Юксак ҳуқуқий маданият
  • 13 Апрель 2016

Юксак ҳуқуқий маданият

қонун ҳужжатлари ижросини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга

Маълумки, Олий Мажлис Сенатининг яқинда бўлиб ўтган бешинчи ялпи мажлисида демократик, ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ислоҳотларни босқичма-босқич ва изчил чуқурлаштиришга, Конституциямиз қоидаларини амалда рўёбга чиқаришга, мамлакатимиздаги инвестициявий муҳитнинг жозибадорлигини оширишга, тадбиркорлик субъектлари учун янада қулай шарт-шароитларни яратишга, жамиятимиздаги барқарорлик ҳамда фаровонликни мустаҳкамлашга қаратилган қатор масалалар кўриб чиқилган эди.
Бугунги кунда сенаторлар томонидан ушбу масалаларнинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчилик, хусусан, ижрочиларга етказиш мақсадида жойларда учрашувлар ва бошқа қатор тадбирлар ўтказилмоқда. Уларда Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар моҳияти ҳамда аҳамияти, аҳоли турмуш даражасини юксалтириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида атрофлича сўз юритилиб, фуқароларнинг амалдаги қонунларни, шунингдек, давр талабидан келиб чиққан ҳолда уларга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларни пухта билиши, ҳуқуқий билим ҳамда маданиятини юксалтириш қонун ҳужжатлари ижросини таъминлашда ва бу борадаги саъй-ҳаракатларнинг самарадорлигини оширишда муҳим ўрин тутиши алоҳида кўрсатиб ўтилди.
— Мустақиллик йилларида мамлакатни модернизация қилиш, жамиятни янгилаш, давлат ҳокимияти ҳамда бошқаруви органлари фаолиятини такомиллаштириш, ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанатининг самарали тизимини шакллантириш, парламентнинг нуфузи ҳамда ролини юксалтириш, марказда ва жойларда ижро ҳокимиятининг масъулиятини кучайтиришга қаратилган тизимли ислоҳотлар ҳаётга изчил татбиқ этилмоқда, — дейди халқ депутатлари Фарғона вилояти Кенгаши депутати Раънохон Бойқўзиева. — “Парламент назорати тўғрисида”ги Қонун ҳам ушбу йўналишдаги саъй-ҳаракатларнинг мантиқий давоми ҳисобланади, десак, муболаға бўлмайди. Зеро, унга биноан Конституция ҳамда қонунларимиз ижроси устидан парламент назоратини рўёбга чиқаришнинг ягона механизми янада мустаҳкамланди. Қонунда, тадбирда айтиб ўтилганидек, парламент назоратининг субъектлари, объектлари, шакллари ва усуллари, шунингдек, парламент назорати натижалари бўйича қабул қилинадиган ҳужжатлар ўз ифодасини топган. Парламент назорати шаклларининг аниқ белгилаб қўйилиши эса қонун ижросини бир хилда таъминлаш, парламентнинг назорат-таҳлил фаолияти самарадорлигини юксалтиришга хизмат қилади. Қонун қоидаларининг жорий этилиши, шу жумладан, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари ижроси устидан парламент назоратини кучайтириш имкониятини кенгайтиради. Табиийки, бу жараёнда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлари ҳамда парламент аъзолари ўртасида ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш айни муддаодир.
Тадбирларда Сенат ялпи мажлисида кўриб чиқилган масалалар умумдавлат ва ҳудудлар манфаатларига хизмат қилиши алоҳида қайд этилди.
— Бугун юртимизнинг иқтисодий салоҳиятини юксалтириш, аҳоли фаровонлигини ошириш, ҳудудларни ҳар томонлама ривожлантириш ҳамда иш ўринларини ташкил қилишда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга устувор эътибор қаратилмоқда, ўз навбатида, соҳанинг ҳуқуқий асоси изчил такомиллаштирилаяпти, — дейди Сайхунобод туманидаги “Улуғбек” кичик корхонаси раҳбари Улуғбек Ниёзов. — Янги таҳрирдаги “Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида”ги Қонун ҳам ана шу мақсадга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Унда бухгалтерларнинг жамоат бирлашмаларини тузиш имконияти тўғрисидаги норманинг қонунчилик йўли билан мустаҳкамланиши, соҳа вакилларининг фикрича, бухгалтерларнинг умумий манфаатларини ифодалаш ҳамда муҳофаза этиш учун зарур шарт-шароитлар яратади. Энг муҳими, қонун жойларда ижтимоий-иқтисодий тараққиётга катта ҳисса қўшаётган тадбиркорлик субъектларида бухгалтерия ҳисобини янада такомиллаштириш имконини беради. Тадбирда қонунчиликка киритилаётган барча янгилик хусусида тўлиқ маълумот олдик.
Тадбирларда, шунингдек, парламент палаталари Кенгашларининг қўшма қарори билан ташкил қилинган Сенатнинг прокуратура органлари фаолияти устидан назорат қилувчи комиссияси фаолиятининг асосий йўналишлари, уни тузишдан кўзланган мақсад ҳақида батафсил ахборот берилди.
— Президентимиз ташаббуси билан Сенатнинг прокуратура органлари фаолияти устидан назорат қилувчи комиссияси тузилиши мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳамда қонуний манфаатларини, қонун устуворлиги ва қонунийликни таъминлаш борасида қатъий ислоҳотлар олиб борилаётганини кўрсатади, — дейди халқ депутатлари Наманган вилояти Кенгаши депутати Наргиза Муҳаммадиева. — Бу Сенатнинг ваколат ҳамда имкониятларини кенгайтириш билан бир қаторда, қонун ҳужжатлари ижроси устидан тизимли назоратни, прокуратура органларининг ўз вазифаларини қатъий бажаришида парламент ва жамоатчилик назоратининг кучайишини таъминлайди. Асосийси, умумдавлат ҳамда ҳудудлар манфаатларига тамомила мос келади.
Тадбирларда Сенат ялпи мажлисида кўриб чиқилган масалаларни қуйи бўғинларда, хусусан, фуқаролар йиғинларида, таълим муассасаларида, меҳнат жамоаларида ҳам кенг тушунтириш зарурлиги таъкидланди.


«Халқ сўзи» мухбирлари
хабарлари асосида тайёрланди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn