Инсон ҳуқуқлари устуворлигининг ёрқин намунаси
  • 28 Апрель 2016

Инсон ҳуқуқлари устуворлигининг ёрқин намунаси

Мамлакатимизда инсон омилига қаратилаётган юксак эътиборнинг амалий ифодасини ҳар бир фуқаронинг эркин касб танлаши, ўзи қизиққан соҳа бўйича билим ва малака эгаллаб, меҳнат қилишини кафолатлаш борасидаги кенг кўламли ислоҳотлар мисолида ҳам яққол кўриш мумкин. 

Чунончи, аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга оид дастурларнинг ҳаётга изчил татбиқ этилиши натижасида ҳар йили юртимизда бир миллионга яқин иш ўринлари ташкил қилинмоқда.

Ижтимоий ҳимоя тизимини ривожлантириш жадал давом эттирилаётир. Меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида таъсирчан давлат ва жамоатчилик назорати йўлга қўйилгани фуқароларнинг адолатли меҳнат шароитларида ишлаш билан боғлиқ конституциявий ҳуқуқини рўёбга чиқаришга хизмат қилаяпти. 

Ўрни келганда айтиш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ихтисослаштирилган муассасаси — Халқаро меҳнат ташкилотига 1992 йилда аъзо бўлган ва ҳозиргача ушбу тузилманинг ўн учта Конвенцияси ратификация қилинган. Ўтган давр мобайнида юртимизда меҳнатни муҳофаза қилиш ҳамда меҳнат муносабатларини тартибга солиш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг яхлит тизими шакллантирилди. Қолаверса, бандлик соҳасининг ташкилий-ҳуқуқий механизми мунтазам такомиллаштирилиб борилмоқдаки, буларнинг барчаси пировард мақсад — ҳар бир шахснинг эркин касб танлаб, меҳнат қилиб, фаровон турмуш кечиришига замин яратмоқда.

Миллий қонунчилигимизга кўра, меҳнатни муҳофаза қилиш фуқароларнинг меҳнат жараёнидаги хавфсизлиги, сиҳат-саломатлиги ва иш қобилияти сақланишини -таъминлашга қаратилган ижтимоий-иқтисодий, ташкилий, техникавий, санитария-гигиена ҳамда даволаш-профилактика тадбирлари ва воситалари тизимидан иборат бўлиб, бу республикамизда меҳнат муносабатларида инсон манфаатлари олий даражага қўйилганини тасдиқлайди.

Бинобарин, тегишли халқаро ҳужжатлардаги меҳнатни муҳофаза қилиш билан боғлиқ нормалар қонунчилигимизда янада мукаммал шаклда ифодаланган. Хусусан, Ҳақ тўланадиган йиллик таътиллар тўғрисидаги 52-Конвенцияда бир йиллик узлуксиз ишдан сўнг камида олти кундан иборат бўлган йиллик ҳақ тўланадиган таътилга чиқиш ҳуқуқи белгиланган бўлса, мазкур қоида қонунчилигимизда ўн беш кундан кам бўлмаган муддат тарзида қайд этилган. Ишга қабул қилиш учун энг кичик ёш тўғрисидаги Конвенцияда энг кичик меҳнат ёши ўн тўрт ёш этиб кўрсатилган бўлса, Ўзбекистонда меҳнат ёши ўн олти ёш, алоҳида ҳолларда, ўн беш ёшдан рухсат берилиши акс этган. Яъни ўн беш ёшга тўлган ўсмирни унинг соғлиғига ҳамда маънавий ва ахлоқий камол топишига зиён етказмайдиган, таълим олиш жараёнини бузмайдиган енгил ишни ўқишдан бўш вақтида бажариши учун ота-онаси ёки ота-онасининг ўрнини босувчи шахслардан бирининг ёзма розилиги билан ишга қабул қилишга йўл қўйилади.

Умуман олганда, юртимизда фуқароларнинг ўз лаёқати ва салоҳиятига мувофиқ меҳнат фаолиятини  самарали олиб бориши учун мустаҳкам қонуний шарт-шароит яратилган. Ўзбекистон Республикасининг “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги Қонунида бу соҳадаги давлат сиёсатининг устувор принциплари белгиланган. Меҳнат қилиш ва ишни эркин танлаш ҳуқуқини амалга оширишда барча фуқаролар учун тенг имкониятларни таъминлаш, ижодий меҳнат қобилиятини ривожлантиришга кўмаклашиш, ижтимоий кафолатлар бериш, янги иш жойлари ташкил этаётган иш берувчиларни рағбатлантириш ана шулар жумласидандир. Мазкур Қонунни амалиётга татбиқ қилиш баробарида, ҳар йили бандлик соҳасида ишлаб чиқилаётган давлат дастурлари меҳнат бозоридаги барқарорликнинг муҳим омили бўлаяпти.

Яна бир эътиборли жиҳати шундаки, республикамизда амалда бўлган меҳнатга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда аёллар учун алоҳида имтиёзлар мавжуд. Масалан, “Хотин-қизларга қўшимча имтиёзлар тўғрисида”ги Қонунга биноан, уч ёшга тўлмаган болалари бор, бюджет ҳисобидан молиявий таъминланадиган муассасалар ҳамда ташкилотларда ишлаётган аёлларнинг иш вақти ҳафтасига ўттиз беш соатдан ошмайди ва меҳнатига тўланадиган ҳақ камайтирилмайди.

Булардан кўринадики, Ўзбекистонда меҳнат қонунчилиги ва фуқароларнинг муносиб меҳнат шароитларига бўлган ҳуқуқлари меҳнат соҳасидаги халқаро стандартларга тўла мос бўлиб, кўплаб масалаларда улардан афзалликка ҳам эгадир. Мазкур соҳада давлат органлари ҳамда фуқаролик институтларининг ижтимоий шериклик асосидаги саъй-ҳаракатлари айни муддао бўлмоқда.  

Ҳар йили дунёда 28 апрель — Бутунжаҳон меҳнатни муҳофаза қилиш куни сифатида кенг нишонланади. Сана муносабати билан юртимизда ҳам қатор тадбирлар, халқаро жамоатчилик иштирокида анжуманлар ўтказилади. Ана шу каби тадбирларда хорижий давлатлар вакиллари ҳамда халқаро экспертларнинг меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида Ўзбекистон қонунчилиги ва тажрибасини юксак баҳолашига гувоҳ бўлмоқдамиз. Аҳоли учун иш ўринлари яратиш, шу билан бирга, муносиб меҳнат шароитини таъминлашга йўналтирилган кенг кўламли ислоҳотлар халқаро доирада эътироф этилиб, намуна қилиб кўрсатилаётгани бежиз эмас, албатта. Бу юртимизда инсон ва унинг манфаатлари олий қадрият даражасига кўтарилиб, барча соҳада, хусусан, меҳнатни муҳофаза қилишда ҳам оқилона ёндашувнинг, инсонпарварлик ҳамда ижтимоий адолат тамойиллари -устуворлигининг ёрқин тасдиғидир.

 

Аҳмад ИСМОИЛОВ,

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори ўринбосари.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn