Қишлоқ хўжалигидаги таркибий ўзгаришлар — депутатлар муҳокамасида
  • 09 Апрель 2016

Қишлоқ хўжалигидаги таркибий ўзгаришлар — депутатлар муҳокамасида

Давлатимиз раҳбарининг мамлакатни 2015 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузасида қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда таркибий ўзгаришларни янада чуқурлаштириш, ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш 2016 йил ҳамда яқин истиқболга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг принципиал муҳим йўналишларидан бири эканлиги алоҳида таъкидлаб ўтилган.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитасида қўмита аъзолари, мутахассислар, экспертлар, тегишли вазирлик ҳамда идоралар вакиллари иштирокида юртимизда қишлоқ хўжалиги соҳасидаги қонунчиликни янада такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди.

Йиғилиш қатнашчилари мазкур соҳада туб ислоҳотлар амалга оширилаётгани, қўлга киритилаётган ижобий натижалар замирида селекция ишларини яхшилаш, ғўза ва бошоқли дон экинларининг истиқболли навларини яратиб, районлаштириш, замонавий агротехноло-гияларни ўзлаштириш каби омиллар мавжудлигини таъкидладилар.

Айниқса, қишлоқ хўжалиги хом ашёсини чуқур қайта ишлаш, етиштирилган маҳсулотларни сақлаш инфратузилмасини ривожлантиришга жиддий эътибор берилаётгани, аҳолини асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш, экспорт ҳажмини ошириш, энг муҳими, нарх-навони меъёрида сақлашга эришилаётганлиги эътироф этилди.

2016 йилда ер майдонларини оптималлаштириш масалалари долзарб бўлиб қолаётганлиги, шу муносабат билан ер участкаларини бериш масалаларини кўриб чиқиш комиссияларининг ролини кучайтириш, улар фаолиятидаги очиқликни янада таъминлаш зарурлигини ҳисобга олиб, қўмита аъзолари келгусида мазкур соҳадаги ишларнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга эътибор қаратдилар.

Қўмита аъзолари мамлакатимизда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ҳамда уларни муҳофаза қилиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга ҳам алоҳида тўхталиб ўтдилар. Бу масала юзасидан республика қишлоқ ва сув хўжалиги вазири ўринбосари Ш. Ҳамроевнинг ахбороти эшитилди.

Таъкидланганидек, сувдан самарали фойдаланишни ташкил этиш бўйича кўрилган чора-тадбирлар юртимизда суғориладиган ерларда 1 гектарга сарфланадиган сув ҳажмини 42 фоиздан ортиқроқ қисқартириш имконини берди. Шу билан бирга, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва уни тежайдиган технологияларни такомиллаштириш, янгиларини яратишга қаратилган ишларни, шу жумладан, илмий тадқиқотлар кўламини кенгайтириш, “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонун нормаларини бугунги кун талаб ҳамда эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда янада такомиллаштириш муҳим аҳамиятга эга экани билдирилди.

Тадбир якунида қўмита мазкур масала юзасидан тегишли қарор қабул қилди ва соҳада амалга оширилиши лозим бўлган долзарб вазифаларни белгилаб олди.

Зиёда АШУРОВА.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn