Очиқлик ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти
  • 03 Май 2016

Очиқлик ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш фаолиятини мувофиқлаштириш ва мониторингини олиб бориш бўйича жамоатчилик кенгаши билан ҳамкорликда семинар ўтказди.

Парламент аъзолари, вазирлик, идоралар, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, ахборот соҳасининг малакали мутахассислари, олимлар ҳамда журналистлар қатнашган мазкур тадбир 2014 йил 5 майда имзоланган “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Қонунни қўллаш амалиёти самарадорлигини оширишга бағишланди.

Давлат ҳокимияти ҳамда бошқаруви органлари фаолиятида очиқликни таъминлаш борасидаги ишларнинг самарадорлигини ошириш тегишли қонуности ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ этиш билан бевосита боғлиқ экани таъкидланди. Бу борада Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 6 ноябрдаги “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қоидаларини амалга оширишга йўналтирилган комплекс чора-тадбирлар кўриш тўғрисида”ги қарори алоҳида аҳамиятга эга.

Семинарда мазкур ҳужжат асосида тасдиқланган комплекс чора-тадбирларнинг ўз вақтида бажарилишини таъминлаш юзасидан амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар ҳақида батафсил ахборот берилди. Шунингдек, тадбир иштирокчилари Жамоатчилик кенгаши томонидан тасдиқланган давлат ҳокимияти ҳамда бошқаруви органлари фаолияти очиқлиги мониторингини олиб бориш ва уни баҳолаш методикаси билан таништирилди. Қайд этилганидек, ушбу методика асосида жорий йилдан бошлаб давлат органларининг очиқлик бўйича мавжуд қонун ҳамда қоидаларни амалга ошириш сифатини акс эттирувчи “очиқлик индекси” йиғма кўрсаткичи эълон қилиб борилаяпти.

— Мамлакатимизда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлашда замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан самарали фойдаланилаётгани эътиборга молик, — дейди парламент қуйи палатасининг Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси аъзоси Шуҳрат Шарафутдинов. — Бу борада олиб борилган комплекс чора-тадбирлар натижасида ўтган даврда давлат идоралари веб-сайтларининг сон ҳамда сифат жиҳатидан ўсишига эришилди. Жумладан, уларнинг дизайни, ахборот сифати тобора яхшиланиб, кўлами кенгаймоқда, фуқароларнинг ахборотни эркин олиш билан боғлиқ конституциявий ҳуқуқи рўёбга чиқарилмоқда. Албатта, бу аҳолининг давлат идоралари фаолияти тўғрисида холис ахборот, зарур маълумотларга эга бўлишида катта ўрин тутади.

Семинарда, шунингдек, давлат ҳокимияти ҳамда бошқаруви органлари фаолияти ҳақида жамоатчиликка ахборот етказиш усуллари, хусусан, ахборотни чоп этиш, уларни интернетдаги расмий веб-сайт, ахборот-кутубхона ҳамда архив фондлари орқали тақдим қилиш, ахборотдан фойдаланувчилар учун давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари очиқ ҳайъат мажлисларида қатнашиш имкониятини яратиш, ахборот олишга доир сўровларга жавоб бериш кабилардан самарали фойдаланишга доир зарур маълумотлар тақдим этилди.

Тадбир якунида давлат ҳокимияти ҳамда бошқаруви органлари раҳбарлари ва ахборот хизмати ходимларига мазкур Қонун талабларини самарали қўллашга оид услубий тавсиялар берилди.

 

Зиёда АШУРОВА.

«Халқ сўзи» мухбири.

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn