Минтақавий хавфсизликни таъминлашнинг муҳим механизми
Версия для печати
  • 12 Апрель 2016

Минтақавий хавфсизликни таъминлашнинг муҳим механизми

Ўзбекистоннинг Шанхай ҳамкорлик ташкилотида раислиги доирасида жорий йилнинг 13 — 14 апрель кунлари Тошкент шаҳрида ШҲТга аъзо давлатлар Хавфсизлик кенгашлари Котибларининг учрашуви ўтказилади. Ушбу йиғилиш чоғида трансмиллий таҳдидлар, шу жумладан, терроризм, экстремизм, гиёҳвандлик моддаларини ташиш, трансчегаравий жиноятчиликка қарши курашиш масалалари муҳокама қилинади.

Ўзбекистон ШҲТ фаолиятининг устувор йўналиши сифатида белгиланган, юқорида кўрсатилган таҳдидлар билан қатъий ва тизимли курашни қўллаб-қувватлайди. Хавфсизлик кенгашлари Котиблари мажлислари институти мамлакатимиз ташаббусига кўра ташкил қилинган бўлиб, биринчи учрашув 2004 йили Тошкент шаҳрида ўтказилган эди. ШҲТ мамлакатлари Хавфсизлик кенгашлари раҳбарларининг йиғилишлари Ташкилот доирасида хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликнинг мувофиқлаштирувчи-консультацион механизми ҳисобланади.

Қайд этиш жоизки, ушбу учрашувлар хавфсизлик жабҳасидаги вазиятни ўрганиш, таҳлил қилиш ва баҳолашда, ШҲТ мамлакатларининг хавфсизлик ҳамда барқарорликка таҳдидларга қарши курашиш бўйича саъй-ҳаракатларини мувофиқлаштириш, улар ўртасидаги сиёсий мулоқотни чуқурлаштиришда муҳим аҳамият касб этади. Мазкур мулоқотлар доирасидаги музокаралар анъанавий ва янги таҳдидларга ўз вақтида жавоб қайтариш юзасидан якдил ҳамда ўзаро мақбул ёндашувларнинг ишлаб чиқилишига хизмат қилади. Бу, ўз навбатида, Ташкилотнинг ШҲТ кенг маконида тинчликни ва барқарор тараққиётни таъминлаш йўлидаги фаолияти амалий самарадорлигининг ортишига кўмаклашади.

Ушбу йўналишдаги ишлар Терроризм, сепаратизм ва экстремизмга қарши кураш тўғрисидаги Шанхай конвенцияси, ШҲТга аъзо давлатларнинг терроризм, сепаратизм ҳамда экстремизмга қарши курашиш бўйича ҳамкорлик концепцияси, ШҲТнинг терроризмга қарши Конвенцияси, шунингдек, ШҲТга аъзо давлатларнинг терроризм, сепаратизм ва экстремизмга қарши курашиш бўйича 2016 — 2018 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури ҳамда бошқа ҳужжатлар асосида амалга оширилмоқда.

Бугун дунёда юзага келган вазият радикал мафкураларнинг глобаллашуви, диний экстремизмнинг тарқалиши, халқаро терроризм хавфининг ортиши билан характерланади. Шуни ҳисобга олган ҳолда, ШҲТга аъзо давлатларнинг хавфсизлик соҳасидаги саъй-ҳаракатларини мувофиқлаштириш зарурати янада ортмоқда.

Бинобарин, Ўзбекистон Республикаси ШҲТнинг Минтақавий аксилтеррор тузилмаси (ШҲТ МАТТ) доирасида кўп томонлама ҳамкорликни изчил ривожлантиришга муҳим аҳамият қаратади. Тошкент шаҳрида 2004 йилдан буён фаолият кўрсатиб келаётган ушбу тузилма Ташкилотга аъзо давлатлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг минтақада барқарорликни таъминлаш бўйича саъй-ҳаракатларини жипслаштириш ва улар ўртасида амалий ҳамкорликни кенгайтириш борасида самарали восита ҳамда мустаҳкам платформа сифатида хизмат қилади.

Жорий йилнинг 8 апрель куни мамлакатимиз пойтахтида ШҲТ МАТТ Кенгашининг навбатдаги — йигирма саккизинчи мажлиси бўлиб ўтди. Унда ШҲТга аъзо давлатларнинг терроризм, сепаратизм ва экстремизмга қарши курашиш бўйича 2013 — 2015 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастурини амалга ошириш якунлари ҳамда бошқа ҳужжатлар ижроси муҳокама этилди. Учрашувда, шунингдек, 2016 йилнинг IV чорагида ШҲТга аъзо ҳамда кузатувчи давлатлар делегациялари иштирокида Халқаро терроризм ва экстремизмга қарши курашиш соҳасидаги ҳамкорлик масалаларига бағишланган илмий-амалий конференцияни ўтказишга келишиб олинди.

Марказий Осиёда хавфсизликни мустаҳкамлашда гиёҳвандлик моддаларини трансмиллий ташишга қарши курашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Тасдиқланган режа асосида наркотик моддаларнинг ноқонуний олди-сотдиси орқали террористик ва экстремистик ташкилотлар фаолиятини молиялаштириш каналларини аниқлаш ҳамда бартараф этиш борасида тизимли ишлар олиб борилаётир.

Ҳозирги вақтда ШҲТга аъзо давлатларнинг 2017 — 2022 йилларга мўлжалланган Наркотикларга қарши кураш стратегияси ва унинг ижроси бўйича Ҳаракатлар дастури, Жиноятчилик билан курашда ҳамкорлик ҳақидаги битимни бажариш бўйича Тадбирлар режаси ишлаб чиқилмоқда. ШҲТ МАТТ доирасида Экстремизм билан кураш бўйича концепция лойиҳаси кўриб чиқилаётир. Ушбу ҳужжатларнинг қабул қилиниши Ташкилотга аъзо давлатлар ўртасидаги ШҲТ маконида тинчлик, осойишталик ҳамда -изчил ривожланишни таъминлашдаги ўзаро ҳамкорликнинг ҳуқуқий асосини такомиллаштиришга хизмат қилиши, шубҳасиз.

Маълумки, бугун ахборот-коммуникация технологиялари жадал равнақ топиб, улар давлат ва жамиятнинг барча жабҳасига кириб бораяпти. Шуни назарда тутган ҳолда, ШҲТга аъзо давлатлар Хавфсизлик кенгашлари Котиблари учрашувлари чоғида мунтазам равишда АКТдан вайронкор мақсадлар йўлида фойдаланилишини бартараф этиш ҳамда халқаро ахборот хавфсизлигини мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинади. Ушбу йўналишда Ташкилотга аъзо мамлакатлар ўртасида ҳамкорлик дастурлари ишлаб чиқилиб, муайян чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Хулоса сифатида айтиш мумкинки, ШҲТга аъзо давлатлар Хавфсизлик кенгашлари вакиллари ўртасида йўлга қўйилган доимий мулоқот ШҲТнинг замонавий таҳдидларга қарши кураш самарадорлигини янада юксалтириш, аъзо мамлакатлар манфаатларини ўзаро ҳурмат қилиш, халқаро ҳуқуқий меъёр ва тамойилларнинг устуворлиги асосида минтақада тинчлик ҳамда осойишталикни таъминлаш юзасидан ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

 

«Жаҳон» АА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn