Депутатлар соғлиқни сақлаш вазирининг ахборотини эшитдилар
  • 20 Май 2016

Депутатлар соғлиқни сақлаш вазирининг ахборотини эшитдилар

19 май куни Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси ташаббусига кўра, Ўзбекистон Республикаси  Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Депутатлар соғлиқни сақлаш вазири А. Алимовнинг фуқаролар соғлиғини муҳофаза қилиш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисидаги ахборотини эшитдилар.

Мажлисда мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов раҳбарлигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини янги даражага кўтарганлиги, бу эса фуқаролар соғлиғини янада мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этаётганлиги қайд этилди. Соғлом турмуш тарзини шакллантириш, оилаларни мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилишни таъминлаш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар аҳолининг соғлиғини мустаҳкамлашга ҳамда турмуш даражасини оширишга имкон беради. Бунинг учун мустаҳкам ҳуқуқий асослар яратилган бўлиб, улар доимий тарзда такомиллаштириб борилмоқда. “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастурининг ишлаб чиқилиши ҳамда қабул қилиниши ушбу йўналишда олиб борилаётган ишлар самарадорлигини янада оширишнинг муҳим босқичи бўлди.

Депутатлар Ўзбекистонда аҳоли барча қатлами учун тиббий ёрдамдан фойдалана олиш ҳуқуқи, ижтимоий ҳимояланганлик принциплари асосида фуқароларнинг соғлиғини муҳофаза қилишга доир ҳуқуқларини давлат томонидан кафолатлашни таъминлаш юзасидан ишлар изчил олиб борилаётганлигини, соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ этиш бўйича тизимли чора-тадбирлар кўрилаётганлигини, ушбу соҳага ажратилаётган бюджет маблағлари ошиб бораётганлигини алоҳида таъкидладилар.

Парламент аъзолари эшитув давомида ўзларини қизиқтирган саволларга тўлиқ жавоб олдилар.

Мажлисда фуқаролар соғлиғини муҳофаза қилиш соҳасидаги тармоққа оид қонунларнинг амалга оширилиши ҳолатига ҳам эътибор қаратилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг “Психиатрия ёрдами тўғрисида”ги Қонунининг ижро этилиши масалалари ҳам кўриб чиқилди. Ушбу Қонунга асосан, аҳолига психиатрия ёрдами кўрсатиш, шу жумладан, текширувдан ўтказиш, тиббий-ижтимоий реабилитация, шунингдек, тегишли муассасалар фаолиятининг самарадорлигини кучайтириш  чора-тадбирлари амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, депутатлар айрим муассасаларнинг моддий-техника базасини ва кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлашга, улар фаолиятининг самарадорлигини ҳамда касалликларнинг олдини олиш ва даволашга доир ишлар сифатини янада юксалтиришга қаратилган тавсияларни баён этдилар.

Қонунчилик палатаси қўмиталарига ушбу соҳадаги қонун ҳужжатларини синчиклаб инвентаризациядан ўтказиш ҳамда амалдаги қонун ҳужжатларини ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш тавсия этилди.

Ахборотни эшитиш якунларига кўра Қонунчилик палатаси тегишли қарор қабул қилди.

Ўзбекистон Республикаси

 Олий Мажлиси

Қонунчилик палатасининг

Ахборот хизмати.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn