Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар хавфсизлик кенгашлари котибларининг ўн биринчи йиғилиши тўғрисида ахборот
  • 15 Апрель 2016

Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар хавфсизлик кенгашлари котибларининг ўн биринчи йиғилиши тўғрисида ахборот

Тошкентда 2016 йил 13-14 апрель кунлари Ўзбекистон Республикаси раислигида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига (ШҲТ) аъзо давлатлар Хавфсизлик кенгашлари котибларининг ўн биринчи йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда Қозоғистон Республикаси Президентининг ёрдамчиси — Хавфсизлик кенгаши котиби Н. Ермекбаев, Хитой Халқ Республикаси Давлат кенгаши аъзоси Го Шэнкун, Қирғизистон Республикаси Мудофаа кенгаши котиби Т. Жумақодиров, Россия Федерацияси Хавфсизлик кенгаши котиби Н. Патрушев, Тожикистон Республикаси Хавфсизлик кенгаши котиби А. Қаҳҳоров, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби В. Маҳмудов, шунингдек, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби Р. Алимов ва ШҲТнинг Минтақавий аксилтеррор тузилмаси (МАТТ) Ижроия қўмитаси директори Е. Сисоев иштирок этди.
Дўстона ва амалий руҳда ўтган йиғилишда ШҲТ ҳудудида хавфсизлик ҳамда барқарорликни таъминлашга доир долзарб масалалар, терроризм, сепаратизм, экстремизм, қурол-яроғ ва наркотикларнинг ноқонуний айланиши, трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши курашиш, шунингдек, халқаро ахборот хавфсизлигини таъминлаш борасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш ва биргаликда ҳаракат қилиш механизмларини такомиллаштириш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.
Халқаро терроризм ва экстремизмнинг барча кўринишларига барча  давлатларнинг биргаликдаги кураши орқали барҳам бериш мумкинлиги ҳақида якдил фикр билдирилди.
Иштирокчилар 2016 йил 23-24 июнда Тошкент шаҳрида ўтказиладиган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг йиғилишига тайёргарлик ишлари ҳақида Ўзбекистон томонининг ахборотини тинглади. ШҲТнинг бўлажак саммити ташкилотнинг шартномавий-ҳуқуқий асосини такомиллаштириш ва хавфсизлик соҳасида халқаро ҳамкорликни янада кучайтиришда муҳим босқич бўлиши таъкидланди.
Йиғилишда Тошкент шаҳрида ўтадиган саммитда қабул қилиниши кўзда тутилаётган ШҲТнинг экстремизмга қарши курашиш конвенцияси, ШҲТга аъзо давлатлар ҳукуматлари ўртасида жиноятчиликка қарши курашиш бўйича 2016 — 2020 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик тўғрисидаги битимни амалга оширишга доир тадбирлар режаси, ШҲТга аъзо давлатларнинг наркотикларга қарши курашиш бўйича 2017 — 2022 йилларга мўлжалланган стратегияси ва уни бажариш бўйича Ҳаракат дастури лойиҳаларини имкон қадар тезроқ келишиб олиш муҳимлиги қайд этилди.
Йиғилиш иштирокчилари Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби ва МАТТ Ижроия қўмитаси директорининг ташкилотнинг хавфсизлик соҳасидаги фаолияти тўғрисида ахборотларини тинглади ва маълумот учун қабул қилди.
Йиғилиш якуни бўйича Шанхай ҳамкорлик ташкилотига  аъзо давлатлар Хавфсизлик кенгашлари котибларининг ўн биринчи йиғилиши протоколи имзоланди.


ЎзА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn