Изчил ислоҳотларнинг қонуний асоси
  • 13 Апрель 2016

Изчил ислоҳотларнинг қонуний асоси

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси йиғилиши яқинда эълон қилинган Корпоратив бошқарув кодексининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини тушунтириш масаласига бағишланди.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда акциядорлик жамиятлари фаолиятини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилиб, унинг ҳуқуқий асослари яратилмоқда. Шу маънода айтганда, Корпоратив бошқарув кодекси ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилиш, техник ҳамда технологик қайта жиҳозлаш, рақобатдош маҳсулот ишлаб чиқариш ва уни ташқи бозорларга экспорт қилиш мақсадларини кўзлайди ҳамда бунда муҳим аҳамият касб этади.
Йиғилишда ушбу Кодексда белгиланган меъёрларга атрофлича тўхталиб ўтилди. Қайд этилганидек, у акциядорлар учун ёзма ва электрон мурожаатлар юбориш, акциядорларнинг уланиш манзиллари ҳамда банк реквизитлари ўзгаргани тўғрисидаги ахборотни йўллаш орқали уларнинг акциядорлик жамияти билан алоқасини соддалаштиради. Бу  уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини, акциядорларнинг акция эгалари улушидан қатъи назар, тенг ҳуқуқлилик асосида бошқарувда ҳамда қарорлар қабул қилишда амалий иштирок этишини таъминлашга хизмат қилади.
Бундан ташқари, мазкур ҳуқуқий ҳужжат акциядорлик жамиятларини бошқариш тизимидаги тамойиллар ва ёндашувлар тубдан ўзгаришига, ишлаб чиқариш, ташқи иқтисодий ҳамда инвестиция соҳаларига корпоратив бошқарувнинг замонавий усулларини жорий этишга, халқаро стандартларнинг имплементация қилинишига имкон беради.
Тадбир иштирокчилари билдирганидек, айни вақтда барча акциядорлик жамиятида йил давомида Корпоратив бошқарув кодекси қоидалари ва тамойилларига риоя этиш устидан назорат тизими жорий қилинади ҳамда ҳар бир молия йили натижалари бўйича акциядорлик жамиятлари фаолияти самарадорлигини баҳолаш юзасидан комплекс таҳлил амалга оширилади, аниқ таклифлар ишлаб чиқилади.
Қўмита йиғилишида давлатимиз раҳбарининг 2015 йил 23 январдаги парламент палаталарининг қўшма мажлисидаги маърузасида белгилаб берилган вазифалардан келиб чиққан ҳолда, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2016 йилга мўлжалланган ташкилий ҳуқуқий тадбирлари, қонун ижодкорлиги ва назорат-таҳлил ишлари дастурига мувофиқ, “Аудиторлик фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг Фарғона вилоятида ижро этилиши ҳолати ўрганилишини ташкил қилиш масаласи ҳам муҳокама этилди.
Айтиб ўтилганидек, ушбу масалани ўрганишдан мақсад вилоятдаги инвестиция иқлими ва “Аудиторлик фаолияти тўғрисида”ги Қонун ижроси ҳолатини тизимли мониторинг қилишдан иборат бўлиб, бунда хорижий амалиётни ҳисобга олган ҳолда, қонунчиликни янада такомиллаштириш бўйича таклиф ҳамда тавсиялар ишлаб чиқиш назарда тутилади.
Қўмитада йиғилиш якунлари бўйича тегишли қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш юзасидан таклифлар тайёрлаш, шу жумладан, корпоратив бошқарув механизмларини такомиллаштириш, акциядорлик жамияти барча аъзосининг жамият бошқаруви ишларида тенг қатнашиши кафолатларини таъминлаш, шунингдек, жамият фаолияти тўғрисида ахборот олиш ҳамда фойдани тақсимлашга қаратилган тавсиялар ишлаб чиқилди. 


Зиёда АШУРОВА.




Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn