Сайловга тайёргарлик — масъулиятли жараён
  • 12 Апрель 2016

Сайловга тайёргарлик — масъулиятли жараён

Шу йилнинг май — июнь ойларида бўлиб ўтадиган фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайловига мамлакатимиз бўйлаб пухта тайёргарлик кўрилмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказишга кўмаклашувчи комиссияси томонидан жойларда “Фуқаролар йиғини раиси ва унинг маслаҳатчилари сайловининг ташкилий-ҳуқуқий асослари” мавзуида семинарлар ўтказилаётир. Мазкур тадбирларда Олий Мажлис Сенати Кенгаши кўмаклашувчи комиссияси, ҳудудий кўмаклашувчи комиссиялар аъзолари, уларнинг ҳузуридаги ахборот хизматлари вакиллари, “Маҳалла” хайрия жамоат фондининг ҳудудий бўлим ҳамда бўлинмалари раислари, сайловни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича ишчи гуруҳлар раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашмоқда.

Самарқандда ўтказилган семинарда таъкидланганидек, юртимизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар самараси ўлароқ, бугунги кунда жамиятимиз ривожида фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ўрни ҳамда аҳамияти тобора ортиб бормоқда. Бунда маҳалла институти фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий асослари -такомиллаштирилгани, унинг ваколатлари, олдига қўйилган вазифалар кўлами кенгайиб, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ҳамда фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан мустаҳкам ҳамкорликнинг йўлга қўйилгани муҳим омил бўлмоқда. Буни вилоятдаги маҳаллалар фаолияти мисолида ҳам кўриш мумкин. Ҳозирги кунда улар илгари маҳаллий давлат ҳокимияти органлари зиммасида бўлган ўттиздан ортиқ ижтимоий-иқтисодий масалаларни, вазифаларни бажариб, фуқаролик жамияти институтининг муҳим бўғини сифатида ўзини ҳар жиҳатдан тўлиқ намоён этаяпти.

— Фуқаролар йиғинида сайловга ҳозирлик ишлари изчил олиб борилаётир, — дейди Пастдарғом тумани “Дўрмонтепа” қишлоқ фуқаролар йиғинидаги сайловни ўтказиш бўйича ишчи гуруҳ раиси В. Раҳимов. — Айни пайтгача ишчи гуруҳ хизмат хонаси, транспорт ва алоқа воситалари ҳамда сайловга доир ҳуқуқий ҳужжатлар, зарур маълумот ва адабиётлар билан тўлиқ таъминланди.

Овоз бериш хонаси, бюллетенлар ҳам тайёр қилиб қўйилди. Шу кунларда эса аҳоли ўртасида тарғибот ишларини олиб бораяпмиз, фуқаролар йиғини ҳудудидаги кўчалар аҳолисининг фуқаролар вакиллари сайлови бўйича умумий йиғилишларини ўтказаяпмиз. Семинарда сайловни ташкил этиш ҳамда ўтказиш билан боғлиқ билимимизни янада мустаҳкамладик. Бу, албатта, муносиб кишиларни фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари лавозимларига номзодлар сифатида кўрсатишда ҳамда сайлаш жараёнида асқатишига ишонаман.

Бухорода ташкил қилинган семинарда бўлажак сайлов унда иштирок этадиган ҳар бир кишидан катта билим ва масъулиятни талаб этиши алоҳида таъкидлаб ўтилди. Шунингдек, фуқаролар йиғини раислари ва уларнинг маслаҳатчилари лавозимларига эл-юрт ҳурматини қозонган, ҳаётий тажрибага эга, ташаббускор фуқароларни кўрсатиш ҳамда сайловни ошкоралик руҳида ўтказиш бўйича мулоҳазалар билдирилди. Кўмаклашувчи комиссиялар ва ишчи гуруҳларнинг вазифалари ҳамда бўлажак сайловни ташкил этиш ва ўтказишнинг ҳуқуқий асослари тўғрисида батафсил маълумот берилгани ҳам қатнашчилар учун айни муддао бўлди.

— Фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг жамиятимиздаги ўрни тобора ошиб бормоқда, — дейди вилоят кўмаклашувчи комиссияси аъзоси, “Маҳалла” хайрия жамоат фондининг вилоят бўлими бошқаруви раиси М. Тоиров. — Ҳозирги пайтда фуқаролар йиғинлари жойларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини мустаҳкамлаш, ҳудудларни комплекс ривожлантириш, оилаларни, айниқса, ёш оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, “Оила — маҳалла — таълим муассасаси” ҳамкорлигини самарали йўлга қўйиш каби устувор вазифалар ижросида фаол қатнашиб келмоқда. Шунинг ўзиёқ ишчи гуруҳлар томонидан фуқаролар йиғини раислари ва уларнинг маслаҳатчилари вазифасига номзодларни кўрсатишга ўта масъулият билан ёндашишни талаб қилади. Семинарда шу каби масалалар бўйича фикрлашиб олингани кўмаклашувчи комиссиялар аъзолари ҳамда ишчи гуруҳларнинг раҳбарлари учун фойдали бўлди.

Урганчда уюштирилган семинарда Хоразм вилоятида сайловга пухта тараддуд кўрилаётгани алоҳида таъкидланди. Айни чоғда сайловни ўтказишга кўмаклашувчи комиссиялар ва ишчи гуруҳларнинг асосий вазифалари, сайловни ташкил этиш ҳамда ўтказишнинг ташкилий-ҳуқуқий асослари, фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари лавозимларига муносиб номзодларни кўрсатишнинг аҳамияти, сайловни ўтказиш тартиби ҳамда якунларини эълон қилиш, ушбу муҳим ижтимоий-сиёсий -жараённи ОАВда ёритишнинг ўзига хос хусусиятлари ҳам мутахассислар томонидан чуқур таҳлил этилди.

— Бўлажак сайлов маҳалланинг нуфузини янада ошириши, пировардида фуқаролик жамиятини шакллантиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир, — дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фондининг вилоят бўлими бошқаруви раиси ўринбосари Б. Машарипов. — Зеро, сайловда вилоятимиз бўйича 601 нафар фуқаролар йиғини раиси ва уларнинг 5 мингдан зиёд маслаҳатчилари сайланади. Ушбу масъулиятли лавозимларга халқ орасида обрў-эътибор қозонган, одамларни ортидан эргаштира оладиган фуқароларнинг сайланиши юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни янада жадаллаштириш, халқимиз турмуш фаровонлигини юксалтириш жараёнларида маҳалла институтининг фаол иштирокини таъминлашда алоҳида ўрин тутади. Самимий мулоқот тарзида кечган семинарда шулар хусусида атрофлича сўз юритилди. Унда сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш ишларини қонун ҳужжатлари талаблари асосида ташкил этиш бўйича берилган тавсиялар олдимизда турган ушбу муҳим ижтимоий-сиёсий тадбирни юқори -савияда ўтказишимизда қўл келади.

— Мутахассислар томонидан билдирилган фикр-мулоҳазалар ҳамда тавсиялар кўмаклашувчи комиссиялар ва ишчи гуруҳларнинг фаолиятида дастуриламал вазифасини ўтайди, — дейди Урганч туманининг “Қорамон” қишлоқ фуқаролар йиғинидаги ишчи гуруҳ раиси М. Бобожонов. — Шу маънода, бу семинар биз учун ўзига хос тажриба мактаби бўлди, дейиш мумкин.

Қарши шаҳрида ташкиллаштирилган семинарда сайловда вилоят бўйича 660 нафар фуқаролар йиғини раиси ва уларнинг 6 минг нафардан зиёд маслаҳатчиси сайланиши режалаштирилгани айтиб ўтилди. Ҳозирги пайтда сайловга тайёргарлик ишлари -“Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги ҳамда “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида”ги Ўзбекистон Респуб-ликаси қонунларига мувофиқ ҳолда изчил олиб борилмоқда.

— Жамиятимизни ислоҳ этиш ҳамда демократлаштириш, мамлакатимизни модернизация қилиш жараёни тобора чуқурлашиб бораётган бир шароитда ўтказилаётган мазкур сайловни юқори савияда ташкил этиш, унда қонунийлик, очиқ-ошкораликни таъминлаш алоҳида аҳамиятга эга, — дейди вилоят кўмаклашувчи комиссияси раиси И. Аброров. — Айниқса, фуқаролар йиғини раиси ва унинг маслаҳатчилари лавозимига номзодларни танлашда шу тамойилларга амал қилиш муҳим ҳисобланади. Семинарда кўмаклашувчи комиссия ҳамда ишчи гуруҳларнинг фаолиятига доир маълумотларга кенг ўрин берилди. Мутахассислар томонидан фуқаролар йиғини сайловининг қонунчилик асослари, унинг ўзига хос хусусиятлари ва бошқа мавзулар атрофлича таҳлил этилгани барча иштирокчи учун фойдали бўлди, деб ҳисоблайман.

Семинарда жойларда ташкил қилинган ишчи гуруҳларнинг фаолиятини самарали йўлга қўйиш борасида амалга оширилаётган ишлар баробарида, истиқболдаги вазифалар ҳақида ҳам аниқ тавсиялар берилди.

— Фуқаролар йиғини раиси ҳамда унинг маслаҳатчилари лавозимлари учун кўрсатилаётган номзодларнинг билим ва тажрибасига алоҳида эътибор қаратаяпмиз, — дейди Қарши шаҳар “Дарвозатутак” маҳалла фуқаролар йиғинидаги ишчи гуруҳ раиси О. Эшонқулов. — Чунки уларнинг орасидан сайланганлари келгусида фуқаролар йиғинидаги жамоатчилик комиссияларига раҳбарлик қилади. Шундай экан, ҳар томонлама муносиб, ташаббускор фуқароларни номзод қилиб кўрсатиш жуда муҳим.

Навоий шаҳрида уюштирилган семинарда фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар жараёнидаги иштирокини кенгайтириш юзасидан муҳим чора-тадбирлар кўрилаётгани, хусусан, маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, аҳоли ўртасида ўзаро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, эҳтиёжманд оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида салмоқли ишлар амалга оширилаётганига эътибор қаратилди. Бўлажак сайловда муносиб номзодларнинг фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сифатида сайланиши келгусида маҳалла институтининг аҳоли ўртасидаги нуфузини янада -мустаҳкамлашга хизмат қилиши, шубҳасиз. Шундан келиб чиқиб, ҳудудда ишчи гуруҳлар учун зарур шарт-шароитлар яратиш баробарида, аҳоли ўртасида кенг кўламли тушунтириш-тарғибот ишлари олиб борилаяпти.

— Маҳалламизда фуқаролар йиғини сайловига тараддуд қизғин давом этмоқда, — дейди Кармана тумани “Бешкент” маҳалла фуқаролар йиғинидаги ишчи гуруҳ раиси Ш. Халилов. — Семинар ана шу мақсадга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Хусусан, фуқаролар йиғини раиси ҳамда унинг маслаҳатчилари лавозимига номзодлар кўрсатишда фуқароларнинг фикрларини инобатга олиш, маҳалла раислигига кўрсатилган номзодларнинг келгуси фаолият дастурлари билан яқиндан танишиш, номзодлар ҳа-қидаги ахборотни йиғин бинолари, гузарларга осиб қўйиш тартиб-таомиллари ва бошқа яна қатор масалалар юзасидан маълумотлар берилгани биз учун фойдали бўлди. Бу ерда олган билимларимиз фаолиятимиз самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Фуқаролар йиғинлари раислари ҳамда уларнинг маслаҳатчилари сайловининг ташкилий-ҳуқуқий асосларига бағишланган семинарлар жойларда давом этмоқда.

«Халқ сўзи» мухбирлари 

хабарлари асосида тайёрланди.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn