Маҳалла сайловига тайёргарлик қизғин давом этмоқда
  • 03 Май 2016

Маҳалла сайловига тайёргарлик қизғин давом этмоқда

Республикамизда ҳуқуқий демократик давлат, кучли фуқаролик жамиятини барпо этишда маҳалла институтининг ўрни ҳамда аҳамияти тобора ортиб бораяпти. Мазкур тузилма ваколатлари янада кенгайтирилгани, фуқаролар йиғини раислари ва улар маслаҳатчилари сайловига тайёргарлик жараёнларида очиқлик ҳамда ошкоралик устуворлиги таъминланаётгани, бу вазифаларга эл-юрт ҳурматига сазовор, ҳар томонлама муносиб, ташаббускор фуқароларнинг сайланишида тегишли қонунчилик меъёрлари белгиланганлиги муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.

Маълумки, жорий йилнинг май — июнь ойларида бўлиб ўтадиган сайловда 9764 нафар фуқаролар йиғини раиси ва уларнинг 99 минг нафардан зиёд маслаҳатчилари сайланади. Шу муносабат билан республикамизнинг барча ҳудудида мазкур муҳим тадбирга пухта тайёргарлик кўрилаётир. Сайловнинг ошкоралик, муқобиллик ҳамда тенглик принциплари асосида ўтиши учун зарур чоралар кўрилаяпти. Бу борада фуқаролар йиғини раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил қилиш ҳамда ўтказишга кўмаклашувчи комиссиялар ва ишчи гуруҳлар учун қулай шароит яратиб берилгани ҳамда уларнинг самарали фаолият олиб бораётгани алоҳида аҳамият касб этаётир. Фуқаролар йиғинлари органларини шакллантиришда фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини тўлиқ рўёбга чиқариш учун ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитлар яратиш, сайлов жараёни иштирокчиларининг амалдаги қонунчиликка риоя қилишларини таъминлаш, фуқаролар йиғини раислари ва уларнинг маслаҳатчилари лавозимларига номзодларнинг иш ҳамда ахлоқий фазилатлари билан аҳолини таништиришга қаратилган саъй-ҳаракатлар изчил давом эттирилмоқда.

— Жамиятимизни ислоҳ қилиш ва демократлаштириш, мамлакатни модернизациялаш -жараёнлари чуқурлашиб бораётган бир шароитда ўтказилаётган ушбу сайловда қонунийликни, очиқ-ошкораликни таъминлаш алоҳида аҳамиятга эга, — дейди фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказишга кўмаклашувчи Қашқадарё вилояти комиссияси раиси И. Абраров. — Ҳудудимиз бўйича 660 нафар фуқаролар йиғини раиси ва уларнинг 6 минг нафардан зиёд маслаҳатчиси сайланади. Шу боис ушбу тадбирни юқори савияда ўтказишга қаратилган ишлар изчил амалга оширилмоқда. Бинобарин, фуқаролар йиғини раислари ҳамда уларнинг маслаҳатчилари лавозимларига юқори билим ва малакага эга, ташаббускор фуқароларнинг номзодларини кўрсатишга жиддий эътибор қаратилаяпти. Зеро, ана шундай фазилатли инсонлар маҳаллада ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини мустаҳкамлаш, ҳудудларни изчил ривожлантириш, оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, “Оила — маҳалла — таълим муассасаси” ҳамкорлигини янада кучайтиришга муносиб ҳисса қўша оладилар.

Сайловда Наманган вилояти бўйича 882 нафар фуқаролар йиғини раиси ҳамда уларнинг 9000 нафардан зиёд маслаҳатчиси сайланиши режалаштирилган бўлиб, айни чоғда мазкур тадбирга қизғин ҳозирлик кўрилмоқда. Айни пайтга қадар кўмаклашувчи комиссиялар ва ишчи гуруҳлар аъзолари ҳамда ОАВ ходимлари учун ҳудудий семинарлар ўтказилиб, сайловни ташкил этиш ва ўтказишнинг ташкилий-ҳуқуқий асослари, фуқаролар йиғини раислари ҳамда уларнинг маслаҳатчилари лавозимларига муносиб номзодлар кўрсатишнинг аҳамияти, сайловни ўтказиш тартиби ва якунларини эълон қилиш, бу жараённи оммавий ахборот воситаларида ёритишнинг ўзига хос хусусиятлари ҳақида кенг тушунчалар берилди. Ўз навбатида, кўмаклашувчи комиссиялар ҳамда ишчи гуруҳларнинг самарали фаолият юритиши учун барча қулайлик яратилди, хизмат хоналари ва ҳуқуқий адабиётлар билан -таъминланди.

— Маҳалланинг ҳаётимизда тутган ўрни беқиёс, — дейди сайловга кўмаклашувчи Наманган вилояти комиссияси ҳузуридаги ахборот хизмати раҳбари М. Парпиев. — Шу боис бўлажак сайловда фуқаролар йиғини раислари ҳамда улар маслаҳатчилари лавозимларига муносиб фуқаролар сайланишини таъминлаш орқали маҳалла институтининг ислоҳотлардаги иштирокини янада кенгайтириш айни муддаодир. Бу эса ҳар бир фуқародан фаолликни талаб этади. Айтиш жоизки, аҳолининг фаоллигини оширишда, шубҳасиз, оммавий ахборот воситаларининг ўрни алоҳида. Вилоят кўмаклашувчи комиссияси ҳузуридаги ахборот хизмати айнан шу мақсадда ташкил қилинган бўлиб, вилоятдаги барча ОАВ билан ҳамкорликни йўлга қўйганмиз. Улар ёрдами туфайли сайловнинг тайёргарлик босқичини кенг ёритаяпмиз. Табиийки, сайлов жараёнини ёритишда ҳам ана шу изчилликка амал қиламиз.

Фуқаролар йиғини раиси ва унинг маслаҳатчилари лавозимлари — масъулиятли вазифа. Негаки, улар фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг қонун ҳужжатларида белгиланган вазифалари ижросини таъминлаши, давлат органларида, юридик ҳамда жисмоний шахслар билан ўзаро муносабатда йиғин номидан иш олиб бориши, йиғин аъзолари манфаатларини тўлиқ ифодалашлари керак бўлади. Маҳаллани аниқ йўналтирилган асосда аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, хусусий тадбиркорлик, шу жумладан, оилавий бизнесни ривожлантириш марказига айлантириш, унинг давлат бошқаруви органлари фаолияти устидан самарали жамоатчилик назоратини олиб боришдаги ўрни ҳамда ролини юксалтириш, аввало, ушбу лавозимларга қандай фуқаролар сайланишига боғлиқ. Шундан келиб чиқиб, юртимизнинг бошқа ҳудудларида бўлгани каби Бухоро вилоятида ҳам бу -масалага катта масъулият билан ёндашилмоқда.

Сайловга кўмаклашувчи вилоят комиссияси раиси З. Таировнинг қайд этишича, бўлажак сайловда энг муносиб номзодлар фуқаролар йиғини раислари ҳамда улар маслаҳатчилари сифатида сайланиши олий мақсадимиз — юрт тинчлиги, Ватан тараққиёти, халқимиз фаровонлигини таъминлашда алоҳида роль ўйнайди. Сайловда вилоят бўйича 558 нафар фуқаролар йиғини раиси ва уларнинг 5 минг нафарга яқин маслаҳатчилари сайланиши кўзда тутилган. Ана шунинг ўзиёқ муқобиллик асосида ўтказиладиган сайловнинг ғоят катта ижтимоий-сиёсий аҳамиятга эга эканидан далолатдир. Комиссия ўз фаолиятини ана шу талаблар асосида йўлга қўйган.

— Ҳудудимиздаги барча маҳаллада фуқаролар йиғини раислари ҳамда улар маслаҳатчи-лари лавозимларига юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар моҳиятини яхши биладиган, энг муҳими, мазкур жараёнда фаол иштирок этадиган, ташаббускор, изланувчан, аҳоли ўртасида обрў-эътибор қозонган фуқаролар номзодларини кўрсатишга жиддий эътибор берилмоқда, — дейди Бухоро тумани “Кучкумар” қишлоқ фуқаролар йиғинидаги сайловни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича ишчи гуруҳ раҳбари 

У. Ибодов. — Ана шундай фазилатларга эга йиғин раислари ва уларнинг маслаҳатчилари -маҳалланинг фуқаролик жамияти институтлари тизимида тутган ўрни ҳамда мавқеини мустаҳкамлайди, унинг юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар жараёнида кенг иштирокини таъминлайди.

Сурхондарё вилояти сайловга кўмаклашувчи комиссиясининг маълумотига кўра, ҳудуд бўйича 832 нафар фуқаролар йиғини раиси ва уларнинг 8 минг нафардан зиёд маслаҳатчилари сайланади. Вилоят, туман ва шаҳарлар кўмаклашувчи комиссиялари таркибига 210 нафардан зиёд фаоллар, шу жумладан, Олий Мажлис Сенати аъзолари, халқ депутатлари вилоят, туман ҳамда шаҳар Кенгашлари депутатлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари раҳбарлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари киритилган. Уларнинг аксарияти олдинги сайловларда иштирок этган ҳамда фаоллик кўрсатган фуқаролардир. Ишчи гуруҳлар таркибига 6 минг нафардан ортиқ киши жалб қилинган бўлиб, уларнинг аксарияти илгариги сайловларда катта тажриба орттирган, обрў-эътиборли депутатлар, жамоат ташкилотлари вакиллари ҳамда фуқаролар йиғини аъзоларидан иборат.

— Аввалги сайловлардан фарқли равишда бу сафар ушбу муҳим тадбирда қатнашадиган вакиллар сони анча кўпайтирилди, — дейди сайловга кўмаклашувчи вилоят комиссияси раиси А. Аҳмедов. — Агар аввалги сайловларда ҳар бир маҳаллада ўртача 50-60 нафар вакил қатнашган бўлса, эндиликда 70-80 нафар вакилнинг иштирок этиши кутилмоқда. Зеро, вакиллар нафақат сайловда, балки 2,5 йил муддат мобайнида фуқаролар йиғини ваколатига кирувчи масалаларни кўриб чиқишда, муҳокама қилиш ва ижросини таъминлашда, ўзлари сайланган кўчалар, қишлоқлар ҳамда кўп қаватли уйларда истиқомат қилувчи аҳоли манфаатларини фуқаролар йиғинида ифода этишда қатнашадилар. Фуқаролар йиғини раислари ва улар маслаҳатчилари лавозимларига номзодларни тавсия қилишда ишчи гуруҳлар аъзоларига туман ва шаҳарларда ўтказилган ўқув-семинарларда ўзлаштирилган билим ҳамда кўникмалар қўл келмоқда, десак, муболаға эмас. Бундай тадбирларда 4500 нафардан ортиқ сайлов жараёни иштирокчилари қамраб олинди.

Мамлакатимизнинг барча ҳудудида фуқаролар йиғини раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайловига тайёргарлик ишлари қизғин давом эттирилмоқда.

 

«Халқ сўзи» мухбирлари

хабарлари асосида тайёрланди.

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn