Давлат харидлари тизимини такомиллаштириш — долзарб масала
  • 19 Май 2016

Давлат харидлари тизимини такомиллаштириш — долзарб масала

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитасининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Бюджет кодексининг давлат харидларини амалга оширишга доир нормаларининг Сирдарё вилоятидаги ижроси юзасидан ўтказилган назорат-таҳлил якунлари муҳокама этилди.

Бозор инфратузилмаси тараққий топган мамлакатлар тажрибасидан маълумки, давлат харидлари тизими ҳар қандай мамлакат ичида маълум турдаги товарлар ва хизматлар -айирбошлаш соҳасининг ажралмас қисми, хўжалик юритишнинг либерал бошқарув тури ҳамда рақобатни ривожлантиришнинг муҳим механизми ҳисобланади.

Йиғилишда таъкидланганидек, бугунги кунда юртимизда унинг мустаҳкам ҳуқуқий асоси яратилган. Хусусан, Президентимизнинг 2011 йил 7 февралдаги “Давлат харидлари тизимини мақбуллаштириш ва уларга кичик бизнес субъектларини жалб этишни кенгайтириш тўғрисида”ги ҳамда 2013 йил 5 апрелдаги “Электрон харидлар тизимини мақбуллаштириш ва улардан тадбиркорлик субъектларининг фойдаланишини кенгайтириш тўғрисида”ги қарорлари соҳани ривожлантиришда дастуриламал бўлмоқда.

Бинобарин, ушбу ҳужжатлар асосида электрон шаклдаги харидлар тизими янада кенгайди. Кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорлик субъектлари ўртасида рақобат кучайиб, уларни мазкур тизимга янада кенгроқ жалб этиш учун қулай шароит яратилди.

Бу эса, ўз навбатида, бюджет маблағларини ишлатишда очиқлик ва ошкораликни таъминлаш, табиий монополия субъектларининг товарлари ҳамда хизматлари нархларини мақбуллаштириш имконини берди.

Тадбирда ўтган даврда юртимизда давлат харидлари тизимини ривожлантириш баробарида, электрон аукцион ва каталог ҳамда корпоратив харидлар каби замонавий электрон ахборот технологияларига асосланган тизим тўлақонли фаолият кўрсатаётгани қайд этилди. Чунончи, Сирдарё вилоятида ҳам 2015 йилда электрон аукцион ва каталог савдолари натижаси бўйича умумий қиймати қарийб 21 млрд. сўмлик жами 13 мингта шартнома тузилган. Ўтказилган савдолар натижасида салкам 10 млрд. сўмлик бюджет маблағлари иқтисод қилинган. Давлат харидларини амалга ошириш жараёнида вилоятнинг Гулистон шаҳри, Боёвут, Сирдарё, Сайхунобод туманларида бюджет маблағлари салмоқли миқдорда тежалган.

Депутатлар амалда электрон ахборот порталига бюджет ташкилотлари томонидан товарларни харид қилиш юзасидан эълон ва буюртмаларни жойлаштиришда, буюртмачиларнинг бу товарларни қабул қилиб олишида, етказиб берувчиларнинг, шартномага мувофиқ, товарларни ўз вақтида етказиб беришида ҳамда бошқа айрим масалаларда кўзга ташланган камчиликларга ҳам эътибор қаратдилар. Айни чоғда харид қилиниши лозим бўлган товарлар бўйича буюртмалар махсус электрон порталда жойлаштирилиши, электрон савдолар ўтказилиши, шунингдек, маҳаллий ҳокимликлар томонидан давлат харидларига кичик бизнес субъектларини янада кенг жалб этиш мақсадга мувофиқлиги айтиб ўтилди.

Муҳокамалар жараёнида юқоридаги масалани ўрганиш давомида вилоятда қўмита ташаббуси билан давлат харидларини амалга оширишдаги мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимига бағишланган давра суҳбати ўтказилгани, унда соҳани янада такомиллаштиришга доир тавсиялар берилгани таъкидланди.

Йиғилишда депутатлар томонидан амалга оширилган назорат-таҳлил ишлари натижалари асосида соҳага оид қонунчилик ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш юзасидан қатор таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди. 

Муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

Зиёда АШУРОВА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn