, бугунги кунда кенг турдаги интерфаол хизматлар кўрсатишни ўз ичига олган ахборот-коммуникация технологияларининг барча жабҳадаги роли ҳамда аҳамияти тобора ортиб бормоқда. 2015 йилнинг 9 декабрида Президентимиз томонидан имзоланган “Электрон ҳукумат тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни бу борадаги ишлар кўламини янада кенгайтиришда муҳим ҳуқуқий асос бўлди.

Бинобарин, ушбу ҳуқуқий ҳужжат давлат бошқаруви тизимидаги маъмурий ислоҳотларни чуқурлаштириш, “бир дарча” тамойили асосида электрон давлат хизматларини кўрсатиш ва уни доимий такомиллаштириб бориш, давлат органлари фаолиятининг очиқлиги ҳамда ошкоралигини, пировардида аҳолининг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга хизмат қилади.

Давра суҳбатида миллий ахборот маконини янада ривожлантириш, “Электрон ҳукумат” тизимини такомиллаштириш ҳамда жорий этишда 2013 — 2020 йилларда Ўзбекистон Республикасининг Миллий ахборот-коммуникация тизимини ривожлантириш комплекс дастури ҳам алоҳида аҳамиятга эгалигига урғу берилди. Унга кўра, 2013 — 2020 йилларда 2,1 трлн. сўмлик телекоммуникация технологиялари ва алоқа инфратузилмасини ривожлантиришга қаратилган 17 лойиҳа, “Электрон ҳукумат” маълумотлар базаси ҳамда ахборот тизимлари комплексини яратишга оид 28 та тадбир ҳамда лойиҳалар рўёбга чиқарилади.

Мулоқот чоғида тегишли вазирлик ва идораларнинг “Электрон ҳукумат” лойиҳасидаги “Солиқ”, “Божхона”, “Бюджет” каби долзарб тизимлари ҳақида йиғилганларга ахборот тақдим этилди. Ўз навбатида, иштирокчиларга давлат ҳамда жамият ҳаётидаги муҳим ахборот тизимлари, юридик ва жисмоний шахсларнинг давлат органларига мурожаати, тадбиркорлик фаолиятини тартибга солишни янада либераллаштириш билан боғлиқ жараёнларни соддалаштиришга қаратилган комплекс чора-тадбирларнинг бориши тўғрисида батафсил маълумот берилди.

Шунингдек, АҚШ, Жанубий Корея, Сингапур каби мамлакатларнинг “Электрон ҳукумат” тизимини жорий қилиш ҳамда -ривожлантириш бўйича амалиёти билан танишиб чиқилди.

Тадбир якунида электрон давлат хизматлари кўрсатиш стандартлари ва уни баҳолаш методикаси, электрон ҳукумат лойи-ҳаларининг самарадорлиги бўйича мақсадли кўрсаткичларни ишлаб чиқиш ҳамда тасдиқлаш, электрон ҳукуматни амалга ошириш ва фаолият юритиши билан боғлиқ ахборот соҳасидаги қонунларни амалиётга татбиқ этишни янада такомиллаштириш юзасидан таклиф ҳамда тавсиялар ишлаб чиқилди.

Зиёда АШУРОВА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn