Маҳалла сайлови демократик тамойиллар асосида ўтмоқда
  • 11 Май 2016

Маҳалла сайлови демократик тамойиллар асосида ўтмоқда

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2016 йил 5 мартдаги қароридан келиб чиқиб, мамлакатимизнинг барча туман ва шаҳарларида фуқаролар йиғинлари раислари ҳамда уларнинг маслаҳатчилари сайловига пухта ҳозирлик кўрилди. Айни чоғда ушбу муҳим тадбир жойларда ошкоралик, муқобиллик ва тенглик каби демократик тамойилларга мос ҳолда ўтказилмоқда.

Фарғона вилоятининг шаҳар ҳамда туманларида ҳам 5 майдан фуқаролар йиғинлари раислари ва улар маслаҳатчилари сайлови бошланди. Ҳудудлардаги илк сайловлар намунали тарзда уюштирилди. Хусусан, Тошлоқ туманидаги “Қанжирға” маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб ўтган сайловда туман кўмаклашувчи комиссияси ҳамда ишчи гуруҳлар аъзолари қатнашди.

Дастлаб ушбу сайлов кун тартиби тасдиқланиб, раёсат аъзолари, саноқ комиссияси раиси ва аъзолари сайланди. Маҳалла раислигига 3 нафар номзод кўрсатилган бўлиб, улар сайловчиларни ўзларининг келгуси фаолият дастурлари билан таништирди. Натижада номзодлар орасидан энг муносиб, деб топилган ҳамда фуқаролар вакилларининг 51,4 фоиз овозини тўплашга эришган Дилором Отабекова ушбу маҳалла фуқаролар йиғини раиси этиб сайланди.

— Маҳалла аҳли томонидан билдирилган юксак ишонч зиммамга катта масъулият юклайди, — дейди у. — Бу ишончга келгусида амалий ишларимиз билан жавоб берамиз. Яъни маҳаллада тадбиркорликни янада ривожлантириш, бандлик ва аҳоли фаровонлигини таъминлаш масалаларига катта эътибор қаратмоқчимиз. Самарали саъй-ҳаракатларимизда, албатта, янги сайланган маслаҳатчилар ҳамда фаолларнинг кўмаги қўл келади.

Қувасой шаҳрининг Алишер Навоий номидаги маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб ўтган сайловда ҳам адолат тамойиллари яққол намоён бўлди.

Маҳалладаги 554 та оилада 1804 нафар аҳоли яшайди. Раисликка 2 нафар номзод кўрсатилган бўлиб, улар ўз дастурларида ҳудудни янада обод қилиш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни кенг ривожлантириш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлашга кўмаклашиш орқали уларнинг фаровонлигини янада юксалтириш каби қатор масалаларга алоҳида эътибор қаратишди. Сайловчилар ўзлари учун маъқул келган номзодга овоз беришди.

— Ушбу маҳаллада ўтказилган сайловда фуқаролар йиғини раиси лавозимига Гулшода Ибрагимова лойиқ, деб топилди, — дейди сайловни ўтказишга кўмаклашувчи Қувасой шаҳар комиссияси раиси Дилором Меҳмонова. — Шунингдек, муқобиллик асосида 13 нафар раис маслаҳатчиси ҳам сайлаб олинди. Сайлов демократик руҳда, очиқ ҳамда ошкора ўтди. Бундай ҳолатларни шаҳримиздаги барча фуқаролар йиғинида ўтказилаётган сайлов жараёнларида кузатиш мумкин.

Қорақалпоғистон Республикаси бўйича 402 нафар фуқаролар йиғини раиси ва уларнинг 3600 дан зиёд маслаҳатчиси сайланиши режалаштирилмоқда.

— Шу кунгача ҳудудимиздаги 35 та фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органида сайловлар юқори савияда ўтказилди, — дейди фуқаролар йиғинлари раислари ҳамда уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи Қорақалпоғистон Республикаси комиссияси раисининг ўринбосари Хожабой Елмуратов. — Муҳими, ушбу масъулиятли вазифаларга муносиб номзодлар танланишига эришилмоқда. Бунда, шубҳасиз, кўмаклашувчи комиссиялар ҳамда ишчи гуруҳлар учун қулай шарт-шароит яратиб берилгани ва сайлов жараёни иштирокчиларининг соҳа қонунчилигига оид билимлари янада оширилгани муҳим омил бўлиб хизмат қилаяпти.

Элликқалъа туманидаги “Элликқалъа” овул фуқаролар йиғинида 6 минг 600 нафар аҳоли яшайди. Ушбу йиғинда ошкоралик, муқобиллик ҳамда тенглик принциплари асосида ўтказилган сайловда фуқаролар вакиллари йиғин раиси вазифасида ишлаб келган Шавкат Холмуродовга яна ишонч билдиришди. Шунингдек, номзодлар орасидан 9 нафар маслаҳатчи танлаб олинди.

— Менга ишонч билдиргани учун йиғин аъзоларидан миннатдорман, — дейди Ш. Холмуродов. — Гап шундаки, қатор ишларни бошлаб қўйган эдик, икки ярим йил мобайнида уларни рўёбга чиқариш мумкин. Бунинг учун эса тинмай изланиш керак, деб ҳисоблайман. Насиб этса, маслаҳатчилар ва фаоллар кўмагида ҳудуддаги оилаларни, айниқса, ёш оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, тадбиркорликни ривожлантириш ҳамда яна кўплаб вазифалар борки, уларнинг барчасини амалга оширамиз.

Қашқадарё вилояти бўйича 660 нафар фуқаролар йиғини раиси ва уларнинг 6 минг нафардан зиёд маслаҳатчилари сайланиши режалаштирилган. Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг фуқаролар йиғинлари раислари ҳамда уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи комиссияси маълумотларига кўра, ҳозирги кунгача 49 та фуқаролар йиғинида сайловлар юқори савияда ташкиллаштирилди.

— Маҳалла азалдан тинчлик-тотувлик, меҳр-мурувват, инсонийлик, бағрикенглик ҳамда тарбия маскани сифатида шаклланиб келган, — дейди сайловни ўтказишга кўмаклашувчи вилоят комиссияси раиси Исломиддин Аброров. — Истиқлол йилларида унинг нуфузи янада ошди, ваколатлари кенгайди. Буни фуқаролар йиғинлари учун бўлиб ўтаётган сайловлар даражаси тобора юксалиб бораётганида ҳам кўриб турибмиз. Яъни бу лавозимларга мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар моҳиятини теран тушунадиган, Ватанимиз равнақига муносиб ҳисса қўша оладиган фуқаролар сайланмоқда.

ўузор туманининг “Зарбдор” қишлоқ фуқаролар йиғинидаги ишчи гуруҳ томонидан ҳудуддаги кўчаларда ташкил этилган умумий йиғилишларда аҳолининг фикрини ҳисобга олган ҳолда, йиғин раислигига 2 нафар ва раис маслаҳатчилигига 18 нафар номзод аниқлаб олинди. Бунда, албатта, уларнинг маълумоти, ташкилотчилик қобилияти, раҳбарлик ҳамда ҳаётий тажрибаси ва аҳоли ўртасидаги обрў-эътиборига алоҳида аҳамият берилди.

Йиғин раислигига номзодлар ўзларининг келгуси фаолият дастурларида фуқаролар йиғинини янада обод қилиш, аҳолини тадбиркорликка кенг жалб этиш, оилавий бизнесни ривожлантириш, ёшлар тарбияси ҳамда маҳалладаги маънавий муҳит -барқарорлигини таъминлаш вазифаларини белгилаб олгани сайловчиларни бефарқ қолдирмади. Улар овоз бериш жараёнида буни амалда тасдиқладилар.

Муқобиллик асосида, очиқ овоз бериш йўли билан ўтказилган сайловда Раъно Жонқувватова қишлоқ фуқаролар йиғини раиси, 18 нафар номзоддан 9 нафари унинг маслаҳатчилари этиб сайланди.

— Барча жараён қонун талаблари асосида кечди, — дейди ишчи гуруҳ раҳбари Қаҳрамон Алиқулов. — Сайловга пухта тайёргарлик кўрилгани бунда муҳим аҳамиятга эга бўлди. 3144 нафар аҳоли истиқомат қилаётган ҳудудда йиғилишлар ўтказилиб, эл орасида обрў-эътибор қозонган вакиллар сайланди. Рўйхатга олинган номзодларнинг меҳнат фаолияти ҳақидаги маълумотлар белгиланган жойларга осиб қўйилди. Йиғилишларда номзодлар ўзларининг келгуси фаолият дастурларини эълон қилиб, раисликка сайланганларидан сўнг қандай ишларни амалга оширишлари тўғрисида гапирдилар. Бу ҳақда қизғин савол-жавоблар, баҳс ва мунозаралар ҳам бўлди. Муҳими, сайлов фуқароларнинг ижтимоий фаоллигида, кўтаринки руҳда ўтказилди.

— Маҳалладошларим бу гал ҳам менга ишонч билдирганидан бошим кўкка етди, — дейди Р. Жонқувватова. — Айни чоғда бу зиммамдаги масъулиятни янада оширади. Фаолиятим давомида ҳудуддаги ҳар бир оилани, йиғинимизнинг ҳар бир аъзосини ижтимоий қўллаб-қувватлаш орқали юртимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларга ҳамоҳанг қадам ташлашга интиламан. Бунинг учун бор кучим ҳамда билимимни аямайман.

Республикамизнинг барча ҳудудида фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайлови юқори савияда ўтказилмоқда.

Набижон СОБИРОВ,

Ҳидоят АҲМЕДОВ,

Аҳад МУҲАММАДИЕВ,

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn