Меҳнат муносабатлари ва қонунчилик
  • 12 Май 2016

Меҳнат муносабатлари ва қонунчилик

Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан Тошкент давлат юридик университети ҳамкорлигида “Меҳнат кодекси: ютуқлар ва истиқболдаги устувор вазифалар” мавзуида республика илмий-амалий конференцияси ўтказилди.

Унда тегишли вазирлик ҳамда идоралар, жамоат ташкилотлари, мамлакатимизда аккредитациядан ўтган хорижий ташкилотлар вакиллари, ҳуқуқшунослар, шунингдек, оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодекси МДҲ мамлакатлари миқёсида ҳар томонлама пухта ишлаб чиқилган ҳужжат сифатида эътироф этилгани алоҳида таъкидланди. Дарҳақиқат, 1996 йил 1 апрелдан кучга кирган ушбу Кодекс билан меҳнат муносабатларининг шартномавий тартибга солиниши кенгайтирилди ҳамда ижтимоий шерикликни ривожлантириш учун мустаҳкам ҳуқуқий замин яратилди.

— Ўз вақтида Меҳнат кодекси Халқаро меҳнат ташкилоти экспертлари томонидан юқори баҳоланган эди, — дейди Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши юридик бўлими мудири Д. Кимсанов. — Бу бежиз эмас. Мазкур ҳужжат ҳаётга татбиқ этилганидан буён салмоқли натижалар қўлга киритилди. Хусусан, бу борадаги қонунчилик меҳнат бозори самарали фаолият юритишини, ходим ва иш берувчилар манфаатлари уйғунлигини таъминлашга ҳамда иш берувчиларнинг рақобатдош маҳсулот ишлаб чиқаришдан манфаатдорлигини юксалтиришга, ходимларнинг меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоялаш механизмларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиб келмоқда.

Илмий-амалий конференцияда меҳнат муносабатлари соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар туфайли эришилган ютуқлар чуқур таҳлил этилди. Шу билан бирга, меҳнат ва аҳоли бандлиги ҳамда юртимизда ижтимоий меҳнат муносабатлари борасида шерикликни ривожлантириш масалалари атрофлича кўриб чиқилди.

Конференцияда Меҳнат кодексини аҳоли ўртасида кенг тарғиб этиш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида ҳам батафсил сўз юритилди. Хусусан, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан юртимизнинг барча ҳудудида ўқув-семинарлар, давра суҳбатлари, конференция ҳамда учрашувлар ўтказилаётир. Меҳнат жамоалари, олий ва ўрта махсус таълим муассасаларида уюштирилаётган бундай тадбирлар аҳолининг шу йўналишдаги билим ҳамда кўникмаларини мустаҳкамлаяпти. Бундан ташқари, малака ошириш институтлари, ўқув-методика марказлари, қайта тайёрлов ва малака ошириш курслари ўқув дастурларига миллий ҳамда халқаро меҳнат стандартлари бўйича махсус курслар киритилган бўлиб, бу ходимларнинг ижтимоий меҳнат муносабатларига оид билимини янада кучайтирмоқда. Шунингдек, соҳага тегишли танлов ва викториналар ўтказилаётгани ҳам бу борада айни муддао бўлаётир.

Тадбир доирасида “Меҳнат кодексини биласизми?” он-лайн викторинаси ғолибларига диплом ҳамда эсдалик совғалари топширилди.

Шунингдек, “Касаба уюшмаси кутубхонаси” туркумида чоп этилган китоб тақдимоти ўтказилди. Илмий-амалий конференцияда билдирилган мулоҳазалар асосида тавсиялар ишлаб чиқилди.

 

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn