Маҳалла сайлови иштирокчилари пухта билим эгалламоқда
  • 19 Апрель 2016

Маҳалла сайлови иштирокчилари пухта билим эгалламоқда

Маълумки, жорий йилнинг май — июнь ойларида бўлиб ўтадиган фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайловига пухта тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида”ги Қонуни асосида сайловнинг ошкоралик, муқобиллик ва тенглик принциплари асосида ўтиши учун зарур чоралар -кўрилаяпти. Шу билан бирга, ишчи гуруҳларнинг самарали фаолият юритиши учун барча шарт-шароит яратилмоқда.

Олий Мажлис Сенати Кенгашининг фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказишга кўмаклашувчи комиссияси томонидан жойларда уюштирилаётган “Фуқаролар йиғини раиси ва унинг маслаҳатчилари сайловининг ташкилий-ҳуқуқий асослари” мавзуидаги семинарлар ҳам ана шу мақсадга қаратилган. Муҳими, уларда қатнашаётган ҳудудий кўмаклашувчи комиссиялар аъзолари, уларнинг ҳузуридаги ахборот хизматлари вакиллари, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ҳудудий бўлимлари раислари, сайловни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича ишчи гуруҳлар раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари бўлажак сайловларни ташкил қилиш ва ўтказиш билан боғлиқ билимларини мустаҳкамламоқда.

Сурхондарё вилоятида бўладиган сайловда 832 нафар фуқаролар йиғини раиси ҳамда уларнинг 8500 нафардан зиёд маслаҳатчилари сайланиши режалаштирилган бўлиб, ушбу муҳим тадбирни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича барча фуқаролар йиғинида ишчи гуруҳлар тузилди.

— Ишчи гуруҳлар таркибига 6 минг нафардан ортиқ фуқаролар жалб қилинган бўлиб, уларнинг кўпчилиги катта тажриба ҳамда обрў-эътиборга эга фаоллардир, — дейди вилоят кўмаклашувчи комиссияси раиси Абдукарим Аҳмедов. — Улардан 40 фоизини хотин-қизлар ташкил қилади. Сайловларда вилоятнинг 

1,5 миллион нафардан кўпроқ аҳолиси бевосита ёки ўз вакиллари орқали қатнашиши кутилаяпти. Бу эса пухта тайёргарликни талаб этади. Семинар жараёнида маҳалла сайловининг қонунчилик асоси, кўмаклашувчи комиссиялар ва ишчи гуруҳларнинг вазифалари ҳамда бошқа долзарб масалалар малакали мутахассислар томонидан атрофлича таҳлил қилиб берилди. Бу эса сайловни юқори савияда ўтказишимизда қўл келади, деб ҳисоблайман.

Тошкент шаҳрида ташкил этилган семинарда ҳам фуқаролар йиғинлари сайловининг қонунчилик асослари баробарида, кўмаклашувчи комиссиялар ва ишчи гуруҳлар олдида турган долзарб вазифалар бўйича батафсил маълумот берилди. Айтиб ўтилганидек, мазкур сайловда пойтахтимиз бўйича 505 нафар фуқаролар йиғини раиси ва уларнинг 5 минг нафардан зиёд маслаҳатчиларини сайлаш режалаштирилган бўлиб, тайёргарлик ишлари шунга мос равишда изчил олиб борилмоқда. Жумладан, жойларда тузилган ишчи гуруҳлар самарали фаолият юритиши учун барча чоралар кўрилаяпти. Ҳозирги пайтга қадар улар хоналар ҳамда ҳуқуқий адабиётлар билан тўла таъминланди.

— Семинарда фуқаролар йиғини раислари ҳамда уларнинг маслаҳатчилари лавозимларига маҳалла тизимини яхши биладиган, республикамизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини аҳолига етказа оладиган, топширилган ишга масъулият билан ёндашадиган, ташаббускор, изланувчан, ўзининг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий билимини юксалтиришга интиладиган, халқ орасида алоҳида обрў-эътиборга эга фуқароларни танлаш билан боғлиқ масалалар очиб берилгани биз учун айни муддао бўлди, — дейди Яшнобод тумани “Илтифот” маҳалла фуқаролар йиғинидаги ишчи гуруҳ аъзоси Насиба Салиджонова. — Дарҳақиқат, ушбу масъулиятли лавозимларга муносиб фуқаролар сайланишини таъминлаш жуда муҳим. Негаки, шу фазилатларга эга раис ва унинг маслаҳатчилари маҳалланинг нуфузини янада ошириш ҳамда унинг ислоҳотлар жараёнидаги иштирокини кенгайтиришга муносиб ҳисса қўшади. Айни чоғда сайловга кўмаклашувчи комиссия аъзолари билан ҳамкорликда сайловни ташкил этиш ва ўтказиш масалалари юзасидан аҳоли ўртасида кенг тушунтириш ишларини олиб бормоқдамиз.

Сирдарё вилоятида бўлиб ўтган семинарда маҳалла институтининг жамият ривожи ҳамда мамлакат тараққиётидаги ўрни беқиёс эканлиги эътироф этилди. Шунингдек, унда сўнгги йилларда фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари фаолияти тобора такомиллашиб бораётгани таъкидланди. Бўлажак сайловлар маҳалла нуфузини янги босқичга кўтаришга хизмат қиладиган ижтимоий-сиёсий тадбир бўлгани боис унга пухта тараддуд кўрилаётир.

— Вилоятимиз бўйича 266 нафар фуқаролар йиғини раиси ва уларнинг 2 минг 600 нафардан зиёд маслаҳатчилари сайланиши мўлжалланмоқда, — дейди вилоят кўмаклашувчи комиссияси аъзоси ўайбулла Юсупов. — Шунинг ўзиёқ ушбу сайловнинг кўлами нечоғли кенг эканлигидан далолат беради. Семинарда сайловни ташкил этиш ҳамда ўтказиш тартиб-таомилларига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, унда қонунийлик ва очиқ-ошкораликни таъминлашнинг ҳуқуқий асослари тушунтирилди. Қолаверса, кўмаклашувчи комиссиялар ҳамда ишчи гуруҳлар вазифалари ҳақида сўз юритилганлиги иштирокчилар учун фойдали бўлди. 

— Сайловнинг ташкилий-ҳуқуқий асослари бўйича зарур маълумотларга эга бўлдик, — дейди Ширин шаҳри, Амир Темур номидаги маҳалла фуқаролар йиғинидаги ишчи гуруҳ раҳбари Эътибор Жонназарова. — Сайловга тайёргарлик ҳамда уни ўтказиш жараёнида ана шу тавсия ва фикр-мулоҳазалар фаолиятимизнинг асосий мезонига айланади.

Тошкент вилоятида ўтказилган семинарда мамлакатимизда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ўрни ҳамда нуфузи мустаҳкамланиб бораётгани, унинг ташкилий-ҳуқуқий асоси тобора такомиллаштирилаётгани, вазифа ва ваколатлари кўлами кенгайиб, давлат бошқаруви органлари билан ўзаро ҳамкорлиги фаоллашаётгани хусусида фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Тадбирда вилоят кўмаклашувчи комиссияси раиси Ҳожимурод Эрматов ҳудудда мазкур муҳим ижтимоий-сиёсий тадбирга тайёргарлик жараёни қандай бораётгани ҳақида кенг маълумот берди. Қайд этилдики, бўлажак сайловда вилоят бўйича 1158 нафар маҳалла раиси ҳамда уларнинг 11 мингдан ортиқ маслаҳатчилари сайланиши кутилмоқда. Бу эса сайловга ҳар жиҳатдан пухта ҳозирлик кўриш ва кўмаклашувчи комиссиялар ҳамда ишчи гуруҳлар масъулиятини янада кучайтиришни тақозо қилади.

— Туманимизда 60 нафар фуқаролар йиғини раиси ва уларнинг 540 нафардан зиёд маслаҳатчилари сайланади, — дейди Паркент тумани кўмаклашувчи комиссияси аъзоси Фахриддин Дадаматов. — Барча фуқаролар йиғинида ишчи гуруҳлар ташкил этилиб, муносиб номзодларни танлаш учун зарур шарт-шароитлар яратилди. Шинам ҳамда қулай хоналар ажратилиб, керакли ҳуқуқий адабиётлар етказиб берилди. Семинар ҳудудий -комиссия ва ишчи гуруҳлар аъзоларининг сайлов қонунчилигига оид билим ҳамда кўникмаларини янада бойитишга хизмат қилди.

Жиззах вилоятидаги тадбирда фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари лавозимига энг муносиб номзодларни танлаш, сайлов жараёнида очиқлик ҳамда ошкораликни таъминлаш асосий вазифалардан бўлиб, бу борада муайян ишлар бажарилаётгани таъкидланди. 

Семинарда кўмаклашувчи комиссиялар ва ишчи гуруҳлар ваколатлари, номзодлар учун қонунчиликда белгиланган талаблар, сайловни ташкил этиш ҳамда ўтказиш жараёнидаги устувор вазифалар соҳа мутахассислари томонидан чуқур таҳлил қилинди. Бу, албатта, кўмаклашувчи комиссиялар ва ишчи гуруҳлар фаолиятини самарали ташкил этиш, маҳалла сайловини юксак демократик тамойиллар асосида ўтказишда муҳим аҳамиятга эга.

— Аҳоли орасида обрў-эътибор қозонган, ташаббускор фуқаролар ишчи гуруҳ таркибига киритилди, — дейди ўаллаорол туманининг “Булоқбоши” қишлоқ фуқаролар йиғинидаги ишчи гуруҳ раҳбари Абдусаид Боймуродов. — Белгиланган режа асосида изчил фаолият олиб бораяпмиз. Ҳудудимизда яшовчи аҳоли фикридан келиб чиқиб, -фуқаролар йиғини раиси ва унинг маслаҳатчилари лавозимларига муносиб номзодларни кўрсатиш бўйича таклифлар тайёрлаш, туман кўмаклашувчи комиссияси билан ҳамкорликда сайловни юқори даражада ташкил этиш ҳамда ўтказиш юзасидан аҳоли ўртасида тушунтириш ишларини олиб бораяпмиз. Семинарда ўрганган билим ва кўникмаларимиз фаолиятимизни янада кучайтиришга хизмат қилади.

Фуқаролар йиғини раислари ҳамда уларнинг маслаҳатчилари сайловининг ташкилий-ҳуқуқий асосларига бағишланган бу каби семинарлар бошқа туман ва шаҳарларда ҳам ўтказилмоқда.

 

«Халқ сўзи» мухбирлари 

хабарлари асосида тайёрланди. 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn