Божхона ишининг ҳуқуқий асослари янада такомиллашди
  • 21 Апрель 2016

Божхона ишининг ҳуқуқий асослари янада такомиллашди

 “Ўзбекистон Республикасининг Божхона кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги Қонун давлатимиз раҳбари томонидан имзоланиб, 2016 йил 21 январда матбуотда эълон қилинган эди. Унга биноан тасдиқланган янги таҳрирдаги Божхона кодекси, таъкидлаш лозимки, мамлакатимизда божхона назоратини самарали таъминлаш, юртимиз ҳудудида товар айланмасини тартибга солиш, ташқи савдони ривожлантириш ҳамда уни амалга оширишга шарт-шароитлар яратишда муҳим аҳамиятга эга.

Мухбиримиз қонуний кучга кираётган ушбу ҳуқуқий ҳужжатнинг ҳаётий зарурати ва мазмун-моҳияти ҳақида парламент аъзолари ҳамда мутахассислар фикрлари билан қизиқди.

Умиджон СУЛАЙМОНОВ, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати:

— Мамлакатимизда Президентимиз раҳнамолигида божхона ишини янада яхшилаш, унинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришга оид саъй-ҳаракатлар босқичма-босқич рўёбга чиқарилмоқда. Ўтган даврда ҳаётга татбиқ этилган бир қатор қонунлар мазкур тизимнинг самарадорлигини юксалтиришга хизмат қилаяпти.

Давр талабидан келиб чиқиб, қолаверса, божхона ишида халқаро стандартларга мос бўлган ягона қонунчилик базасини шакллантириш, божхона бошқарувининг барча даражасида ҳуқуқий норма ва муносабатларнинг бир хилда қўлланилишини таъминлаш, -ташқи иқтисодий фаолиятнинг божхона томонидан тартибга солинишида комплекслик ҳамда шаффофликни ошириш мақсадида ишлаб чиқилган янги таҳрирдаги Божхона кодексининг аҳамияти ниҳоятда каттадир.

Қайд этиш жоизки, мазкур Кодексни Қонунчилик палатасида қабул қилиш жараёнида унинг муҳокамасига депутатлар томонидан нафақат вазирлик ва идоралар, балки ушбу Кодекснинг субъектлари бўлган турли ташкилотларнинг мутахассислари ҳамда бошқа тадбиркорлик тузилмалари вакиллари кенг жалб этилди ва уларнинг таклиф ҳамда тавсиялари олинди. Бу, ўз навбатида, мазкур ҳуқуқий ҳужжатни такомиллаштиришга, пировардида унинг амалиётда осон ва шаффоф ишлашини таъминлашга катта имкон берди.

Бинобарин, тўрт юздан ортиқ моддадан иборат янги таҳрирдаги Божхона кодекси амалдагисидан концептуал нуқтаи назардан фарқ қилади. Унда божхона маъмурчилигининг барча босқичи ҳамда даражаларида меъёрий ва ташкилий-ҳуқуқий механизмларнинг бир хилда қўлланилишини таъминлаш, божхона томонидан тартибга солишнинг ошкоралигини оширишга эътибор қаратилган.

Чунончи, Кодексда рухсат этиш хусусиятига эга бўлган турли ҳужжатларни бериш тартиб-таомиллари енгиллаштирилди. Тижорат ҳамда нотижорат мақсадларидаги транспорт воситаларини, шунингдек, товарларни божхона чегараси орқали қувур транспорти ва электр ўтказувчи линиялар орқали олиб ўтиш тартиби анча мақбуллаштирилди. Божхона назоратининг янги шакллари жорий қилингани эса божхона назоратини мукаммал ўтказишга ҳамда расмийлаштирув вақтини қисқартиришга олиб келади.

Айниқса, унда тадбиркорлик субъектлари учун яратилган қулайликлар диққатга сазовор. Масалан, тадбиркорлик субъектлари фаолиятига аралашувларни қисқартириш мақсадида товарлар чиқариб юборилгандан кейинги божхона назоратини ўтказиш муддати уч йилдан бир йилга қисқартирилди. Қолаверса, бугунги кунда долзарб масалалардан бири ҳисобланган интеллектуал мулк объектларини ҳимоя қилиш масаласи ҳам мазкур ҳуқуқий ҳужжатда ўз ифодасини топди. Бу, албатта, мамлакатимизда интеллектуал мулк объектлари эгаларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда муҳим аҳамият касб этади.

Қисқача айтганда, янги таҳрирдаги Божхона кодекси Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий фаолияти самарадорлигини ошириш, ички бозорни сифатсиз маҳсулотлардан ҳимоя қилиш, хўжалик юритувчи субъектлар, мамлакатимиз ишлаб чиқарувчилари, шу жумладан, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг янада тараққий этишининг, энг асосийси, уларнинг маҳсулоти жаҳон бозорларига чиқиши учун қўшимча шарт-шароитлар яратишнинг муҳим омилига айланади.

Сайёра БАРАТОВА, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси:

— Янги таҳрирдаги Божхона кодекси иқтисодий ислоҳотларни янада либераллаштириш ҳамда чуқурлаштиришнинг бугунги талаб ва вазифалари билан уйғун бўлиб, ушбу соҳадаги ўзгаришларни янги босқичга кўтаради. Зотан, бу билан божхона ишининг халқаро стандартларга мос бўлган, тарқоқ норма ҳамда қоидаларни умумлаштирувчи ягона қонунчилик базаси шакллантирилди, божхона тартиб-таомилларига оид норма ва ёндашувлар унификациялаштирилди ҳамда ташқи иқтисодий фаолиятни тартибга солишда шаффофлик кучайтирилди. Ушбу ҳужжатни ишлаб чиқишда давлатимизнинг иқтисодий хавфсизлигини таъминлашга оид янгича ёндашув ва мезонлар асос қилиб олинган.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, Олий Мажлис Сенати ялпи мажлисида мазкур ҳужжат атрофлича кўриб чиқилгач, жойларда унда белгиланган қоидалар сенаторларимиз томонидан соҳа экспертлари, олимлар, мутасадди идоралар вакиллари иштирокида кенг тарғиб қилинди. Ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига янги таҳрирдаги Божхона кодексидаги янгиликлар чуқур тушунтирилди.

Ушбу ҳужжат билан бир қатор янгиликлар, хусусан, соҳада “бир дарча” тизимининг жорий қилиниши ташқи иқтисодий фаолият учун шарт-шароитларни янада яхшилаш, ташқи савдони амалга оширишда маъмурий ва техник тўсиқларни қисқартириш имконини беради. Товарларнинг божхона расмийлаштируви жараёнини енгиллаштиради. Божхона назорати чоралари самарадорлигини ҳамда давлат органлари томонидан кўрсатиладиган хизматлар сифатини яхшилайди. Негаки, Божхона кодекси, энг аввало, қонуности норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар сонини камайтириш, қарама-қарши нормаларни бартараф этиш, ҳуқуқий нормаларни янада аниқ ва тушунарли ифода этиш орқали ташқи савдодаги бюрократик тўсиқлар даражасини пасайтиришга йўналтирилган. У тўғридан-тўғри таъсир қилувчи қонунчилик ҳужжати бўлади.

Камолиддин ВАҚҚОСОВ, Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси бошқарма бош инспектори:

— Янги таҳрирдаги Божхона кодексида фаолиятимизни янада самарали ташкил этишга қаратилган йўналишлар, хусусан, барча турдаги божхона операцияларини ўз ичига олган божхона бошқаруви қоидалари ҳамда меъёрларини бирлаштириш, божхона расмийлаштируви жараёни иштирокчиларининг ҳуқуқлари ва уларнинг ўзаро муносабатлари механизмини аниқ белгилаш, барқарор божхона тизимини яратиш каби жиҳатлар акс этган.

Маълумки, бугунги кунда ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларининг божхона органлари билан ўзаро ҳамкорлигининг ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланишга асосланган замонавий шаклларини жорий қилиш катта аҳамиятга эга. Шу боис Кодексда Давлат божхона назоратининг ягона автоматлаштирилган ахборот тизими фаолиятининг тартиби ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланди. Мазкур тартиб божхона органларига тақдим этиладиган ҳужжатлар сонини сезиларли даражада қисқартиради. Бу эса, ўз навбатида, ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари томонидан товарларни божхонада расмийлаштириш тартиб-таомилларини анча енгиллаштиради. Божхона расмийлаштируви учун зарур ҳужжатларни электрон кўринишда тақдим қилиш, электрон декларациялаш ҳамда электрон рақамли имзодан фойдаланиш эса, табиийки, божхона назорати амалиётини кескин равишда соддалаштиради ва тезлаштиради.

Кодексда божхона тўловларига оид масалалар янада батафсил тартибга солинди. Жумладан, божхона тўловларини тўлаш тартиби ҳамда муддатларини белгилашга доир махсус боб ажратилган бўлиб, унда божхона тўловларини амалга ошириш муддатлари, тартиби ва шакли аниқ ифодаланди. Шунингдек, божхона тўловларининг тўланиши ҳамда давлат бюджетига ўтказиш расмиятчиликларининг соддалаштирилгани ушбу жараёнга сарфланадиган вақтни янада қисқартиришга имкон беради.

Божхона қонунчилигини бир хиллаштириш ва соддалаштириш мақсадида қабул қилинган ҳамда кучга кирган мазкур Кодекс божхона ишининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади.

 

«Халқ сўзи» мухбири 

Қобил ХИДИРОВ

ёзиб олди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn