Қимматли қоғозлар бозори фаолиятини тартибга солишдаги таклифлар  кўриб чиқилди
  • 22 Апрель 2016

Қимматли қоғозлар бозори фаолиятини тартибга солишдаги таклифлар  кўриб чиқилди

Давлатимиз раҳбарининг 2015 йил 23 январда бўлиб ўтган парламент палаталари қўшма мажлисидаги маърузасида депутатлик корпуси олдига қабул қилинадиган қонунлар, уларга киритиладиган ўзгартиш ва қўшимчаларни амалиётга татбиқ этишнинг аниқ механизмларини жорий қилиш, қонун ҳамда қонуности ҳужжатларининг қоидаларини ўз вақтида ишлаб чиқиш ва қўллаш бўйича бир қатор муҳим вазифалар қўйилган эди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг қўмиталарида бу йўналишдаги ишлар тизимли асосда йўлга қўйилган бўлиб, жамият ҳаётининг у ёки бу соҳасини тартибга солувчи қонунларни қабул қилишда уларнинг ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий, суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг боришига таъсирини ошириш, амалдаги қонун ҳужжатларидаги ҳуқуқий “камчиликларни”, “ишламаётган” ва “икки ёқлама талқин қилинаётган” нормаларни аниқлаш ҳамда бартараф этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Парламент қуйи палатаси Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитасининг навбатдаги йиғилишида қўмита аъзолари томонидан йил давомида ўтказилган инвентаризация якунлари билан боғлиқ масала кўриб чиқилди. Хусусан, унда “Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг айрим моддалари амалиётда қай даражада ишлаётганлиги муҳокама этилди.

Қўмита аъзоларининг таъкидлашича, ўрганиш давомида мазкур Қонунда қимматли қоғозлар савдосининг ташкилотчилари риоя этиши шарт бўлган қимматли қоғозлар савдосини ташкил қилиш бўйича аниқ қоидалар белгиланмаганлиги, шунингдек, -акциядорлик жамиятлари томонидан қимматли қоғозлар бозорида ахборотни ошкор қилишга доир қоидаларнинг икки ёқлама талқин қилиниши ҳолатлари аниқланган.

Муҳокамалардан сўнг қўмита аъзолари ишлаб чиқилган таклифлар асосида ушбу Қонунни янада такомиллаштириш, унинг айрим моддаларини “Биржалар ва биржа фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни билан бир хиллаштиришга қаратилган ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритиш лозимлиги тўғрисида хулосага келишди. Таклиф этилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларнинг қабул қилиниши қимматли қоғозлар бозори ҳамда биржалар фаолиятида ягона ҳуқуқни қўллаш амалиётининг амал қилиши, унинг иштирокчилари, шу жумладан, акциядорлар ва инвесторлар манфаатлари таъминланиши ҳамда миллий қимматли қоғозлар бозорининг жаҳон бозорига интеграциялашуви учун шарт-шароитлар яратади.

Йиғилиш сўнгида муҳокама қилинган масала юзасидан “Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонун лойиҳасини тайёрлаш бўйича қарор қабул қилинди.

 

Зиёда АШУРОВА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn